Маънавий юксаклик — қонунларга амал қилиш омили

/
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегоналаштиради, жаҳолат сари етаклайди. Бугунги кунда турли бузғунчи кучлар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун “оммавий маданият” ниқоби остида, биринчи навбатда, миллий маънавиятга қарши зимдан кураш олиб бораётгани бежиз эмас.
Ўз мустақил фикрига эга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган инсон эса ғараз ниятли кимсаларнинг таъсирига тушиб қолмайди.
Маънавият инсон онгида, энг аввало, оила муҳитида шаклланади. Боланинг эркин ўсиши, мустақил бўлиши унинг қаровсиз, назоратсиз қолишини билдирмайди. Чунки унинг эркинлиги ҳам ҳимояга муҳтож. Дейлик, боланинг кечаси билан интернетда ўтириш, мобиль телефоннинг тутуриқсиз хизматларидан фойдаланиш, тинмай енгил-елпи куй-қўшиқларни тинглаш ёки компьютер ўйинларидан бўшамаслик одатларига қандай лоқайд қараш мумкин?
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, “оммавий маданият” миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва тарихимизни йўқотиш мақсадида қўлланиладиган қуролдир. У, аввало, кишининг маънавиятини бузади, маънавий қадриятларга беписандлик, ҳаётга енгил-елпи муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантиради. “Оммавий маданият” кишини оиласидан, ўзи яшаб турган жамиятдан, Ватанидан узоқлаштиради. Натижада унинг таъсири остида қолган киши учун ҳеч қандай муқаддас нарсанинг ўзи қолмайди.
“Оммавий маданият”нинг яна бир жиҳати шуки, у доимий равишда молиялаштириб туришни талаб қилмайди, аксинча, ахлоқсизлик, маданиятсизлик, келажакка ишончсизлик, ҳуқуқий нигилизм, ўз жонига қасд қилиш, порнография, зўравонлик, алкоголизм, гиёҳвандлик ва шу каби ёт иллатларни тарғиб қилувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар, турли босма нашрлар, глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган миллионлаб сайтлар улар учун доимий даромад манбаи вазифасини ҳам бажаради.
Шунинг учун ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш доимий диққат-эътиборимизда бўлиши керак. Бу борада ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари сингари, таълим, маънавият, маданият ва спорт, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Глобаллашув жараёнида тобора кучайиб бораётган маънавий хуружларга қарши курашиш мақсадида амалдаги қонунчиликка қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2010 йил 17 майда Ўзбекистон Республикаси МЖтКга қўшимчалар киритилиб, ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр ва компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонун билан эса давлат органлари, муассасалари ва жамоат ташкилотларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир масъулияти янада оширилди. 2012 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикасининг МЖтК ва Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, порнографик маҳсулот тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик янада кучайтирилди.
Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек, уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш мазкур жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат, деб квалификация қилиниши белгиланди. Шунингдек, эндиликда нафақат порнографик, балки зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун ҳам юридик жавобгарлик белгиланди.
Табиийки, бу каби ҳуқуқий механизмлар “оммавий маданият” тарғиботчиларининг ғаразли мақсадларига қарши кучли ҳимоя воситаси вазифасини бажаради. Лекин бу хотиржамлик ёки бефарқликка берилиш учун асос бўлмайди. Бу жараёнда барчамизнинг огоҳ бўлишимиз, фарзандларимизнинг келажаги учун биргаликда курашишимиз лозим.
Толибжон ҲАЙДАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судининг раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...