Наримон Умаровнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашуви

/
Мамлакатимизда шу йилнинг 4 декабрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига саноқли кунлар қолмоқда. Албатта, ҳар бир сиёсий партия Президентликка кўрсатган ўз номзодининг сайловда муваффақият қозонишини истайди ва шу мақсадда сайлов қонунчилиги доирасида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади.
Айни кунларда қизғин давом этаётган сайловолди ташвиқот тадбирлари партиялараро сиёсий рақобат янада кучайганини яққол акс эттираяпти, номзодларнинг ҳар бири халқ ишончини қозониш, кўпчилик сайловчиларнинг овозини олишга эришиш учун курашмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмалари, партия депутатлари, фаоллари кўтаринки руҳда ва уюшқоқлик билан юртимиз аҳолиси ўртасида ташвиқот ишларини юқори савияда олиб боришмоқда. Барча сафдошларимиз сафарбар қилинган бу муҳим сиёсий жараёнда партиямиз хайрихоҳлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Наримон Умаров сайловолди ташвиқот тадбирлари доирасида навбатдаги учрашувларни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сайловчилари билан ўтказди. Барча ҳудудларда бўлгани каби мазкур учрашувлар ҳам замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда видеоконференция тарзида ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан минглаб сайловчилар партия номзоди билан очиқ мулоқот қилиш имконига эга бўлишди.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Президентликка номзод Наримон Умаров Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.
Шуманай туман ҳокимияти мажлислар залида онлайн конференция мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувда шаҳар ва туманлардан жамоатчилик вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ёшлар ва хотин-қизлар, партия аъзоларидан иборат жами 3200 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Е.Кунназаров олиб борди. Партиямиз номзодининг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев учрашув иштирокчиларини Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти билан яқиндан таништирди.
Наримон Умаров ўз маърузасида, аввало, истиқлол йилларида қорақалпоқ халқининг бирдамлик билан қилган меҳнатлари самараси ўлароқ, бугун Қорақалпоғистон иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўз ўрнига эга минтақалардан бирига айланганини эътироф этди. Ушбу ҳудудда барпо этилган Қўнғирот сода заводи ҳамда Устюрт газ-кимё мажмуаси нафақат минтақа, балки мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида муҳим аҳамият касб этаётгани, энг асосийси, мана шундай бунёдкорлик ва яратувчилик ишларини қорақалпоғистонликлар ўз қўллари билан яратаётганлиги ҳақидаги фикрларни учрашув иштирокчилари мамнунлик билан қабул қилишди.
Партиямиз номзоди сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан атрофлича таништирди.
Наримон Умаров ўзининг қарийб 40 йиллик меҳнат фаолияти ҳамда илмий изланишлари тақозоси билан Орол денгизининг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган экологик ҳалокатни бартараф этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларда бевосита иштирок этган. У минтақанинг мураккаб иқлимини, одамларнинг яшаш шароитини яхши биладиган мутахассис сифатида экология масалаларига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Унинг ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган лойиҳа ва дастурларни изчил давом эттириш зарурлиги хусусидаги таклифлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
— Экологик муаммоларни ҳал этишда, унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратиш биз учун муҳимдир, — деди Н.Умаров. — Шунингдек, иқтисодий лойиҳаларнинг экологик экспертизасини кучайтириш, унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу ишга нодавлат нотижорат ташкилотларини, илмий жамоатчилик, депутатлик корпусини кенг жалб этишни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, Президентликка номзод экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб боришни қўллаб-қувватлаш ҳамда саноат корхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга долзарб вазифа сифатида ёндашишини қайд этди.
— Экология масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу соҳани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилганмиз, — деди Н.Умаров. — Ушбу дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи ўсимлик ва дарахтлар сони ва турини кўпайтириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш, саксовул ва бутазорларни кенгайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланади.
Тадбирда Н.Умаровга сайловчилар унинг дастури ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ мавзуларда бир қатор саволлар бериб, батафсил жавоб олишди.
Партиямиз фаоллари номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
— Номзоднинг дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни амалиётга татбиқ қилишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан ҳам самарали фаолият олиб борилиши натижасида эришамиз, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Нурлибек Мирзамуратов. — Бунда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига партия ҳамда номзоднинг дастурида илгари сурилган илғор ғояларни киритиш, уларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, партия электорати ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини доимий комиссия ва сессияларда мунтазам эшитиб боришни долзарб масала, деб ҳисоблаймиз.
Учрашувда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 10-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати директори Н.Қайпбергенов, Нукус давлат педагогика институти бошланғич таълим факультети декани У.Сейтжанова, Шуманай тумани “Ақ-жап” овул фуқаролар йиғини раиси Қ.Убайдуллаев ва бошқалар Президентликка номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб, иштирокчиларни бўлажак сайловда Наримон Умаровга овоз беришга чақирдилар.
— Орол денгизининг қуриб бориши билан вужудга келган экологик муаммолар туфайли Қорақалпоғистоннинг айрим туманларида ернинг ҳаддан зиёд шўрланиши натижасида тупроқ ҳосилдорлиги анча камайган, — дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тахтакўпир туман кенгаши раиси Арал Курбанбеков. — Шунингдек, ер ости сувларининг ер юзасига яқинлиги ҳам муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Гидро-геология соҳасида етук олим, атроф-муҳит ва экология соҳасида ҳам қарийб 40 йилдан буён самарали фаолият юритиб, бу борадаги кўплаб давлат дастурлари ва лойиҳаларининг бажарилишида фаол иштирок этиб келаётган раҳбар сифатида партиямиз номзодининг дастурида юқоридаги каби масалаларнинг ижобий ечим топишига қаратилган ғоя ва таклифлар борлиги мақсадга мувофиқдир. Фуқароларни, хусусан, қишлоқ хўжалиги ходимларини ўйлантираётган бу муаммоларнинг ҳал этилишидан ҳар бир фуқаро манфаатдор экани барчага аён.
ХОРАЗМ.
Президентликка номзод Наримон Умаровнинг Хоразм вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви ҳам фуқароларнинг юқори даражадаги фаоллигида кечди.
Тадбирда Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Икром Абдуллаев йиғилганларни партиямиз номзодининг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Наримон Умаров ўз маърузасида Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби дунё илм-фани, инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган машҳур алломалар, ватанпарвар саркардаларга бешик бўлган Хоразм воҳасида истиқлол йилларида амалга оширилган янгиланишлар ҳамда ҳудуд аҳолисининг бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳиятини алоҳида эътироф этди. Жумладан, вилоятнинг иқтисодий имкониятларига эътибор қаратар экан, вилоятнинг Питнак шаҳридаги “Хоразм авто” заводида ишлаб чиқарилаётган “Орландо”, “Дамас” ва “Лабо” каби замонавий автомобиллар юртдошларимизнинг узоғини яқин қилиш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Наримон Умаров учрашув иштирокчиларига ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Айниқса, дастурда кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир илгари сурилган таклифлар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, жамиятда қонун устуворлигини тўла таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш халқчил, адолатли жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг муҳим омили эканини таъкидлаб, номзод шундай деди:
— Барчамизга маълумки, жамиятдаги ижтимоий ҳаётимизни қонунлар бошқаради. Қонунлар қанчалик мукаммал ва ҳаётий бўлса, ҳуқуқ ва эркинликларимиз ишончли ҳимоя қилинади. Шу сабабдан, биз асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ғояси асосий мезон бўлишига интиламиз.
Партия номзодининг мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга доир таклифлари ҳам сайловчиларда хайрихоҳлик уйғотди.
— Фақат эркин, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқаро ўз ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олади, — деди Н.Умаров. — Бу борада фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус дастур ишлаб чиқишни ва уни ҳаётга жорий этишни режалаштираяпмиз.
Президентликка номзод иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди. Учрашувда партия фаоллари Наримон Умаров ўз дастурида илгари сурган таклиф ва ғояларни бугунги тараққиёт ва ҳаётнинг ўзи тақозо этаётгани, бу вазифалар ижроси мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини таъминлашда муҳим омил бўлишини эътироф этишди.
Биз учрашув иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
— Ҳар бир соҳа тараққиёти илм-фаннинг юксак даражада ривожланишини талаб этади. Бу, ўз навбатида, қобилиятли, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларнинг олий таълим олишлари учун барча зарур имкониятларни яратиш билан боғлиқдир, — дейди Боғот иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси Умид Эшмуродов. — Давлат тест синовларини топширишда бир қатор билимдон абитуриентларнинг ҳатто бир баллга етмайдиган жуда кичик фарқлар билан ўқишга киролмай қолишини кузатамиз. Албатта, бу сезилар-сезилмас фарқ оддий баҳолаш тизимидаги, масалан, “3” билан “4” баҳо ўртасидаги фарқ даражасида катта эмас. Шуни назарда тутганда, Президентликка номзоднинг дастурида олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш ҳақидаги таклиф бизга маъқул бўлди.
— Бугунги кунда дори-дармонларнинг турлари жуда кўп, — дейди стоматолог-шифокор Шихназар Турсунов. — Шу билан бирга, айрим дори воситаларини дорихоналардан топиш қийин эканини ҳам қайд этиш жоиз. Масалан, стоматологик касалликларни даволашда қўлланиладиган бир қатор дори воситаларини беморлар дорихоналардан тополмаганини айтишади. Тиш касалликлари анча кўп учрашини назарда тутсак, бу ҳам муҳим масала эканини англаймиз. Президентликка номзод Наримон Умаровнинг дастурида, хусусан, сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжларни таъминлашга доир фикр ва таклифлар илгари сурилганлиги айни муддаодир.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Қурбонбоев, Урганч давлат университети доценти Ю.Раҳмонова, Хоразм вилоят Онкология диспансери бош шифокори Т.Полвонов ва бошқалар Наримон Умаровнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар ҳамда сайловчиларни Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзодга овоз беришга чақирдилар.
Шарипа ТОРЕШОВА,
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳам...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ўз мустақил тараққиётининг йигирма олтинчи йилига қадам қўйди. 
01 янв 1970
Ўзбекистонда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор...
01 янв 1970
Парламентга “Адолат” СДПдан кўрсатилиб такрорий сайловга қолган депутатлар рўйхати ...