Табиатга меҳр — инсонга меҳр

/
Она сайёрамиз шу заминда яшаётган етти миллиарддан зиёд аҳоли, ўсимликлар ҳамда жонзотлардан иборат наботот ва ҳайвонот дунёси учун ягона уй ҳисобланади. Ер билан боғлиқ манфаатлар муштараклигида бу ҳолат яққол намоён бўлади.
Шунга қарамасдан, инсон ўзи ҳам борлиқ, яъни табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканини била туриб, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экологик мувозанатни сақлаш ўрнига, қорнини тўқлаган, устини бутлаган она табиатни ўз измига солишни даъво қила бошлади. Айниқса, техника ва технологиялар ривожлангани сайин уни бўйсундириш борасидаги ишлар кўлами ҳам кенгайиб бораверди. Таъбир жоиз бўлса, эртани ўйламасдан қилинаётган бундай ҳаракатлар дарахтнинг баланд шохига чиқиб олиб, ўзи ўтирган шохни ўзи арралаётган одамни эслатади.
Табиат учун хос бўлган қонуният ва жараёнларнинг бузилиши қандай аянчли оқибатларга олиб келишини шу чоққача бир нечта тамаддун айнан табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида таназзулга юз тутганидан ҳам билиш мумкин.
Бугунги кунда экологик муаммолар глобал кўриниш касб этиб, муайян шароитга мослашган экотизим йўқолиб кетишига, биринчи навбатда, антропоген омиллар сабаб бўлаётгани жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда. Дунё бўйича йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлга айланаётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида тургани, инсон томонидан ҳосил қилинаётган чиқинди миқдори йил сайин кўпайиб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётгани, ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи ирригация ва мелиорация ишларида хато ва камчиликларга йўл қўйилгани сабабли деградацияга учраб, зироатчилик, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолгани ҳамжиҳатликда тегишли чоралар кўришга ундайди.
Акс ҳолда, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик яқин 50 йил ичида қарийб 50 фоизга камайиши мумкин экан. Бу қандай оқибатлар олиб келишини эса, ҳатто тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди.
Шу ўринда жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида, 1972 йили 5 июнда Стокгольм шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экологик масалаларга бағишланган конференциясида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Ҳар йили дунё миқёсида 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ-роғлар яратиш, ободонлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган акциялар ўтказиб келинади.
Дарҳақиқат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик — инсоният олдида турган долзарб вазифалардан бири саналади. Биргина ичимлик суви масаласига эътибор қаратсак, айни чоғда сайёрамизда 1 миллиард аҳоли санитария меъёрларига тўғри келмайдиган сувдан фойдаланаяпти, 2025 йилга бориб сув танқислигидан 2 миллиард киши азият чекиши кутилмоқда. Охирги 150 йил мобайнида аҳоли жон бошига нисбатан ичимлик суви 4 мартага камайиб кетган. Экин майдонлари эса, аксинча, йил сайин кенгайиб, чучук сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига йўналтирилмоқда. Саноатда сувга эҳтиёжи катта тармоқлар сирасига пўлат эритиш, кимё, нефт-кимё, қоғоз ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари киради. Мисол учун, 1 тонна сунъий тола олишга 3,5 тонна сув талаб этилади. Ҳар йили дунёда 100 миллиард литрдан кўп қадоқланаган ичимлик суви сотилаётгани ва бу катта даромад келтирадиган тармоққа айланиб бораётгани ҳам ушбу неъматга эҳтиёж юқори эканини англатади.
“Дарё бўйида яшасанг ҳам сувнинг бир томчисини исроф қилма”, деган ҳикматли сўзларга халқимиз азал-азалдан амал қилиб келаётган бўлса, дунёдаги баъзи элу элатлар буни кеч тушуниб етмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга, табиий ресурсларга оқилона муносабатда бўлишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50 ва 55-моддаларида “Фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дея белгилаб қўйилган. Шунингдек, бу борада халқаро меъёрларга жавоб берадиган йигирмадан ортиқ қонун ва 150 га яқин қонуности ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари амалиётга татбиқ этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш баробарида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури, Тараққиёт дастури ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз атроф-муҳит муҳофазаси бўйича йигирмадан ортиқ конвенция ва халқаро шартномаларга қўшилгани бунинг тасдиғидир.
Кенг кўламли ва изчил чора-тадбирлар натижасида республикамизда атмосферага зарарли моддалар чиқариш 2 баробар, ифлосланган оқава сувларни оқизиш 2,2 баробарга камайгани, сўнгги бир неча йилда қишлоқ хўжалигида пестицидлардан фойдаланиш 5 баробар қисқаргани, саноат корхоналарида экологик хавфсиз технологиялар жорий этилгани, ишлаб чиқариш чиқиндилари қайта ишланаётгани, тозалаш қурилмалари модернизация қилинаётгани ҳам эътиборга молик, албатта.
Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Экологик ҳаракати энг фаол жамоат ташкилотларидан бирига айланди.
Республикамизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, бу борада қабул қилинган қонунлар ҳамда қарорлар ижросини таъминлаш Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг бош мақсадидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиши тарафдори ва экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди. Партия Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга доир масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида иқтисодий лойиҳаларнинг экологик экспертизасини кучайтириш, унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу ишга ННТ, илмий жамоатчилик, депутатлик корпусини кенг жалб этиш лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган.
Мухтасар айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, келажак авлодга табиий бойликларни бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифа ҳисобланади.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фао...
01 янв 1970
Куни кеча “Ўзбеккино” Миллий агентлиги киностудияларида ишлаб чиқарилаётган тарихий ва замонавий мавзудаги бадиий фильмлар, шунингдек, ...
01 янв 1970
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фар...