Ҳуқуқий маслаҳат?

/
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини аниқлаш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
Ф.Турғунова, Тошкент шаҳри
— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси ўзига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ва варақаларини олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзод учун берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккитадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган икки номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида турли сабаблар (номзоднинг ўлими, номзоднинг соғлиғи ҳолати сайловда иштирок этишни истисно этадиган даражада ёмонлашганлиги ёки Қонунда белгиланган бошқа сабабларга кўра унинг номзоди олинганлиги ва шунга ўхшаш сабаблар) натижасида биттагина номзод иштирок этган тақдирда, бу номзод, агар у овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.
Сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.
Саволга ҳуқуқшунос А.РАҲМОНОВ жавоб берди.
 
— Жисмоний шахслар ўртасида кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади?
К.Аллаёров, Тошкент шаҳри
— Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни, “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 2010 йил 30 март) ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан расмийлаштирилиши белгиланган.
Мазкур Йўриқноманинг 136-бандига асосан мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилиши белгиланган:
- кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғмажилдининг асли қайтариб берилади;
- ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий прописка қилинган шахсларнинг розилиги.
Агар:
- кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;
- васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги;
- хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги;
- кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади;
- Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, мазкур банднинг учинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотномалар нотариус томонидан тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан идоралараро сўров орқали олинади.
Саволга Яккасарой тумани 4-сонли ДНИ нотариуси Феруза МУСАЕВА жавоб берди.
 
— Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Ўзим III гуруҳ ногирониман. Турмуш ўртоғим хасталикдан вафот этган. У ўлимидан бироз аввал барча мол-мулкини отаси ва укасига васият қилиб қолдирибди. Болаларимга отасининг мол-мулкидан ҳеч нарса тегмайдими?
О.Сариева, Қибрай тумани
— Фуқаролик кодексининг 1142-моддасида меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, унда мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз эр ёки хотин ва ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар деб кўрсатилган. Бу эса фарзандларингиз ҳам қонун бўйича, ҳам васият бўйича ворислик ҳуқуқининг субъектлари таркибига киришини англатади.
Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.
Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг фақат мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатан ҳақиқий хисобланади.
Демак, фарзандларингиз отасидан қолган мол-мулкдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга.
Саволга Қибрай тумани ДНИ нотариуси Гулноза АБДУСАЛОМОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган вазифаларни самарали бажариш, энг аввало, инсон омилига боғлиқ....
01 янв 1970
Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати да...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва к...
01 янв 1970
Сайловчилар манфаатлари йўлида жонкуярлик билан иш олиб бораётган халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депу...