Она ва бола соғлиғи бахтиёр келажак гарови

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий клиник шифохонасида “Оиланинг бахти — соғлом оналик ва болаликда” мавзусида тадбир ўтказилди.
Партиянинг “Соғлом оила — соғлом жамият — порлоқ келажак” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган мазкур анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, партия фаоллари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, шифохона ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда соғлом она – соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Кенг кўламли умуммиллий дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилишига зарур шарт-шароитлар яратиш, оилаларда тиббий маданиятни шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.
— Истиқлол йилларида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида болаларнинг соғлом туғилиши ва ёш авлод тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов. — Ўтган даврда бевосита соҳага доир 14 та қонун ҳаётга татбиқ этилгани, улардан бир қанчасига замон талабидан келиб чиқиб, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани бугунги кунда юртимизда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилганини амалда намоён этди.
— Президентимизнинг “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори моҳият эътибори билан болаларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш ва ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда, — деди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев. — Дастур аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар, ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, оналар, болалар ва ўсмирларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланганидек, партия скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш тарафдори бўлиб, мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ва хайрихоҳлари кўплаб жамоат ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт — қудратли бўлур”, “Соғлом оила — соғлом жамият — порлоқ келажак”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” каби лойиҳалари доирасида оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш, туғуруқ ёшидаги аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, аҳоли орасида тиббий маданиятни янада оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
Давра суҳбатида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тизимини янада такомиллаштириш, ёшларда соғлом оила қуриш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кўникмаларини кучайтириш, жойлардаги мавжуд камчиликларни ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров тадбирни кириш сўзи билан очди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вази...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томо...