Долзарб вазифалар муҳокама этилди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 декабрда имзоланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишда “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси олдида турган долзарб масалалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви идораларининг халқ билан бевосита мулоқотда бўлиши, аҳолининг барча қатламлари ичига кириб бориши ва уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиши масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланишида ҳам айни шу долзарб масаланинг ҳаётий мазмуни, эзгу мақсадларимиз мужассам.
Бугунги кунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни ҳаётга тўлақонли татбиқ этишнинг амалий механизмларини яратиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борада янги босқични бошлаб берди, ушбу ҳужжат халқ билан мулоқот қилишнинг аниқ механизмларини белгилаганлиги билан аҳамиятлидир.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси самарали фаолияти давомида давлат органларининг уларга келиб тушган мурожаатлар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, уларни қонуний тартибда кўриб чиқиш ва мурожаатларда келтирилган масалаларни ҳал этишда камчиликлар борлиги, бу борада муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга изчил йўналтириш зарурлиги яққол акс этди.
Фракция йиғилишида депутатлар томонидан Президентимиз фармонида белгиланган вазифалар ижроси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари зиммасига катта масъулият юклаши алоҳида қайд этилди. Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қаторида Олий Мажлис, хусусан, депутатлар билан мулоқот қилишида ҳам муҳим воситага айланиши эътироф этилди. Зеро, халқ билан мулоқотнинг мазкур янги тизими парламент аъзолари олдига долзарб вазифаларни қўймоқда.
Муҳокамаларда депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида виртуал қабулхона ишга тушганлигини ва ундан самарали фойдаланиш лозимлиги, шунингдек, ўз фаолиятида асосий эътиборни халқимизни ўйлантираётган масалаларга қаратиши, ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни такомиллаштириш, барча очиладиган виртуал қабулхоналар фаолиятида депутатлар фаол қатнашиши, сайёр қабулхоналарни ташкил этиш зарурлиги ҳақида сўз юритишди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари соҳасига доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, шунинг баробарида ушбу йўналишда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг янги механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан бир қатор таклифлар ўртага ташланиб, фикрлашиб олинди.
Фракция аъзолари мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, адолат устуворлигини таъминлашга доир ғояларига ҳамоҳанг эканини таъкидладилар. Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан партия фракциясининг позициясидан келиб чиқувчи долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Улуғбек РАСУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Саховат — инсонлардаги энг олий фазилат ҳисобланади. Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоллари ана шу қадриятни доимо амалга оширишга ...