Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади

/
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди. Бунда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари янги мазмундаги демократик давлатимизнинг асосий мақсадига айланди. Зеро, ҳар қандай демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.
Жумладан, 2015 йилда АҚШда фаолият кўрсатаётган Гэллап институтининг ижтимоий фикрларни ўрганиш маркази томонидан “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” бўйича ўтказилган сўровлари натижасига кўра Ватанимиз – Ўзбекистон дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллагани, аввало, ўтказилаётган ислоҳотларимиз меваси ҳамда ислоҳотларнинг инсонпарварлик қиёфасини акс эттиради.
Агар бу соҳада амалга оширилган ишлар жараёнига назар солсак, мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилганини кўрамиз. Чунончи, 1991-2000 йиллар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг биринчи босқичи – ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигига гувоҳ бўламиз.
Бу даврда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида зарурий институционал ва қонунчилик асослари яратилди. Шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимининг конституциявий кафолатлари ва жиноят-процессуал механизмлари таъминланди. Миллий давлатчилигимиз давлат ҳокимияти тизимида мустақил судлов ҳокимияти тизими ташкил этилиб, унинг жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилиги пойдевори шакллантирилди. Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Суд жараёнида айблов ва ҳимоя тенглигини таъминлашнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари яратилди. Апелляция тартибида иш юритиш жорий этилди.
2001-2010 йилларни ўз ичига олган давр иккинчи босқич – фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилиш даври бўлди. Ушбу даврда қонунчилик амалиётига биринчи марта жиноят ишларини судда кўриш жараёнига ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этиш институти киритилди.
Бу даврда давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 8 августдаги фармонига кўра, 2008 йил 1 январдан эътиборан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Унинг асосида 2007 йил 11 июлда “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Шулар қаторида мол-мулкни мусодара қилиш жазоси бекор қилинди. “Хабеас корпус” институти жорий этилиб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми такомиллаштирилиб, адвокатнинг ишда иштирок этиш тартиби енгиллаштирилди ва унинг ваколат доираси кенгайтирилиб, далиллар тўплаш ҳуқуқига эга бўлди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичи 2011-2016 йилларни қамраб олади. Амалдаги босқичда суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтириш ва судлов жараёнини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, судлар жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасидан чиқарилди. “Хабеас корпус” институти кенгайтирилиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилди. Суд мажлиси жараёнида айблов хулосаси суд эмас, прокурор томонидан ўқиб эшиттирилиши белгиланди. Бунда 2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунингдек, 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Жиноят-процессуал кодексининг 237-моддасида белгиланган эҳтиёт чоралари доираси кенгайтирилди. Миллий қонунчиликда уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига берилди. Бундан ташқари, 2015 йил 11 августдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида жиноий жазолар тизимини янада такомиллаштириш ҳамда эркинлаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар доирасида сўнгги йилларда қатор қонунлар қабул қилинди.
Уларда, аввало, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи идоралар билан ўзаро муносабатларида тадбиркор ҳуқуқи устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар кучайтирилди. Шунингдек, Жиноят кодексида белгиланган “Сохта банкротлик”, “Банкротликни яшириш”, “Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш”, “Қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш” каби жиноий қилмишлар ярашув институти таркибига киритилди. Ушбу мақсадда Жиноят кодексининг 66-1-моддасидаги ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишга оид моддалар доираси янада кенгайтирилди.
Шу ўринда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида судьялар таркибини сифат жиҳатидан янада яхшилашга эътибор қаратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Юртбошимизнинг бир қатор фармонлари асосида судьялар ҳамда суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, судьялар малакасини ошириш ва судларнинг моддий-техника базасини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, судьяликка номзодларни тайёрлаш, уларнинг билим ҳамда малакасини ошириш бўйича Республика юристлар малакасини ошириш марказида махсус курс ташкил этилган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясининг 2013 йил 28 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари” судьяларнинг фаолиятида белгиланган талабларга қатъий амал қилишларида муҳим роль ўйнамоқда.
Бугунги ахборот асри талабларидан келиб чиққан ҳолда суд-ҳуқуқ тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш бўйича ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2012 йил 10 декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида, судлар фаолиятини компьютерлаштириш даражасини ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судларда ахборот тизими ҳамда ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
2015 йил 10 июндан эътиборан мамлакатимиз аҳолиси фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, ушбу судлар эса чақирув қоғозлари, қарор нусхалари ҳамда бошқа суд ҳужжатларини электрон шаклда юбориш имкониятига эга бўлишди. Бундан ташқари, бир қатор фуқаролик ишлари туманлараро судларида “E-Sud” миллий ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, замон талабларидан келиб чиқиб, ахборот ҳамда маълумотларни тез ва қулай тақдим этиш мақсадида Олий суднинг янги веб-сайти ишлаб чиқилди. Унда интернет-қабулхона, электрон кутубхона, умумий юрисдикция судларининг интерактив харитаси, бўш лавозимга ҳужжатлар топшириш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар жиноят ва жиноят қонунчилигини такомиллаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, энг муҳими, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жаҳонгир ХАТАМОВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Куни кеча, Конституция байрами билан бир кунда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонладик. ...
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...