Лойқаланиб тинган сув

/
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади. У туз тотмай, ярим кечагача ўғлини кутиб ўтирди. Ниҳоят, ҳовлининг қоқ ўртасига келиб тўхтаган автомашинадан тушган Тўхтабой уловнинг юкхонасини очиб, зил-замбил картон қутини олдида, ичкарига қўйиб чиқди. Отаси келганини хотинидан эшитган, шекилли, у гандираклай-гандираклай ёғоч кароват ёнига етиб келди-ю, сўрашиш учун отасига қўл узатди.
— Нопок қўлингни торт! — жеркиб берди Абдубакир ота. — Ярим тундан ошганда қаердан келяпсан?
— Қаердан бўларди, — деди мастлик туфайли тили яхши айланмаётган йигит. — Бўзчининг мокисидек у ёқдан бу ёққа қатнаб, оилани боқиш учун пул топиб келяпман. Нима, тирикчиликнинг айби борми?
— Мен сендан ҳозир қаердан келяпсан, деб сўраяпман! — жаҳл билан такрорлади ота. — Бугун ишга чиқмаганингни биламан.
— Терговчига ўхшаб сўроқ қиласиз-а, дада, — норози бўлди ўғил. — Нима фарқи бор? Буюртма бўйича бир жойга бордим. Пул ишлаб келдим.
Ота бу гапларни эшитиб, чидаб туролмади.
— Демак, айланма йўлларда ивирсиб юрганинг рост экан-да? Сен юзимни ерга қаратдинг. Қариганимда тириклай гўрга тиқмоқчимисан, ярамас?!
— Бойиб кетаётганимни кўролмаётганларнинг гапини гапирманг, – жеркиб берди отасини Тўхтабой.
— Агар ўзингни ўйламасанг, норасида қизларингни — Фотима-Зуҳрангни ўйла, — дакки берди чол. — Мен ҳам маҳаллада бош кўтариб юролмай қолдим. Номаъқул ишларингни бугундан бошлаб йиғиштир. Бўлмаса...
Ичкаридан чиқиб келган Ойсара қайнотасининг гапини бўлиб, бобиллаб кетди:
— Э, ота, шу ўғлингизни тинч қўясизми-йўқми? Пул топмаса, “топмади”, топса, “топди” деб, уришганингиз-уришган. Оиламизни тинч қўйинг! Сизга ўзингизнинг обрўйингиз керак, бизга эса ўзимизники. Худога шукр, ҳеч кимдан кам эмасмиз. Лекин биз бой бўлишни истаймиз. Шу ёмонми?!
— Келин, мен пул топмагин, деяётганим йўқ, — овозини пайстлатди қайнота. — Фақат қинғир йўл билан эмас, тўғри, қонуний йўл билан пул топсин, дейман. Эртага “аттанг”, деб қолманглар.
Келин энди эрига юзланди ва шанғиллади:
— Бўлди, тушунарли! Мана, душманингиз кимлигини билиб олдингиз. Айтсам, ишонмасдингиз. Дадангиз бир куни сизни қаматиб юборишдан ҳам тоймайди!..
Тўхтабой худди шу гапни кутиб тургандек, итоаткорлик билан хотинига эргашиб, ичкарига йўл олди. Эшик қарсиллаб ёпилди. Ташқарида ёлғиз ўзи қолган ота кўз ёшларини тутиб туролмади. У келгусида ўғлининг бошига тушиши мумкин бўлган кўргиликларни ўйлаб изтироб чекар, аммо қўлидан ҳеч нарса келмаслигидан ўксиб, кўз ёш тўкарди...
***
Отасининг насиҳатларига қулоқ осмаган Тўхтабой барибир ўз билганидан қолмади. У эртаси куни шом пайти келишилган манзилда мижозни кута бошлади. Кеча соч-соқоли ўсиб кетган, афти совуқ бўлса ҳам гаплари дадил бу кимса ундан божхона масканидан сал нарироқдаги айланма йўл орқали деҳқончилик маҳсулотларини бозорга олиб бориб беришда ёрдам сўраганди. Кейин 3-4 тонна юк сиғадиган транспорт воситасини топишни ҳам илтимос қилди. Энг муҳими, савдолашмади ҳам. У Тўхтабой сўраган пулнинг ярмини ўша заҳоти қўлига тутқазди, бир қути музлатилган товуқ оёқларини ҳам тортиқ қилди.
Машинасида хаёл суриб ўтирган Тўхтабой орқа эшикнинг очилишидан чўчиб тушди. Машинага сўроқсиз ўтирган кечаги кимса уни саволга тутди:
— Транспорт нима бўлди?
— Танишимнинг тиркамали “Т-28” русумли тракторини гаплашиб қўйдим. Хабар беришим билан айтилган жойга етиб боради. Ўзи ўша томонда яшайди, — жавоб берди Тўхтабой.
— Жуда яхши, — деди сўраса-да, исмини унга айтмаган кимса. – Кетдик! Йўлдан юк ортишга мардикор оламиз.
Хуллас, Тўхтабой бошқараётган “Жигули” тиркамали тракторнинг олдига тушиб, манзилга етгунча айланма йўллардан анча вақт юришига тўғри келди. Ниҳоят, улар чегара сим-тўсиқларидан сал берироқда тахлаб қўйилган қоғоз қутилар уюмига дуч келишди. Ёлланган ишчилар машина фаралари ёруғида қутиларни трактор тиркамасига орта бошлашди.
— Менга қаранг, — деди шошиб қолган Тўхтабой мижозига юзланиб, — сиз деҳқончилик маҳсулотлари дегандингиз-ку? Бу нимаси, нега мени алдадингиз?
— Қанақа ишга бош қўшганингни ҳали тушунмадингми? — ўшқирди мижоз. — Жарақ-жарақ пулини олганингдан кейин буюрган ишимни қиласан! Тезроқ ортишга сен ҳам ёрдам бер. Чегарачилар сезиб қолишса, қулоғингни ушлаб кетасан!..
Тўхтабой кеча тунда отаси айтган гапларни эслади. Эслади-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Шу пайт қаёқдандир пайдо бўлган қуролли аскарларга кўзи тушиб, шарт машинасига ўтириб, қочишга тушди. Айни дамда қўл телефони тинимсиз жиринглай бошлади.
Анча жойгача қочиб борган Тўхтабой, уни ҳеч ким таъқиб қилмаётганига ишонч ҳосил қилгач, телефонни қўлига олди.
— Шўримиз қуриб қолди, Тўхтабой ака, — деди хотини йиғи аралаш. — Энди нима қиламиз?
— Нима бўлди?..
— Зуҳра кеча сиз олиб келган товуқдан еб, заҳарланди. Аҳволи оғир. Қаердасиз, тез етиб келинг. Биз шифохонада, жонлантириш бўлимидамиз...
Тўхтабой бу хабардан карахт бўлиб қолган, ҳатто машинага яқинлашаётган аскарларга ҳам эътиборсиз, бақрайиб турарди.
— Зуҳра тирик қолиши керак, — бир неча бор такрорлади у. — Дадамдан ёрдам сўра! Дадам ҳақ экан. Мен ҳозир боролмайман. Фақат боламга бир нима бўлмасин...
— Нега келолмайсиз? Дадам шу ерда, — жавоб берди хотини. — Ахир болангиз...
— Ойсара, мен қўлга тушдим, — деди ўзи билмаган ҳолда Тўхтабой. — Дадам ҳақ экан, Ойсара...
***
Туман ички ишлар бўлимида бошқа жиноий шериклари қатори сўроқ қилинган Тўхтабой эрталаб тилхат асосида қўйиб юборилди. У шифохонага етиб келганида, уч яшар Зуҳра ўзига кела бошлаганди.
Тўхтабой отасининг кўксига бошини қўйиб, йиғлаб юборди.
— Ҳаммаси яхши бўлади, ўғлим, — фарзандининг бошини силади ота. — “Сув бир лойқаланиб, кейин тинади”, дейишади, ёмон кунлар ўтиб кетгани рост бўлсин!..
***
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пискент туман суди Тўхтабой Абдубакиров ва унинг жиноий шериклари устидан адолатли ҳукм чиқарди. Воқеа жойида олиб қўйилган 318 кг, умумий қиймати 15.586.700 (ўн беш миллион беш юз саксон олти минг етти юз) сўмлик товуқ оёқлари йўқ қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 211-моддасига асосан, далилий ашё сифатида олиниб, жиноят қуроли сифатида эътироф этилган “Т-28” русумли трактор ва бир дона тиркама давлат фойдасига мусодара қилинди.
Исматилла МАМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов бошчилигида вилоят фаоллари қарши олди....
01 янв 1970
Бугун партиялар фаоллари, номзодлар билан сайловчилар ўртасидаги мулоқотлар чоғида битта фикр қайта-қайта тилга олинмоқда....
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарси” Фарғона вилояти таълим му...