Тўқимачилик саноатида навбатдаги имтиёзлар

/
Болажон халқмиз. Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз. Чунончи, уларнинг истиқболи порлоқ бўлиши учун таълим-тарбия олишларига шароит яратамиз, шу жумладан, уларни фойдали озиқ-овқат, сифатли кийим-кечак билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда таъкидламасдан бўлмайди, боланинг жисмонан бақувват ва соғлом вояга етишида сифатли озиқ-овқат ва кийимнинг алоҳида ўрни бор. Бу икки тоифадаги маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлса, унданда яхши.
Зеро, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёзувли либосни кийган ҳар бир ҳамюртимиз бир томондан ишлаб чиқарувчи, тадбиркор ва ўз-ўзидан мамлакат ғазнасига келиб тушадиган даромадни кўпайтиришга ҳисса қўшса, иккинчи томондан бундай кийимларда вояга етган зурриётларимиз онг-шуурида Ватандан ғурурланиш ҳисси юқори даражага кўтарилади. Кишида фахр-ифтихор туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилувчи бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар эса халқ ва ҳукуматнинг доимий эътиборида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай эътиборнинг яна бир намунаси сифатида намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси Нодира ўуломова мазкур қарорда илгари сурилган мақсад ва вазифалар, белгиланган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берди:
—Ушбу қарорга биноан кредит берувчи тижорат банкларига Дастур доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича:
берилган кредитлар бўйича инвестиция даврида ҳисобланган фоизларни капиталлаштириш;
бир тармоқ корхоналарига бериладиган кредитларнинг максимал улуши бўйича ўрнатилган чекловларни ва бошқа корхоналарнинг устав капиталида тижорат банкларининг иштироки бўйича чекловларни қўлламаслик;
тижорат банкининг улушлари тўлиқ 100 фоизгача миқдорда бўлган, шу жумладан, инвестиция компанияларининг маблағлари ҳисобига шўъба корхоналарини, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш учун бошқа инвесторлар иштирокидаги корхоналарни бунёд этиш;
корхоналарнинг хорижий валютада шакллантирилган устав капиталидаги улушларини бозор қийматида (барча харажатлар ва инвестициялар суммасидан кам бўлмаган миқдорда) хорижий валютага сотиш ҳуқуқи берилди.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотиш 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинмоқда.
Ушбу қарорга асосан қуйидагилар:
республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу қарорнинг 2-иловасига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар;
хўжалик юритувчи субъектлар – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига четдан келтириладиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ўрнатилган технологик ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) 2020 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга озод қилинмоқда.
Шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар қуйидагилардан иборат солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилди:
микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ва мулк солиғи тўлашдан, ягона солиқ тўловидан, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш;
ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ва материаллар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, комиссия шарт-номалари асосида импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилиш;
ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган юқоридаги рўйхатга киритилмаган хомашё, материаллар ва фурнитурани импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) кечиктириш.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур қарор мамлакатимизда сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини ривожлантириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш ҳамда пахта толаси ва ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш, янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Саодат СОДИҚОВА,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 12-13 апрель кунлари “Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO &nda...
01 янв 1970
Замондошимиз — Самарқанд туманидаги “Гулобод” касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Усмонова “Президент асарларининг энг яхши б...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман кенгаши фаоллари ҳам маҳаллаларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этишга интилмоқдалар....
01 янв 1970
Тадбиркорлик ёки бизнес соҳасида даромад орттириш, ўзи ва ўзгалар рўзғорини фаровон қилишнинг сирлари кўп....