Китоб дўконлари кўпайиши маънавиятимиз юксалишига хизмат Қилади

/
Бугунги кунда дунё мафкуравий майдонларида ғоявий курашлар кучайиб бормоқда. Шу боис маънавий-маърифий ишларни юқори даражада ташкил этиш, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг барча омилларига эътибор қаратиш давр талабидир.
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, фарзандларимизни турли мафкуравий хуружлардан асраб-авайлаш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинмоқда, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Шу билан бирга, амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тизими шаклланганлиги эътиборга молик. Хусусан, маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлар жойларда ўтказган назорат-таҳлил ишлари давомида бир қатор зарур таклиф, ташаббусларни илгари суриб, долзарб масалалар ечим топишида амалий натижаларга эришмоқдалар.
Айтиш жоизки, маҳаллий вакиллик органларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар нафақат партия депутатлик гуруҳларида, балки мазкур Кенгашларнинг доимий комиссиялари таркибида ҳам ўз ташаббускорлиги, профессионал сиёсий маҳоратини намоён этиб келмоқда.
Тошкент вилояти туман, шаҳар марказларида замонавий “Китоб олами” мажмуаларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси” томонидан партиядошимиз Зарифа Эралиева бошчилигида атрофлича ўрганилди.
Жорий йилнинг 15 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу долзарб масала юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижалари ҳақида доимий комиссия раҳбари Зарифа Эралиеванинг ахбороти тингланди.
Сессияда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 110 дан зиёд замонавий нашриётлар, бир ярим мингдан ортиқ матбаа корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Мавжуд нашриётларда ҳар йили 2500 номдаги, умумий адади 40 миллион нусхадан кўпроқ китоблар ўқувчилар оммасига етказиб берилаяпти. Бир қатор етакчи нашриётлар Хитой, Германия, Россия, Эрон ва бошқа мамлакатларда ўтказилган халқаро китоб ярмаркаларининг совриндорлари бўлишди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг 65-бандида республикамизнинг барча минтақаларида, жумладан, 2016 йил мартда — минтақавий марказларда, 2016-2017 йиллар мобайнида — туман марказларида “Китоб олами” китоб дўконлари тармоқларини очиш вазифаси белгиланган.
— Мамлакатимизда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам ёш ва баркамол авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Барча шароитга эга бўлган замонавий мактаб ва коллежлар, спорт иншоотлари, энг чекка ҳудудларда ҳам қад кўтараётган муҳташам мусиқа ва санъат мактаблари, аҳоли маданий дам олиш марказлари ишлаб турибди, — дейди З.Эралиева. — Шу билан бирга, фарзандларимизни маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялашда китобнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ўрни бор. Шу боис вилоят, туман ва шаҳарлар марказларида замонавий “Китоб олами” мажмуаларини барпо этиш, уларни мамлакатимиздаги етакчи нашриётларда чоп этилаётган сара асарлар билан бойитиш, мажмуа таркибида интернет-кутубхона тизимини йўлга қўйиш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, вилоятдаги айрим туман ва шаҳар ҳудудларида “Китоб олами” мажмуаси учун бино ёки ер ажратиш ишлари ҳали тўлиқ охирига етказилмаган. Масалан, Оққўрғон туманида “Китоб олами” мажмуаси қурилиши белгиланган муддатдан кечикмоқда. Бўстонлиқ туманида етарли шарт-шароитларга эга бўлган замонавий китоб дўконлари ташкил этишга етарли даражада эътибор берилмаётганини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.
Жорий йилнинг 15 март ҳолатига вилоятда жами 23 та китоб дўкони мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида канцелярия моллари ва китоб савдоси йўлга қўйилган. Мазкур дўконлар пештахталарида 20-30 номдаги бир ярим-икки минг донага яқин китоблар борлигини назарда тутсак, китоб савдосидан тушадиган ўртача маблағ айланмаси нега жуда кам миқдорда эканининг сабаби ойдинлашади. Бу борада фаоллик кўрсатаётган китоб дўконларининг тажрибасини кенг тарғиб қилиш, шу йўналишдаги ёш мутахассисларни тарбиялашга эътиборни ошириш зарур.
Депутатларнинг қизғин муҳокамаларидан сўнг қабул қилинган сессия қарорига мувофиқ шаҳар ва туман ҳокимларига ҳудудларда замонавий китоб дўконлари ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси”га ёзма ахборот тақдим этиш, ҳудудларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Китоб олами” мажмуасини ташкил этиш ва қуриб битказишни белгиланган муддатларда амалга ошириш вазифалари топширилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш мақсадида замонавий кутубхоналар, спорт иншоотлари, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли маданий дам олиш марказлари фаолиятини янада жонлантириш чоралари белгиланди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига ўқувчиларни дарсларга тўлиқ жалб этиш ва таълим-тарбия самарадорлигига эришишда ота-она, таълим муассасаси ҳамда жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкам йўлга қўйиш, жойларда кенг кўламли тарғибот ишларини ташкил этиш вазифалари топширилди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, вилоят ёшларини ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, миллий тафаккур ва соғлом дунёқарашни шакллантиришга қаратилган ишлар самарасини оширишда сессия қарорлари ижросини таъминлаш муҳим ўрин тутади.
Доимий комиссиянинг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида сессияда қабул қилинган қарорларнинг ижроси ва амалий натижалар муҳокама қилинди. Хусусан, Зангиота туманида “Китоб олами” мажмуасини барпо этишга доир ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилиб, “Назирхўжа ота” хусусий корхонаси томонидан икки қаватли замонавий иншоотни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу замонавий китоб дўкони нафақат туман ва вилоят аҳлига, балки юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларга, сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатиши лойиҳада эътиборга олинди.
— Шунингдек, бинода китобхонлик кечалари ва таниқли шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этишга мўлжалланган алоҳида зал, “Онлайн китоб дўкони” янги китоблар билан танишиш ҳамда мутолаа учун бўлим ва бошқа қулайликлар яратилиши режалаштирилмоқда, — дейди “Назирхўжа ота” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Муҳаммадхўжаев. — Мен Тошкент шаҳрида жойлашган муҳташам “Китоб олами” мажмуасини бир неча бор бориб кўрдим. Оддий бир тадбиркор сифатида юртимиз маънавиятига хизмат қиладиган муҳим ва эзгу ишга қўл ураётганимдан хурсандман. Шу ўринда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг амалий ёрдами биз каби тадбиркорларга куч-қувват бўлаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
“Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси”нинг мазкур йиғилишида сессия қарорлари ижроси юзасидан мониторинг ишларини олиб бориш, бу борада депутатларнинг фаоллигини янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Сарвиноз РЎЗИМУРОДОВА,
Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қаерда, тартиб-интизом мустаҳкам бўлса, шу ерда иш унуми юқори, албатта, кайфият ҳам шунга яраша бўлади. Буни ёзилмаган қоида дейиш мумкин. ...
01 янв 1970
Хумсон қишлоғига ўтган асрнинг 70-йилларидан бери бориб тураман. Кўчалари кенг, файзли, қишлоқ одамлари меҳр-оқибатли, меҳмондўст. Қишлоқ бағридан ...
01 янв 1970
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихин...
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...