Жомнинг ободлик харитаси қишлоқ турмушига янгича мазмун баўишламоқда

/
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда ўтказиб келинаётган ўрганишлар қишлоқ инфратузилмасини янгилаш, маҳаллаларни обод этиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги, бандликка доир кўплаб муаммолар йиллар давомида тўпланиб қолганини кўрсатди.
Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда самимий қўллаб-қувватлашларга сабаб бўлаётган ташаббус — “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилаётган янгича тизимли бунёдкорлик ишлари, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, айниқса, узоқ йиллар эътибордан четда қолган маҳалла, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, бу ерда яшовчи оилаларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда давлат идоралари раҳбарлари масъулияти ва иштирокини кучайтириш инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган изчил сиёсатимизнинг муҳим ютуғига айланиб бормоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган айни шу йўналишдаги ободончилик, қурилиш ишлари юксак суръат ва сифати, кўз ўнгимизда амалий натижалари билан фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни янги бунёдкорликларга руҳлантирмоқда.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган Жом қишлоғида бошланган ўзгаришлар, бу ерда истиқомат қилаётган ҳар бир оиланинг ҳаётий эҳтиёжлари, талаб ва муаммолари атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги фикримизнинг тасдиғидир.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, юртимизнинг қадим турмуш анъаналарини сақлаб келаётган, табиат билан уйғунликда яшаётган Жом қишлоғи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғлаб турувчи чекка ҳудуд бўлиб, бу ердаги 6 та маҳаллада 30 минг нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммолар —масофанинг олислиги ва маҳаллаларнинг тарқоқ жойлашганлиги, бандликни таъминлаш масаласи, коммунал хизмат кўрсатишда ҳозиржавобликнинг етишмаслиги, суғориш имкониятлари чеклангани боис томорқа хўжалиги ривожланмаганлиги, аҳоли даромадларининг пастлиги турмуш кечиришда жиддий қийинчиликларни юзага келтираётган эди.
Эндиликда маҳаллалалар ҳаётидаги ижтимоий муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташкилотчилигида тузилган ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолатини чуқур ўрганиб, шу асосда махсус дастур ишлаб чиқди. Унга мувофиқ Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларини обод, намунали масканларга айлантириш бўйича лойиҳалар яратилди.
— Лойиҳани ишлаб чиқишда биз аввало тегишли соҳа мутахассислари ва бевосита аҳолининг талаб-таклифларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилдик, — дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Норқул Содиқов. — Лойиҳага мувофиқ ҳудуддаги маданият ва дам олиш маркази атрофида кўркам истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар барпо этиш, Жом бозорини меъморий талаблар бўйича қайта реконструкция қилиш, қишлоқ ҳудудидан ўтувчи 5,4 километр узунликдаги асосий йўлни асфальтлаш, 22 километрлик ички йўлларга қум-шағал ётқизиш белгиланди. Бундан ташқари, ҳудуддаги касб-ҳунар коллежи, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ҳам таъмирланиб, иккита қишлоқда замонавий маҳалла марказлари, “Нуронийлар маскани” ва иккита мактабгача таълим муассасаси барпо этиладиган бўлди.
Ҳозир Жомга келган киши эзгу мақсадни кўзлаб, фуқаролар манфаатларига йўналтирилган лойиҳаларнинг нечоғлик тезкорлик ва юқори сифат билан амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлади. Йўлсозлар барча зарур техника воситаларини жалб этган ҳолда йўлларни ривожлантириш ишларини бошлаб юборишган. Қурувчилар эса янги иморатларга ғишт қўйиб, тобора обод манзара яратишмоқда.
Жомдаги муҳим интилишлардан бири — аҳоли хонадонларида замонавий яшаш шароитини яратиш, коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилгандир. Шу мақсадда 1800 дан ортиқ хонадоннинг ҳолати ўрганилиб, барча уйларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланади. Уй-жойга эга бўлмаган ўнта оилага янги турар жой бинолари қуриб берилади. Шунингдек, 200 дан ортиқ оилага газ плитаси ва бошқа рўзғор буюмлари совға қилинади.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув минораси ўрнатиш, 500 метр масофага янги қувур ётқизиш ҳам лойиҳага киритилган. Бундан ташқари, электр таъминотидаги узилишларга барҳам бериш учун эски, яроқсиз симёғочлар ўрнига 1000 дона янги симёғоч, 15 та замонавий трансформатор ўрнатилади. Бугун 4300 хонадонни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш барқарор ҳолга тушганлигини алоҳида қайд этиш лозим.
— Жомдаги аҳволни ўрганиш чоғида 2700 нафар хонадон эгалари билан суҳбатлашдик, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Адолат” СДП фаоли Маҳмуд Бобоёров. — Мулоқот жараёнида 2000 дан ошиқ муаммолар қайд этилиб, уларнинг 430 таси жойида ҳал қилинди. Жумладан, 30 нафар кекса, ногирон шахсларнинг фуқаролик паспорти алмаштириб берилди. 60 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Бунёдкорлик ишлари тобора авж олаётган бу масканда ўтказилган Наврўз тантаналари ҳам барчага ажиб хурсандчилик бағишлади. Шу куни вилоят фаоллари, жамоатчилик вакиллари Жомга ташриф буюриб, аҳоли билан самимий учрашув, дилтортар тадбирлар ўтказишди. Вилоятдаги ҳомий ташкилотлар, тижорат банклари кам таъминланган оилаларга қорамоллар туҳфа қилишди. Қисқаси, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан жомликларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Улар шу азиз юрт равнақи йўлида иштиёқ билан меҳнат қилиш, бунёдкорликларни ўз шахсий интилишлари билан қўллаб-қувватлашга доим ҳозир эканликларини изҳор этдилар.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....
01 янв 1970
Олимлар ва илғор фикрли кишилар дунёдаги гўзалликларни юзага чиқариш учун ғайрат қиладилар, яхши одатларни янгидан кашф этишга ўзларини бағишлайдил...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...