Енгил автомобиль

/
— Енгил автомобиль ҳайдовчисиман. Йўл патруль хизмати ходимлари мендан тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичлик камзул бор-йўқлигини сўрашди. Айтинг-чи, амалдаги қонунчилик бўйича шу нарсалар бўлмаган ҳолда қандай чора кўрилади?
Г.Қодирова, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган ва 2016 йил 1 мартдан эътиборан амалга киритилган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловасида “Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар” белгиланган.
Ушбу илованинг тегишли бандида М1 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автомототранспорт воситаларида сиз санаб ўтган воситалар йўқ бўлган тақдирда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган. Шу муносабат билан амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 5-қисмида фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини бошқарганлик учун маъмурий таъсир чораси белгиланган.
— Йўл транспорт ҳодисаси пиёданинг айби билан содир этилса, ҳайдовчига чора кўриладими?
Р.Эшматов, Хоразм вилояти

— Агар ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариб бораётган вақтда пиёда “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини бузган ҳолда йўлнинг ҳаракат қисмига тўсатдан чиқиб қолиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлса ҳамда бу ҳолатда ўтказилган суд-трассология ва суд-автотехника экспертизаларида ҳайдовчи томонидан пиёдани уриб юборишнинг олдини олишга техник имконияти бўлмаганлиги тасдиқланса, ҳайдовчи айбдор ҳисобланмайди.
— Отам вафот этганига бир неча йил бўлди. Таъмирталаб бўлиб қолган машинамиз ҳамон у кишининг номида турибди. Уни қандай қилиб ўз номимга ўтказишим мумкин?
А.Хонназаров, Жиззах вилояти, Пахтакор тумани

— Бундай ҳолларда, аввало, автомобилни таъмирлаб, сўнгра ҳудудий ЙҲХБнинг рўйхатлаш ва имтиҳон бўлимига мурожаат қилиш керак. У ерда транспорт воситасининг агрегат рақамлари қайд этиш гувоҳномаси билан солиштирилиб, тегишли текширувлардан ўтказилади ва камчиликлар бўлмаса, қайд этиш гувоҳномасига муҳр босилади. Шундан сўнг отангизнинг вафот этганлигини тасдиқловчи ўлимни қайд этиш гувоҳномаси билан давлат нотариал идорасига мурожаат қиласиз.
Саволларга Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ инспектори,
капитан Акмал ЮНУСОВ жавоб берди.
— Бир танишим ўғирликда гумон қилиниб, ИИБ томонидан суриштирув ва терговга жалб қилинди. ИИБ ходимлари томонидан танишимга суриштирув ва тергов жараёнида унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат хизматидан фойдаланиш таклиф қилинди. Танишим адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечди. Гумонланувчи адвокат хизматидан фойдаланишдан воз кечиши мумкинми?
А.Эргашев, Тошкент шаҳри

— Ҳа, албатта. Гумонланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан таклиф этилган адвокатнинг хизматидан воз кечиши ва ўзи мустақил равишда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузиб, бошқа адвокатнинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига ёки адвокат хизматидан фойдаланмаслик ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 52-моддасига асосан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек, адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.
Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат бериш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Суд тергови давомида ҳимоячининг иштирок этиши ҳақида берилган илтимоснома ишнинг ҳолатларини ҳисобга олиб ва судланувчига ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш манфаатларини кўзлаб, суд томонидан ҳал этилади. Ҳимоячининг суд мажлиси давомида ишга киришиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди.
Саволга Яшнобод тумани 5-сонли ДНИ катта нотариуси
Хуршида ЭГАМБЕРДИЕВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз мустақиллигининг асосчиси, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан мотам тадбири бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига
01 янв 1970
2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди....
01 янв 1970
Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ма...