Чағониённинг яратилаётган янги тарихи

/
Юксак нуқтадан назар ташласангиз, Денов тумани ҳудуди улкан амфитеатрни эслатади. Шарқда Боботоғ, ғарбда Бойсунтоғ билан ўралган туман замини тоғлар бағридан зинапоя ҳосил қилган ҳолда тушиб келади ва ўртада текисликдан иборат водийга айланади. Унинг бағрига Сурхондарё, Тўполондарё, Сангардак, Қизилсув дарёлари, Ҳазарбоғ, Ой-барак каналларидан об-ҳаёт инади. Суви мўл, замини унумдор, ҳавоси мусаффо бўлгани учун аждодларимиз қадим-қадимдан бу ерда қалъалар, кентлар, шаҳарлар барпо қилиб умргузаронлик қилишган.
Милодий эрадан олдинги II мингинчи йилликлар охирида мавжуд бўлган шаҳар ўрни Бадрачтепа вайроналари остида сақланиб қолган. Ундан кейин Бадрачтепа яқинида Чағониён кенти ҳозирги Денов шаҳридан 6 километр жанубий-ғарбда Қизилсувнинг Сурхондарёга қуйилиш жойида қад ростлаган. Бундан ташқари, бу водийда Холчаён, Кулолтепа, Оққўрғон, Жартепа, Тешиктепа, Қизқўрғон, Қиличбулоқ каби қадимий мулклар, қалъалар ҳам мавжуд бўлган. Милодий XIII асрдан кейин Денов шаҳри бунёд этила бошлаган. Унинг номи ёзма манбаларда дастлаб XIV аср охири — ХVI аср бошларида тилга олинган. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида у ҳақда “Даҳаинав”, яъни “Одамлар кўчиб борган янги жой” деган мазмунни билдиради”, деб маълумот беради. XVII аср муаррихи Маҳмуд ибн Вали Даҳаинавни ажойиб бозори, катта масжиди, хонақоси ва мадрасаси бўлган мустаҳкам қалъа деб эътироф этади. Тарихи олис ўтмиш билан боғланган Денов деб аталган бу шаҳар бағрида эндиликда қадимий қалъа ўрни ва Саид Оталиқ мадрасаси меъморий ёдгорлиги сақланиб қолган.
Бугунги кунда Денов Сурхондарё вилоятидаги йирик туманлардан бири ҳисобланади. Денов шаҳри вилоятда катталиги ва аҳолисининг кўплиги жиҳатдан Термиздан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун туманда ҳам, шаҳарда ҳам ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда юксак натижаларга эришилмоқда. Бунёдкорликлар натижасида шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, замонавий ва миллий қиёфа касб этмоқда. Барча жабҳаларда аҳолининг турмуш тарзи ўзгарди, янгича дунёқараш шаклланди, фаровонлик ошди. Бу барча соҳаларда намоён бўлмоқда.
Масалан, 2016 йилнинг 1-чорагида туманда саноат ишлаб чиқариш 107,1 фоиз, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 153,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти етиштириш 107,9 фоизга бажарилди.
Туманда жами 209 та, шундан 4 та йирик, 205 кичик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Кичик саноат корхоналарининг 19 таси енгил саноат, 56 таси қурилиш ва чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 43 таси озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 31 таси бошқа турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг 1-чорагида йирик саноат корхоналари томонидан жами 59,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш даражаси 107,1 фоизни ташкил этди.
2016 йилнинг 1-чорагида йирик саноат корхоналари томонидан 20,8 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди ва бу кўрсаткич 153,6 фоизга етди. Бу ютуқлар туманда шаҳар, қишлоқ ва маҳаллаларнинг янада обод бўлишига йўл очиб бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид кўрсатмалари асосида қишлоқлар янги қиёфа касб этмоқда. Ўтган йиллар давомида Денов туманида 700 дан ортиқ намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилган бўлса, “Соғлом она ва бола йили”да яна 190 та хонадонда ҳовли тўйлари ўтказилади. Айни кунларда “Фарғона” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Водий” маҳалласида ҳам қурилиш ишлари изчиллик билан давом этмоқда.
Ҳудуддан 19,5 гектар ер майдони ажратилиши билан қурилиш-монтаж ишлари бошланганди. Бу ерда 20 дан ортиқ пудратчи ташкилотлар қурувчилари фидойилик кўрсатмоқда. Айни пайтда, ғишт териш, плита ётқизиш ва том ёпиш авжида.
— Уйларнинг 170 таси уч, 20 таси тўрт хонани ташкил қилади, — дейди “Ҳазарбоғ қурилиш ишлаб чиқариш” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Холмирза Шафоатов. – Шундан 21 таси жамоамиз томонидан бунёд этилмоқда. Уйларни Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширамиз. Массивда 21 километр масофада ташқи муҳандислик ва коммуникация ишлари олиб борилади. Ажойиб маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва кўркам маҳалла гузари қуриш кўзда тутилган.
Маълумки, аҳолининг турмуш даражаси нафақат даромад манбаи, балки яшаш шароити ва замонавий уй-жойлар билан ҳам белгиланади. Шу боис жойларда муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага эга кўплаб янги массивлар барпо этилмоқда.
— Шундай дориломон кунларга етказганига шукр, — дея суҳбатимизга қўшилади меҳнат фахрийси Саида Абдураимова. – Маълумки, яқин-яқингача қишлоқларда пахса девор ёки хом ғиштдан уй қуриларди. Шароитларимиз ҳам ўзига яраша бўлган. Янги замоннинг уйларини кўриб фахрланаман. Мўъжаз ҳовлида экин экиш, боғ яратиш имкони бор. Хулоса қилиб айтганда, қишлоқлар шаҳар кўркини олаётганидан хурсандман. Янги иморатларда тўйлар бўлади, халқимиз кўплаб қувончли кунларини нишонлайди. Бундай улуғвор ишлар замирида юртимиздаги тинчлик, осмонимиз мусаффолиги ва халқимизнинг бунёдкорлиги мужассам.
Денов ҳудуди чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Бу – ҳавонинг созлигига кафолат: ёзи салқин, қиши мўътадил. Шунинг учун бир вақтлар бу ерда шакарқамиш етиштирганлар. Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Тўғри, қўшни туманларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам хурмо ўстириш мумкин ва шундай бўлаяпти ҳам. Аммо хурмо бирор жойда Деновдагичалик серҳосил ва ширин бўлмайди.
Ана шундай заминда туман деҳқонлари ҳалол меҳнат қилишиб, юқори ҳосил етиштириш мактабини яратдилар. Юқори ҳосилни, энг аввало, ерни эъзозлайдиган, ғўза ва ғалла агротехникасини яхши биладиган, таъбир жоиз бўлса, ғўза ва ғалла билан дилдан тиллаша оладиган деҳқонгина қўлга киритади. Уста пахтакор, миришкор ғаллакорлар қачонки ғўза ва ғалла билан тиллаша олса, экин унга ўз дардини айтади. Мавсумда яхши ишлаган, бободеҳқонларни яхши ишлатган фермернинг даласини кўриб, кўзингиз қувнайди. Деновда ана шундай ғўза билан тиллаша оладиган, ғалла билан дардлашиш маҳоратига эга бўлган фермерлар – деҳқончилик илмининг билимдонлари кўпчиликни ташкил қилади.
Ҳалол меҳнат қилган одамнинг қадри ҳамиша баланд бўлган. Тумандаги “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари Аҳмад Нарзуллаев ана шундай кишилар сирасидан. У киши билан қай мавзуда гаплашманг, завқ-шавқ оласиз, қурилиш, саноат, ишлаб чиқариш, тиббиёт, таълим соҳаларида тўлиб-тошиб сўзлайди. Айниқса, ишбилармонлик, тадбиркорлик, фермерлик ҳақида сўз очсангиз, соатлаб мулоҳаза юритиши табиий.
Аҳмад Нарзуллаев қишлоқда тадбиркорликни, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида колбаса, макарон, сут, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех қуриб, ишга туширди. Натижада қишлоқ ёшларининг 25 нафари иш билан таъминланиб, аҳоли ва бозорларга арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Шунингдек, “Хитоян” маҳалласида умумий қиймати 55 миллион сўмлик спорт комплексини барпо эттирди. Ҳозирги кунда қишлоқ ёшлари миллий кураш, бокс, таэквандо, шахмат ва шашка каби спорт турлари билан мунтазам равишда шуғулланиб келмоқда.
Шунингдек, умумий қиймати 86 миллион сўмлик ўттиз ўринли замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктини қуриб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2014 йилда 8 нафар кам таъминланган оилаларга кўп қаватли уй-жойларни қуриб, фойдаланишга топширди.
Халқимизда “Даромадга яраша буромад”, деган яхши гап бор. Даромаднинг кўпайиши туфайли “Лочин” фермер хўжалиги муҳтожлар, қариялар, ногиронларга хайрия ёрдамлари ҳам кўрсатиб келмоқда. Аҳмад Нарзуллаев туман ногиронлар жамиятини ўз оталиғига олиб, ҳар байрамда уларга совға-саломлар, моддий ёрдамлар бериб келмоқда.
Аҳмад Нарзуллаевнинг энг катта хизматларидан бири — тумандаги Амир Темур номидаги сув истеъмолчилар уюшмасига қарашли Орол қишлоғида 380 ўринли замонавий мактаб биносини қуриб, фойдаланишга топшириши бўлди. Бундан қишлоқ аҳлининг, айниқса, болажонлар хурсандчилигининг чеки йўқ. Мактаб жамоасининг қалблари фахр-ифтихор туйғуларига тўлди. Маънавиятимизнинг фидойиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Мактаб дунё иморатларининг энг муқаддас ва қадрлисидир. Мактабнинг чин ва ҳақиқий маъносини билган миллатлар жонлари, моллари билан ҳиммат ва ҳайратларини сарф этиб, миллатнинг тараққиёти ривожига ижтиҳод қилурлар”, деган пурмаъно сўзлари, айнан Аҳмад Нарзуллаев сингари фидойиларга нисбатан айтилган десак, муболаға бўлмас.
Ютуқлар яхши бўлгандан кейин, уни кўз-кўз қилсанг ярашади. 700 бош қорамол боқилаётган “Лочин” фермер хўжалигида 86 иш ўрни яратилган. Бу хўжаликда ғалланинг ҳосилдорлиги 76 центнерни ташкил этса, пахтадан 43 центнердан ҳосил олинмоқда. Рентабиллик даражаси эса 63 фоиз. Бундай кўрсаткични қишлоқ хўжалиги энг тараққий этган мамлакатларда ҳам топиш қийин. Шунинг учун Аҳмад Нарзуллаев “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган шарафли унвонга муносиб кўрилди. Қаҳрамон фермернинг юртдошлари, ҳамқишлоқларига кўрсатаётган ҳимматларининг адоғи йўқ. Туманда бундай саховатли, ишбилармон инсонлар кўп.
Тадқиқотчиларнинг маълумотларига қараганда, кунчиқар мамлакат — Японияда 152 та дорилфунун фаолият юритар экан. Бу рақам Европа давлатларидаги ҳамма олий ўқув юртларидан ҳам кўп. Бугунги кунга келиб бу мамлакатнинг илмий салоҳияти дунёга ёйилаётган, яъни Япония технологияси ҳатто АҚШдай юксак даражада ривожланган мамлакат ишлаб чиқаришига сезиларли таъсир ўтказаётганлиги таълим тизимидаги мукаммалликка бориб тақалади.
Гапни бундай маълумотларнинг талқини билан бошлашдан мақсад шуки, баъзан катта-катта маблағлар сарфлаб ҳашаматли лицей-коллежлар қуришнинг нима кераги бор, деганга ўхшаш мулоҳазаларни эшитишга тўғри келади. Бундай жайдари мулоҳазалар оёғининг тагидан нарини кўролмасликдан бўлак нарса эмаслиги шундоқ ҳам кўпчиликка аён бўлса-да, барибир, бир ҳақиқатни таъкидлаш лозим. Бундан йигирма беш йил илгари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган шундай илм кошоналари қад кўтаришини ҳатто тасаввур ҳам қилолмас эдик. Эндиликда уларни, иборали қилиб айтганда, илм ва ҳунар иншоотлари деб атаган бўлар эдик. Ҳали йиллар ўтади, бошланғич ва ўрта таълимни лицей ва коллежларда мустаҳкамлаган ёшлар амалиёт ва илмнинг жиловини қўлга оладилар, ана ўшанда катта-катта маблағлар сарфлаб қурилган бу илм даргоҳлари мустақиллигимизнинг барқарор пойдевори бўлиб хизмат қилганлигини англаб етамиз. Инсониятнинг минг-минг йиллик тарихи шундан далолат берадики, илмга сарфланган маблағ ҳеч бир замонда, ҳеч қачон зое кетмаган. Шунинг учун давлатимизнинг таълимни жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун катта маблағ сарфлаётганини фақат олқишламоқ керак.
Аммо шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқ лозим бўлади: мамлакатимизнинг барча ҳудудларида таълимнинг даражасини кўтариш учун сарфланаётган маблағ барчага баробар тақсимланаётган бўлса-да, эришилаётган натижалар турлича, яъни бир-биридан сезиларли фарқ қилаётганини ҳам эътироф этиш керак. Масалан, Денов туманидаги 1-мактаб жамоаси кейинги йилларда қаторасига икки марта «Йил мактаби» кўрик-танловида Сурхондарёда биринчи ўринни олди. Ваҳоланки, вилоятда бунга ўхшаган 812 та умумтаълим мактаби бор. Нима, мутасадди ташкилотлар бу мактабга бошқаларга қараганда кўпроқ маблағ ажратаяптими ёки бу ерда моддий таъминот бошқалардан зиёдми? Бултур эса ушбу мактаб «Йил мактаби» республика кўрик-танловида иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Республикада 9727 та умумий ўрта таълим мактаблари бўлатуриб, мамлакатнинг жанубидаги бир қишлоқ мактабининг республика танловида фахрли ўринни олгани кўпларни ҳайрон қолдирди. Шунинг учун ҳам бултур 17-18 сентябрь кунлари мактабда Халқ таълими вазирлигининг кўчма ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлик ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари раҳбарлари, мутахассислари мазкур мактабда амалга оширилаётган ишларнинг кўлами, таълимнинг самарадорлигига юксак баҳо бердилар.
— Биласизми, бу мактаб ... таъмирланмайди, чунки у ҳеч қачон бунга эҳтиёж сезмайди. Бунинг сабаби... Хосият опа бошлиқ жамоанинг энг катта хизмати шундаки, ўқувчиларда мактабга нисбатан жуда катта ҳурмат уйғота олган, — дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Ҳайдар Сувонов. — Нимасини яширамиз, баъзи мактабларда ўқувчиларни дарсга киритиб бўлмайди. Аммо Хосият опанинг мактабида бундай эмас. Улар мактабнинг ҳар бир синф хонасини, ҳар бир ўқув қуролини, қўйингки, ҳар қарич ерини эъзозлайдилар. Ўқувчилар бу ерда тартиб-интизомни сақлашга, одоб-ахлоқни қадрлашга одатланишган. Бундай кўникмаларни ҳар қандай раҳбар мактабда бир кунда, бир йилда барқарорлаштира олмайди. Бундай маданиятга эришмоқ учун сурункали ва самарали меҳнат қилмоқ лозим бўлади.
Мақтаганнинг уйига бор деганларидек, нафақат Хосият Қораева раҳбарлик қилаётган 1-мактабда, умуман, Денов туманида битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи жуда юқори — вилоятда иккинчи ўринда туради. 98 та мактаб, 56 минг нафар ўқувчи, 6 минг нафар битирувчиси бор туманда бундай кўрсаткичга эришиш... осон эмас! Бу туман мактабларида таълим тизимининг барқарор изга тушганлигининг далилидир. Бундай барқарорликка эришиш эса катта жамоанинг катта меҳнати туфайлидир.
Ҳар бир мактабда, ҳар бир туманда ўқувчиларнинг нечоғлик билимга эгалигини аниқлаб берадиган ижтимоий мезонлар бор. Бу – билимлар беллашуви ва муайян фанлар бўйича ўтказиладиган олимпиадалардир. Денов тумани ўқувчилари 4-5 йилдан бери вилоятда биринчи ўринни ҳеч кимга бермай келади. Ваҳоланки, худди бошқа вилоятларда бўлгани сингари Сурхондарё вилоятида ҳам таълим тизимининг самарадорлигини ошириш учун маблағ барчага баробар тақсимланади. Аммо натижалар ҳар хил.
Эътибор беринг, 2014 йил март ойида ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови вилоят босқичида иштирок этган 13 нафар ўқитувчилардан 10 нафари совринли ўринларни қўлга киритган. Жумладан, тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг ҳуқуқ фани ўқитувчиси Зайниддин Мандонов, 6-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувчиси Муҳайё Жўраева, 50-мактаб тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси Бахтиёр Турсунов кабилар вилоятда 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этишди.
2015 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови вилоят босқичида тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Наргиза Мустафоева ҳамда 17-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати кимё фани ўқитувчиси Икром Бозоров 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида қатнашишди.
Бултур 53-мактаб битирувчиси Дилрабо Норқулова Зулфия мукофотини қўлга киритди. 2014 йилда эса ушбу мукофот 79-мактаб ўқувчиси Фарида Тошпўлатовага насиб этганди.
78-мактаб жамоаси эса кунчиқар мамлакат билан самарали алоқалар ўрнатишга эришган. Шунинг учун Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари бу мактабга тез-тез ташриф буюриб турадилар. Амалий ҳаракатлар боис мактаб элчихонанинг 58000 АҚШ долларлик грантига сазовор бўлди. Табиийки, бу маблағ мактабда таълимнинг самарадорлигини оширадиган ўқув қуроллари сотиб олишга сарф қилинди.
24-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Абдусалом Алимардонов бир неча марта халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритгач, АҚШга бориб, малакасини ошириб қайтди. Таассуротлар эса бир олам...
Эришилаётган натижалар қанчалик яхши бўлмасин, катта ишлар ҳали олдинда турибди. Энг муҳими, уларнинг ижросига кафолат бор: бу – давлатимиз раҳбариятининг барча соҳаларга катта эътибори, изчил инсонпарварлик, маърифатпарварлик сиёсатидир.
Деновликлар белгиланган барча ишларни муваффақият билан амалга оширмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, Деновнинг замини унумдор, олтин билан тенг, халқи меҳнаткаш, қўли гул инсонлар. Шунинг учун бу ерда “Деновнинг ерига араванинг гупчагини эксанг ҳам кўкаради”, деган гап юради. Албатта, деновликлар бугунги кунда ўз ерларига араванинг гупчагини экишаётгани йўқ. Улар бу ерларда гўзал шаҳар, қишлоқлар барпо этмоқдалар, заминни обод, кўркам масканларга айлантирмоқдалар, ёшлар учун илм-маърифат йўлини очиб бермоқдалар, ижтимоий тараққиёт йўлларини белгиламоқдалар. Бошқача айтганда, Чағониённинг янги тарихини яратмоқдалар.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Келажакнинг мустаҳкам асоси
Денов тумани Сурхондарё вилоятининг ишлаб чиқариши ривожланган, саноати йилдан-йилга юксалиб бораётган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ўтган йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ялпи ҳажми салкам 570 миллиард сўмни ташкил этганлиги ҳам унинг тараққиётидан дарак беради.
Қўлга киритилаётган бу маблағнинг бир қисми туман ҳудуди, Денов шаҳрини обод қилиш, миллий ва замонавий шаҳарсозлик асосида қайта қуриш, кўркам масканга айлантириш каби бунёдкорлик ишларига сарфланмоқда. Яқинда бу ерда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи қайтадан тикланиб, ободонлаштирилди. Мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Боғ ичида ёзги концерт зали барпо этилди. Бу ердаги “Нуронийлар чойхонаси” мукаммал равишда таъмирдан чиқарилди. Ўттизга яқин янги қурилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юрита бошлади.
Туманда кўкаламзорлаштириш, боғ-роғлар барпо этиш, умуман, кўркам масканлар яратиш ишига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада Шредер номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институтининг Жанубий Ўзбекистон субтропик ўсимликлари тажриба станцияси жиддий ишларни амалга оширмоқда. “Денов дендрарийси” деб аталадиган бу масканда дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган 700 дан ортиқ турдаги ўсимликлар, мевали, манзарали дарахтлар, буталар экилган. Улар бу ерда Жанубий Ўзбекистон шароитига иқлимлаштирилади. Шундан кейин туман ва вилоят ҳудудида уларни экишга тавсия қилинади. Шу боис дендрарий туман учун нафақат бебаҳо илмий лаборатория вазифасини ўтайди, балки унинг бағрида яшиллик оламини яратишга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Ёшларни илм-маърифатли, касб-ҳунарли, келажак ҳаёт учун лаёқатли шахслар қилиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Бугунги кунда туманда 14 та касб-ҳунар коллежи ва битта академик лицейда йигит-қизлар таълим олмоқдалар. Коллежлар ва академик лицей бинолари янгидан, замонавий ҳамда миллий асосда бунёд этилган. Ўқитиш ишлари халқаро андозаларга монанд тарзда олиб борилмоқда. Айни пайтда, коллежларда туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаёти учун зарур бўлган, хусусан, тиббиёт, спорт, педагогика, енгил саноат, тоғ-кон саноати каби соҳалар бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бу кадрлар туманнинг ўзида иш билан таъминланмоқда. 6,5 мингдан ортиқ йигит-қизларни бағрига олган бу коллежларда, академик лицейда Деновнинг келажагини, порлоқ истиқболини яратадиган ёшлар етишиб чиқмоқдалар. Бошқача айтганда, Денов келажаги, юрт истиқболи ишончли қўлларда. Бугунги бунёдкорликлар, яратувчиликлар келажакнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Абдуолим БЎРИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов туман кенгаши раиси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманган водийнинг тарихий, обод шаҳарларидан бири сифатида эътироф этилади.
01 янв 1970
Маҳалла — халқимизнинг аҳиллиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлигини намоён этувчи маскан....
01 янв 1970
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихин...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...