Масъулият билан ишлаш фаолият самарасини белгилайди

/
Ҳудудларда ечимини кутаётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига депутатлик сўрови киритиш депутатларнинг муҳим ваколатлари сирасига киради. Бугунги кунда маҳаллий Кенгаш депутатлари жамият тараққиёти, фуқаролар манфаатларини таъминлашда амалий аҳамиятга эга ҳисобланган бундай ваколатдан қай даражада фойдаланмоқда? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг ўтган йилдаги фаолиятига назар ташладик.
2016 йилда мазкур депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига 80 дан зиёд депутатлик сўровлари киритишди. Уларнинг асосий қисми ижтимоий ва коммунал соҳага тегишли масалаларни қамраб олган ва бу рақам ҳудудларда ўз ечимини топиши зарур бўлган муаммолар ҳақида маълум даражада тасаввур уйғотади. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатлари уларнинг депутатларга бўлган ишончини ҳам ифодалайди. Ишонч — масъулият ва куч демакдир. Айни шу хусусиятлар партия депутатларини фаоллик кўрсатиш, ҳар бир мурожаатда қайд этилган масалаларни синчиклаб ўрганишга ундамоқда. Фуқароларнинг мурожаати ва ҳудудларда аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, тегишли идораларга юборилган депутатлик сўровларининг ечимини топиш долзарб вазифага айланган. Айни пайтда киритилган депутатлик сўровларининг аксарияти ҳал этилди. Қолганлари юзасидан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилмоқда.
— Вилоят партия кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган сиёсий ўқувларда сайловчиларнинг ҳар бир мурожаатига эътиборли бўлиш ва ишончли вакиллар фаолиятида депутатлик сўровларининг роли нақадар муҳимлиги чуқур таҳлил этилиб, бу масалада масъулият кучайтирилганлиги ўз самарасини бермоқда, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Зуҳрахон Комилова. — Партия депутатларининг бу борадаги фаолияти ҳар чоракда жиддий сарҳисоб қилиб борилади. Шуни таъкидлаш жоизки, депутатлик сўровларининг ўрганилиши ва ўз вақтида ҳал этилишини депутатлар белгиланган тартибда назорат қилишади.
Албатта, масъулият билан ишлаш фаолият самарасини белгилайди. Шу ўринда амалий ишларга доир айрим мисолларни келтириб ўтсак. Жумладан, депутат З.Комиловага Избоскан туманидаги “Ойбек” маҳалласида яшовчи фуқаролар ва “Тўрткўл — Пойтуғ” автомобиль йўли бўйида жойлашган 1-умумтаълим мактаби жамоаси мазкур йўлда машиналар серқатновлиги, аҳоли, айниқса, болалар учун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини айтиб, ушбу ҳудудда йўл белгилари ўрнатилиши масаласида мурожаат қилишган эди. Депутат томонидан туман ИИБ раҳбарига киритилган депутатлик сўрови натижасида ушбу автомагистралнинг тегишли қисмига йўл белгилари ўрнатилиб, йўловчилар ва транспорт воситалари учун ҳаракат хавфсизлиги таъминланди.
Шунингдек, тумандаги “Луғумбек” қишлоғи аҳолисининг мурожаати асосида З.Комилова қишлоқ хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришдаги узилишларни бартараф этиш юзасидан Избоскан туман газ идораси раҳбарига депутат сўрови киритди. Мутахассислар томонидан бу масала тезда ўрганилиб, аҳолини қийнаётган муаммо ҳал этилди.
Илҳомжон Абдулазизов партия депутатлик гуруҳининг фаол ва ташаббускор аъзоларидан бири саналади. Асака туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолини электр энергияси таъминотида мавжуд нуқсонлар қийнаётганди. 20-“Автомобилчи” сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат Илҳомжон Абдулазизов бу масалани ўрганиб, Асака туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига депутат сўрови билан мурожаат қилди. Тез орада ушбу корхона мутахассислари мавжуд трансформатор маҳаллада аҳоли сони ортгани сабаб талабга жавоб бермаётганини аниқлашди ва унинг ўрнига катта кучланишли трансформатор ўрнатилди. Айни пайтда маҳалладаги хонадонлар электр энергияси билан мунтазам таъминланмоқда.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ҳам партия депутатларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Партия гуруҳи аъзоси, 2-“Темирйўлчилар” сайлов округидан сайланган депутат Бахтиёржон Комилов томонидан бу борада фуқароларнинг 16 та мурожаатида баён этилган масалалар ўз ечимини топганлиги фикримиз далилидир. Шу ўринда бир мисол: Андижон шаҳар “Шўрбулоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Қўчқорбой Йўлдошев тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банк муассасасидан кредит олиш масаласида депутат ёрдам кўрсатишини сўраганди. Б.Комилов депутат сўрови билан чиққач, масала ечим топиб, тадбиркор “Микрокредитбанк” АТБ томонидан берилган 10 миллион сўм кредит маблағи асосида ўз фаолиятини йўлга қўйиб, мебель ишлаб чиқармоқда. Натижада 3 та иш ўрни ҳам яратилди.
Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Аъзам Авасхоновнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати И.Абдулазизовга қилган мурожаатида имтиёзли кредит олиш масаласи баён қилинган эди. Мазкур мурожаат асосида И.Абдулазизов “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Андижон минтақавий филиалига депутат сўрови билан чиқди. Натижада А.Авасхоновга 13 миллион сўм кредит ажратилиб, ёш тадбиркор ўз фаолиятини бошлади. Айни вақтда тадбиркор томонидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Андижонлик партия депутатлари фаолиятидан бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Энг муҳими, халқ ишонч билдирган фаол ва фидойи сафдошларимиз сайловчилар билан ҳамнафас яшаб, уларнинг ишончини оқлашга астойдил интилмоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бугунги кунда фуқаролар маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайланган депутатларнинг амалий ишларига қизиқиш ва ишонч билдираётгани бежиз эмас.&...
01 янв 1970
Сирдарё туманидаги “Интилиш” маҳалласида ишчи гуруҳ аъзолари фуқаролар билан суҳбатлашдилар, мулоқот чоғида сайловчилар ўртага ташлаган...
01 янв 1970
Бугун муҳтарам Президентимиз ўртага қўяётган муҳим масала — давлат хизматида бўлган ҳар бир раҳбар ва ходим, депутат ўзига юклатилган ваз...