Чўпонотанинг янги боғлари

/
Ҳар бир онгли инсон борки, ўзи туғилиб ўсган Ватани, киндик қони тўкилган шаҳар ёки қишлоғида рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан қувонади, шу жойда яшаётган ҳамюртлари эришган натижалар билан фахрланади.
Ифтихор эса кишини бир жойда тўхтаб қолмай янгидан-янги марраларни кўзлаб, юксак мақсадларни илгари суриб, жамият ривожи, юрт тараққиёти йўлида меҳнат қилишга ундайди.
Ҳар йили баҳорда фақат шу заминга хос бўлган майса-чечаклардан яшариб, ажойиб манзара касб этадиган Чўпонота тепаликлари қадим Самарқанднинг мўътадил иқлимини белгилайдиган, беқарор шамолларни тизгинлаб, шаҳар бағрига бир текис мусаффо ҳаво улашадиган мўъжизакор маскан саналади. Ҳикоятларда айтилишича, Соҳибқирон Амир Темур ўзга мамлакатларнинг элчиларини айни шу ердаги сўлим боғида қабул қилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган экан.
Чўпонота тарихнинг жонли тилсими сифатида бугун ҳам самарқандликларнинг ардоқ-эътиборида бўлиб келмоқда. Шаҳар ҳокимлиги, ободонлаштириш, йўлсозлик ва бошқа мутасадди идора-ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан бу ерда ибратга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, бир неча юз гектарлик тепалик чиқиндилардан тозаланиб, суғориш тармоқлари барпо этилди. Махсус техника воситалари ажратилди. Ҳозир эса Чўпонотада шу жойнинг иқлимига мос келадиган арчазор, бодомзор ва пистазорлар барпо этилмоқда.
— Биз ҳам эзгу мақсад-ҳаракатлардан четда қолмаяпмиз, — дейди “Дарғом” давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ойбек Хуррамов. — Чўпонотада 5 гектарлик майдонда кўчатзор барпо этдик. Ҳозир бу ерда павлония, қрим қарағайи, япон беҳиси, лола дарахти сингари анвойи ўсимликлар кўчатлари кўпайтирилмоқда. Яқин орада бу кўчатлар Чўпонота тепаликларига ажойиб кўрк бағишлайди.
Дарвоқе, Қўҳак қирлари ёки Чўпонота маскани дунёнинг етти иқлимига хос ва мос бўлган нодир дов-дарахтларни ўз бағрига сиғдиришга қодир. Хусусан, бу ерда кўпайтирилаётган, асли Хитой иқлимига хос павлония дарахти бир йилда беш метргача бўй бера олади. Аҳамиятлиси, унинг барглари йирик, ҳавони тозалашда, кислород билан тўйинтиришда барча ўсимликлардан кўра юқори даражада хизмат қилмоқда. Бу дарахт танаси ёғочсозлик ва қоғоз саноати учун бебаҳо хомашё ҳисобланади. Чўпонотада барпо этилган дастлабки уч гектарлик пистазор ҳам табиатга зеб бермоқда. Яқин икки-уч йилда бу ерда пистазор ва бодомзорлар 50 гектарга етказилади.
— Чўпонота ёнбағридаги машҳур Боғибаланд анжирзорлари ҳақида эшитганмисиз? — дейди “Дарғом” корхонаси ўрмонбегиси Субҳон Абдусаломов. — Бу меваларни тоза ҳаво оқими ўтиб турадиган фақат шу баландликда етиштириш мумкин. Демак, қадим Самарқанднинг иқлим ва тупроқ шароитида Соҳибқирон Амир Темур боғларини тиклашимиз кўҳна шаҳар тарихини қадрлаш ва асрашимизга хизмат қилади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистонда Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр республикамиз тарихида муҳим аҳамият касб этган. ...
01 янв 1970
Бизга маълумки, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш билан ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Доно халқимизда “Озода уйга фаришта қўнади” деган пурҳикмат гап бор.
01 янв 1970
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда....