Муаммолар ҳал этилмоқда

/
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири саналади. Бу эзгу мақсад маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳлари аъзоларини ҳам фаол ишлашга ундамоқда. Бу борада халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз фаолиятидан бир қанча мисоллар келтириш мумкин.
Жорий йилда депутатлик гуруҳимиз томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга киритилган депутатлик сўровларининг аксарияти ижобий ҳал этилди. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари аҳолининг ҳар бир таклиф ва мурожаатлари юзасидан масъулиятни чуқур англаган ҳолда иш олиб боришмоқда.
Бугунги кунда касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала партия депутатларининг ҳам диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, депутатлик гуруҳимиз аъзолари туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан ҳамкорликда “Меҳнат ярмарка”лари ташкил этиб, ёшларни тумандаги корхона, ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларига ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришга, “Ягона дарча” маркази билан биргаликда ёшларнинг ўз иш ўринларини очиши учун якка тартибдаги тадбиркорликни ташкил этишларига амалий ёрдам бермоқдалар. Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли ҳозиргача 50 нафар коллеж битирувчиси ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Биргина мисол келтириб ўтсак. Масалан, коллеж битирувчиси Ш.Боймуродова ўз тадбиркорлик фаолиятини ширинлик ишлаб чиқариш билан бошлади. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар имтиёзли кредитга эга бўлишларида партия гуруҳи банк муассасалари билан ҳамкорликда хайрли ишлар қилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунгача туман коллежларини битирган 11 нафар ёш мутахассисга бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришлари учун имтиёзли кредитлар берилди.
Депутатлик гуруҳига “15-Зафар” сайлов участкаси ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролар Зафар шаҳарчасидаги бир қатор асосий кўчалар таъмирталаб бўлиб қолганлиги боис транспорт воситалари ва йўловчилар учун ноқулайликлар вужудга келаётганлиги, шаҳарчанинг “Истиқлол” марказий кўчасида таксилар бетартиб тўхтаб туриши оқибатида йўлда тирбандликлар пайдо бўлаётганлиги, турли маҳсулотлар сотиш билан шуғулланувчилар йўл ва пиёдалар йўлаклари атрофида ноқонуний равишда савдо қилаётгани ҳам ноқулайликлар ва антисанитария ҳолатларини келтириб чиқараётгани, айрим кўчалар, айниқса, болалар боғчалари олдидаги йўлда огоҳлантирувчи белгилар, светофор ўрнатишга эҳтиёж сезилаётгани ҳақида мурожаат қилишган эди. Ушбу кўтарилган масалаларга қонуний ечим топиш мақсадида халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши, туман йўл қурилиш, ободонлаштириш бошқармалари, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари номига депутатлик сўрови киритилди. Тез орада мазкур ташкилотлар томонидан ушбу долзарб масалалар ўрганиб чиқилиб, “Гулистон”, “Бўстон” маҳаллаларидаги йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Айни кунларда эса тумандаги бошқа йўлларни таъмирлаш чора-тадбирлари туман молия бўлими томонидан молиялаштирилиб, маблағ ажратилмоқда ва бу зарур ишлар бирма-бир амалга оширилмоқда. Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳам депутатлик сўровимиздаги тегишли масалалар юзасидан қонуний чоралар кўришга киришилди.
Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Фарҳод Камоловнинг ташаббуси билан “Фарҳод” маҳалласидаги 33-мактабгача таълим муассасаси биносида иссиқлик тизимини таъмирлаш учун давлат бюджетидан 29800,0 минг сўм маблағ ажратилди. “Жумабозор” қишлоғида жойлашган 140 ўринли 10-мактабгача таълим муассасаси биносининг ташқи ва ички қисмини таъмирлаш учун ҳам 42000,0 минг сўм маблағ ажратилди.
“Қиёт” қишлоғининг айрим кўчаларидаги носозликларни бартараф этиш мақсадида туман йўл қурилиш бошқармаси раҳбарига киритилган депутатлик сўрови юзасидан ҳозирда мутасадди ташкилот вакиллари ўрганишлар олиб бормоқда.
Депутатлик гуруҳимизнинг яна бир аъзоси Ибодат Ўтамбоеванинг қатор ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, ижобий ечим топаётгани эътиборга молик. Жумладан, Бекобод туманидаги 7 та касб-ҳунар коллежи ва 57 та умумтаълим мактабининг тиббиёт хоналарини доимий фаолият юритадиган ҳамширалар билан таъминлаш тўғрисида туман ҳокимлиги ва туман хотин-қизлар қўмитасига, “Янгиқўрғон” қишлоғида ичимлик суви билан боғлиқ масала юзасидан туман “Сувоқава” филиалига, мазкур қишлоқ ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш хусусида туман ҳокимлигига киритилган депутатлик сўровларимиз мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, гуруҳимиз аъзолари партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини жойларда кенг тарғиб қилиш, партия мавқеини мустаҳкамлаш, аъзоларимиз сафини кўпайтиришга қаратилган тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва таклифлар мазмунини сайловчиларга чуқурроқ тушунтириш, партия номзодига аҳоли ўртасида ишонч ва хайрихоҳликни ошириш айни пайтда тарғибот ишларимизнинг энг муҳим йўналишига айланган.
Зоҳида СУВОНОВА,
халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.
01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. ...
01 янв 1970
Депутатларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари, дастурий ғоя ва вазифаларимизни рўёбга чиқаришида сайловчилар билан доимий мулоқоти, ҳаёт билан ҳамнафа...
01 янв 1970
“Бешбулоқ” маҳалласи аҳлининг кўпдан бери амалга ошмаётган орзулари эндиликда рўёбга чиқмоқда....