Муаллим — маърифат сарбони

/
Жамият ҳаётида ҳар бир касбнинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Аммо шундай бир соҳа борки, уларни барча бирдек улуғлайди, эъзозлайди. Бу ўқитувчи ва мураббийлик касбидир.
Ҳа, ўқитувчилар ва мураббийлар мамлакатимизда энг ардоқли, энг эҳтиромга лойиқ касб эгалари сифатида эъзозланадилар. Истиқлолнинг илк одимлариданоқ мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳар йилнинг 1 октябрь кунини “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида нишонлаш, ҳафтанинг қайси кунига тўғри келишидан қатъи назар, дам олиш кунига айлантириш тўғрисида фармон чиқарган эди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришиб, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг ўзига хос йўлини танлаши барча соҳаларда бўлгани сингари таълим соҳасида ҳам туб ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда мазкур қонун қоидалари ва талаблари асосида ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилиши жуда катта аҳамият касб этди. Мазкур қонунга таълим-тарбияда миллий ва умуминсоний қадриятлар, тарихий тажриба, халқимизнинг узоқ йиллар давомидаги илмий ва маданий анъаналари ҳамда жамият ривожининг истиқболлари асос қилиб олинди. Ушбу қонун асосида 1997 йилга қадар республикамиз бўйича таълим муассасалари янгича асосда ислоҳ этила бошланди. Бу йилларда “Мактабгача тарбия”, “Умумий ўрта таълим”, “Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар”, “Ёшлар сиёсатига оид” каби қатор концепциялар ва дастурлар яратилди.
Конституциямизнинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилган. Давлатимизнинг таълим соҳасидаги сиёсати республикамиз ҳудудида яшаётган ҳар бир кишининг энг асосий конституциявий ҳуқуқларидан бири — замонавий билим олиши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган. Мамлакатимизда таълим тизими изчил ва узлуксиздир.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 158 та касб-ҳунар коллежлари ва 1121 та умумтаълим мактабларида 10 мингга яқин ўқитувчи-педагогларимиз ўғил-қизларимизга таълим-тарбия бериб келмоқда.
Бундан ташқари, ўнлаб болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар ҳамда ахборот-ресурс марказлари, мактабдан ташқари таълим муассасаларида яна минглаб тарбиячилар, ўқитувчи ва мураббийлар ёшларга фан сирларидан сабоқ беришмоқда.
Вилоят академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини ошириш, ўқитиш жараёнида инновацион технологиялардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 2015-2016 ўқув йили давомида 200 га яқин таълим муассасасига методик ёрдам кўрсатилди. Педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун 19 та ўқув ва амалий семинарлар ўтказилиб, унда 1400 нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари иштирок этди.
Дарҳақиқат, юртимиз истеъдод, иқтидор эгаларига бой, энг асосийси, буни рўёбга чиқариш учун имконият, шароит етарли. Биз кўрмаган юртларни ўқувчиларимиз кўраяпти, собиқ иттифоқ тузуми даврида поймол бўлган орзу-умидларимизни улар рўёбга чиқараяпти. Ўтган йили эндигина ўн беш ёшга тўлган ўқувчим — Саидали Муродуллаев Хитойнинг Чанг Чунг шаҳрида ўтказилган ёш математиклар халқаро олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни олди. Мана, сизга ўзбек болалари, мана, сизга мустақиллик фарзандлари...
Дарвоқе, бундай иқтидорли, зукко ёшлар юртимизда илгари ҳам кўплаб топиларди. Аммо собиқ иттифоқ даврининг биқиқ, эртани кўра олмаслик сиёсати сабаб на ёшларнинг қобилияти кўринарди, на муаллимнинг қилган меҳнати.
Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларининг ижтимоий таркибида энг катта улуш таълим ва фан соҳаси вакиллари ҳисобига тўғри келади. Хусусан, 2016 йил 1 июль ҳолатига кўра, партия аъзоларининг 23,6 фоизи таълим ва фан соҳасида фаолият юритмоқда.
Биргина мисол. Мен собиқ иттифоқ тузуми даврида ўқитувчи сифатида қарийб 20 йил фаолият юритдим. Агар адолат нуқтаи назаридан айтадиган бўлсам, қандай ҳурмат кўрдим? Нима топдим? Тўғриси, ҳеч нарса.
Истиқлол шарофати туфайли дастлаб “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.
1992 йилда Ўзбекистон Республикаси “Фахрий ёрлиғи”, 1996 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденига лойиқ топилдим. 2007 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони билан мукофотландим.
Қувонарлиси, “Соғлом она ва бола йили” менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти фармонига кўра “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирландим.
Албатта, шундай жаннатмонанд юртда битта ўқитувчига ҳурмат бўлса, шундай бўлади-да. Буларнинг барчаси нимадан? Истиқлолдан. У ато қилган дориламон кунлардан. Мамлакатимиз ёшлари жаҳонда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилаётган, юртимизда яхши кунлар бир-бирига уланаётган шундай нурафшон кунларда бошим кўкка етди. Оддий ўқитувчини, ўзингиз айтинг, бу қадар улуғлаш дунёнинг бошқа бирон-бир мамлакатида борми ахир!
Мен оддий ўқитувчиман. Қарши шаҳар умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 3227 нафар педагог ҳамкасбларим билан ҳамкорликда истиқболимиз эгаларини ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш ишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаяпмиз. Ўзбекистонимизнинг келажакда буюк давлатга айланишига чин дилдан имон келтириб, она сифатида қалбим ғурурга тўлади. Негаки, қайсики давлатда таълим йўналишига устувор соҳа сифатида эътибор қаратилиб, етарли маблағ ажратилар экан, ўша мамлакатнинг келажаги буюк бўлади.
Хуллас, юртимиз келажагини бевосита белгилаб берувчи мазкур соҳа мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворга эга бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ривож топиб бормоқда. Мен ана шу йўналишда хизмат қилаётганимдан, авлодларга озод ва обод Ватан қолдиришдек мақсад йўлида куч-ғайрат сарфлаётганимдан бениҳоя мамнунман. Халқимизнинг ёш авлод камолоти йўлида қилаётган саъй-ҳаракати, мустақиллиги, ҳурлиги, энг муҳими, саодатли кунлари боқий бўлсин! Ўқитувчи ва мураббийларнинг касб байрами билан республикамиздаги барча меҳридарё, қалби пок устозларни чин дилдан муборакбод этаман.
Муҳаббат ШАРАПОВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги уйлар орасида турган гаражларда ёнғин содир бўлган....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мав...
01 янв 1970
Маълумки, 2015 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинди....
01 янв 1970
Маълумки, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чиқарилган қарор аҳоли орасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда....