Замонавий, юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрлар — жамият барқарор ривожланишининг кафолати

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир ҳисобланади. Айни пайтда бошқа сиёсий рақобатчилари қатори Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаров ҳам ўзининг сайловолди дастурини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишга қаратилган сайловолди ташвиқотини қизғин давом эттирмоқда.
Жойларда ўтказилаётган юзма-юз мулоқотларда Наримон Умаровнинг сайловолди дастуридан ўрин олган устувор вазифалар қаторида ижтимоий соҳага, хусусан, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг саломатлиги, таълим-тарбияси ва ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишига қаратилган ғоя ҳамда ташаббуслар кенг жамоатчилик қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, Наримон Умаров адолатли жамиятнинг пойдевори сифатида кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишига қаратилган давлат ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Номзодимиз дастурида, айниқса, таълим тизимига чуқур эътибор берилгани ҳолда, “Замонавий, юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрлар — жамият барқарор ривожланишининг кафолати” ғояси асосида мамлакатимиз ёшларининг келажаги ҳамда тақдирига дахлдор долзарб таклифлар илгари сурилмоқда.
Биз бугун ХХI асрда — интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган глобаллашув ва интернет асрида, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси ҳамда кескинлиги тобора ортиб бораётган бир даврда яшаётганимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур, албатта. Шундай экан, Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори таълим соҳасини ҳам янада такомиллаштириб боришни даврнинг ўзи тақозо этаётир.
Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ҳамда тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, юртимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ҳамда кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласини принципиал ҳамда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.
Биз ўз олдимизга саноати юқори даражада ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, олий мактабларни тамомлаган, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратамиз.
Чунки олий маълумотли инсон давлатдан иш сўраб, ёрдам кутиб ўтирмайди, балки ўзининг ташаббускорлиги, зукколиги ҳамда уддабуронлиги, янгиликка интилувчанлиги билан янги иш ўринлари яратади, мамлакатнинг ривожланишида фаол иштирок этади.
Шундан келиб чиқиб, номзодимиз томонидан илгари сурилаётган аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга доир устувор вазифалар бугунги кунда таълим тизимида мавжуд бўлган, аҳолини ўйлантириб келаётган аниқ масалалар ечимига қаратилгандир.
Хусусан, Наримон Умаров халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ҳамда тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, битта синфда таълим оладиган ўқувчилар сонини оптималлаштириш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу ҳақда гап кетганда, шуни айтиш лозимки, ушбу таклиф кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Яъни мазкур ташаббус Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилиб, ўтган даврда Самарқанд ва Андижон вилоятларида тажриба тариқасида амалга оширилган “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси асосида аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этиш орқали бу борада ечимини кутаётган масалалар чуқур ўрганилди. Ушбу лойиҳа доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига мактабларда ягона мактаб формасини жорий қилиш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш ва синфларда ўқувчилар сонини мақбуллаштиришга доир таклифлар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Қолаверса, номзодимиз дастурида электрон ўқув-таълим дастурлари ҳамда мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш ҳамда таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш таклифлари ҳам билдирилганки, бу ўқувчи-ёшларнинг замон талаблари даражасида сифатли билим олишлари ҳамда уларнинг саломатлигини сақлашдек эзгу мақсадларга қаратилган. Бу борада номзодимиз томонидан илгари сурилаётган умумтаълим мактабларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш режаси ҳам узоқ истиқболга мўлжаллангани билан аҳамиятлидир.
Ўз навбатида, Наримон Умаров келажакда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, “инновация ва билимга асосланган иқтисодиёт”га ўтиш эҳтиёжлари ҳамда аҳолининг демографик ўсиши ва бошқа жараёнларни инобатга олиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини босқичма-босқич ошириб бориш, давлат ҳамда хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратиш тизимини такомиллаштириш таклифини илгари сурмоқда.
Бу масала ҳам юртимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан эътиборга моликдир.
Чунки сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолиси сонининг ўсиб боришига мутаносиб равишда олий ўқув юртларида ўқиш учун талабгор ёшлар сони ҳам тобора ошмоқда. Бу борадаги рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2012 йилда олий таълим муассасаларига абитуриентлардан жами 432 мингдан зиёд ариза қабул қилиниб, бир ўринга ўртача 7,6 киши даъвогарлик қилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич рекорд даражага етиб, олий таълим муассасаларига 663 298 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, 1 ўрин учун ўртача 11,51 талабгор кураш олиб борди. Бошқача айтганда, бугунги кунда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда квоталарнинг мавжудлиги сабаб аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси, бор-йўғи, 9 фоизга тенг бўлиб турибди. Бизнинг фикримизча, бу етарли эмас.
Шундан келиб чиқиб, Президентликка номзод Наримон Умаровнинг олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриб чиқиш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини оширишга доир таклифи кенг сайловчилар оммаси, хусусан, ёшлар ва ота-оналар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Демак, номзодимиз бу борада ҳам одамларнинг айни кўнглидаги масалани кўтаргани аён бўлаяпти.
Шу билан бирга, мамлакатимизда олий таълим тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, соҳада бир қатор фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, инновациявий ишланмаларни яратиш, бу борада тижорат ишларини йўлга қўйиш ва уларни ҳаётга жорий этишда технопарклар муҳим роль ўйнамоқда. Уларда тадқиқотчилар, университетлар ва корпорациялар ўртасида технологиялар ҳамда билимлардан ўзаро фойдаланиш инфратузилмаси яратилади ва бу, ўз навбатида, янги инновацион компанияларнинг пайдо бўлиши ҳамда ривожланишига хизмат қилади.
Айни шу жиҳатдан, Наримон Умаров олий ўқув юртларининг мустақиллиги, инновацион инфратузилмасини ва илм-фан, саноат ҳамда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан алоқасини кучайтириш, улар базасида кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ҳамда ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш масаласини кўтариб чиқаётгани аҳамиятлидир. Ушбу мақсад доирасида ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш масаласи ҳам устувор вазифа сифатида белгиланди.
Бугунги кунда хорижий тилларни пухта эгаллаётган, дунёқараши кенг, ўзининг мустақил фикрига эга ёшларда хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олишга бўлган қизиқиш ошаётганини ҳам кузатиш мумкин. Сўнгги йилларда юртимизда халқаро таълим ҳафталиклари мунтазам равишда ўтказилаётгани, унда ривожланган давлатлар таълим муассасаларининг тақдимотлари ташкил этилаётгани, табиийки, иқтидорли ёшларнинг чет элда ўқишга бўлган интилишларини оширмоқда. Аммо бугун хорижий таълим муассасаларида ўқиб қайтган йигит-қизларнинг республикамизда ўз дипломи бўйича ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шу боис партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзоднинг хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган олий маълумотга эга фуқароларимиз дипломларини нострификациядан ўтказиш тизимини соддалаштиришга доир таклифини айни масалада мақбул ечим, дейиш мумкин. Ахир хорижнинг етакчи олий таълим муассасасини битирган олий малакали кадр ўз билимини, салоҳиятини бошқа мамлакатлар учун эмас, Ватанимиз тараққиёти йўлида сарфласа, биз учун айни муддао эмасми? Қолаверса, ҳар қандай ота-она фарзандини чет элда ўқитган тақдирда ҳам унинг ўз оиласи бағрида, Ўзбекистонимизда меҳнат қилишини хоҳлайди, албатта.
Шунингдек, ҳудудларнинг муайян иқтисодий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш ҳамда олий таълим муассасаларини корпоратив турдаги олий ўқув юртларига айлантириш орқали уларнинг соҳавий ихтисослашувини кучайтириш борасида номзодимиз илгари сурган таклифлар мамлакатимизда нафақат кадрлар сиёсатини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, балки ҳудудларни комплекс ривожлантиришда ҳам амалий аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастурида бошқа муҳим соҳа ва тармоқлар қаторида, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётига бевосита дахлдор бўлган ижтимоий масалалар ҳам кенг ўрин олган бўлиб, уни яқин ҳамда узоқ истиқболда изчил ривожлантириш бўйича аниқ вазифа ва мақсадлар белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис сайловчиларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод — Наримон Мажитович Умаровга овоз беришга чорлаб қоламиз.

Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида республикамиз ҳудудларида ўтказиб келинаётга...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси тобора яқинлашиб келмоқда. 
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти, Чиноз тумани партия кенгашлари ҳамкорлигида тумандаги хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежида ...
01 янв 1970
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топади. Абдуқаҳҳор Аҳмедовни воҳада ҳамма т...