Кимдир тирноққа зор, кимдир...

/
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган. Чунки, қиз бола — бўлажак рафиқа, келин, она. Унинг бугун оилада қандай муҳитда камол топиши эртанги кунига таъсир кўрсатади. Зеро, аёл оила, жамият ва миллатнинг келажаги ҳисобланмиш ёш авлодни дунёга келтирувчи ҳамда уларни вояга етказишга масъул шахсдир.
Қашқадарёлик Зарнигор Икромова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) фарзандларини онаси, опа-сингиллари, қавм-қариндошлари қарамоғига ташлаб кетганида мана шу оддий ҳақиқатни унутган кўринади. “Қандай қилиб бўлмасин ишласам, меҳнат қилсам, болаларимга пул юбориб турсам, боқсам бўлди-да”, деган хомхаёлда Россия Федерациясига йўл олганида фарзандларининг бугуни ҳам, келажаги ҳам кўзига кўринмаганди.
Бола, айниқса, қиз бола меҳрга зор бўлмасин экан. Зарнигор опанинг кенжа қизи Мунира ҳам доимо ғамхўр инсоннинг меҳр-муҳаббатига эҳтиёж сезарди. Натижада қиз оилада етмаган меҳрни кўчадан излай бошлади...
Зарнигор опа қизи ҳомиладор бўлиб қолганини синглиси Гулмирадан эшитди. Зудликда Ўзбекистонга қайтиб келган Зарнигор қизи билан юз берган ҳодиса ҳақида маҳалла-кўй, қуда-андалар эшитишини ўйласа, “ҳали тўй кўрмаган қиз она бўлармиш”, “онаси қаровсиз ташлаб кетганидан кейин...” мазмунидаги гап-сўзларга бардош беролмаслигини тушуниб етди. Аввалига узоқ йиғлади, кейин ўйлаб-ўйлаб, Гулмиранинг Бухорога келин бўлиб тушган таниши Шаҳноза Қамбарованикига бориб, ҳомиладор қизи уникида бирмунча вақт яшаб туришига кўндирди.
Шаҳноза Мунирани вилоятдаги таниш шифокорларига кўрикка олиб бориб турди. Хуллас, ой-куни яқинлашгач, Мунира тўрт мучаси соғлом, паҳлавондек ўғил фарзандни дунёга келтирди. Зарнигор опа онаси Муаззам хола билан бирга Бухорога етиб келди.
Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Зарнигор опани “Болани нима қиламиз? Ахир, у қизимнинг беникоҳ туғилган боласи-ку. Эл-юрт нима дейди? Ундан қандай қутулсам бўлади?” мазмунидаги саволлар қийнай бошлади.
Ич-этини емира бошлаган гапларни Шаҳнозага тўкиб солди. Шунда Зарнигор опа ҳаётидаги яна бир катта хатога йўл қўйди. Яъни “ҳожатбарор” Шаҳноза болани сотиб оладиган “харидор” топса, сотувдан тушган пулнинг бир қисмини унга ҳам беришини айтди. Бу таклифни Зарнигорнинг нуроний онаси Муаззам хола ҳам қўллаб-қувватлади...
Ё алҳазар... Турли алдов йўллари билан айрим содда, ишонувчан юртдошларимизни хорижга, чет давлатларга олиб кетиб, қул қилиб сотаётган кимсалар ҳақида эшитгандик. Аммо ўз набирасини сотадиган аёл, оналар, бувилар борлигини қандай тушунса бўлади?..
Яқинда бир таниши Шаҳнозадан фарзанд асраб олиш тартиби ҳақида сўраб-суриштирганди. Шу аёлга қўнғироқ қилиб, кимга бола асраб олиш керак бўлганини сўраб билиб олди. Аёлнинг жияни Малика билан боғланиб, 6 минг АҚШ долларига бола сотилаётгани, агар пулни келтирса, эндигина туғилган ўғил бола чақалоққа эга бўлишини маълум қилди. Малика уйдагилари билан маслаҳатлашиб, таклифга рози бўлди.
— Болани тез беринглар, харидор топилди, — деди Шаҳноза шошилиб, гўёки ўша заҳоти болани элтиб бермаса, кейин харидорнинг фикри ўзгариб қоладигандек.
— Аввал пулни олиб келиб берсин, кейин берамиз, — деди Зарнигор совуқ оҳангда.
“Мижоз” аввал болани кўргиси келаётганини ҳар қанча тушунтирмасин, Шаҳнозага болани ҳам, унинг туғилганлик гувоҳномасини ҳам беришмади. Икки ўт орасида қолган Шаҳноза танишидан қарз олиб, “пулнинг бир қисми” деб олдиндан Зарнигорга олиб бориб берди. Шунда ҳам пулнинг ҳаммасини олмагунча туғилганлик гувоҳномаси берилмаслиги шарти билан болани бериб юборишди.
Малика кўп қаватли уйларнинг бирида яшарди. Қўлидаги гўдак билан юқори қаватга чиққунча ҳаллослаб қолган Шаҳноза болани Маликага топширди, пулларни санади ва гувоҳномани бироздан сўнг келтириб беришини айтиб, шошганча уйдан чиқиб кетди. Лекин уни пастда ИИБ ходимлари кутиб турганини билмасди, билса, бу даражада шошмасмиди?
Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қонунда белгиланган тартибда жазо олишди, албатта. Лекин кишини масаланинг бошқа бир жиҳати ўйлантиради. Эндигина дунё юзини кўрган, бегуноҳ, норасида гўдакни савдо-сотиқ воситасига айлантиришдек қабиҳликка бориб етган бу кимсаларни виждон азоби ҳам қийнармикан?..
Зариф ШЕРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси,
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилган товар моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 93 миллион сўмдан...
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....