Дунё хабарлари

/
Денгиз суви тозаланади
Австралиялик бир гуруҳ олимлар GraphAir деб номланган графен материали асосида тайёрланган фильтр ёрдамида ҳаттоки денгиз сувини ҳам тозалаб бера оладиган янги инновацион технология яратишди.
Олимлар бу усул сувни туз ва бошқа зарарли ифлослантирувчи моддалардан юз фоиз тозалашини таъкидлашмоқда.
— Мазкур кам харажатли технология ҳар қандай даражада ифлосланган сувни тоза ичимлик сувига айлантира олади, — дейди тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Донь Хан Сео. — Бугун, дунёда 2,1 миллиард одам тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезиб турган бир шароитда бу янгиликнинг қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканини тасаввур этиш мушкул эмас.
 
Дрон-амфибия яратилди
Шимолий Каролина олимлари ҳам осмонда учадиган, ҳам сувда сузадиган, ҳам сувга шўнғиб, маълум чуқурликда тадқиқот ишлари олиб боришга ёрдам берадиган дрон-амфибия яратишди.
Энг муҳими, EagleRay деб номланган қурилма қуёш батареяларидан фойдаланиб учади. Дрон-амфибия узунлиги 140 сантиметр, қанотлари 150 сантиметрга тенг. Дрон сув тубида сенсор ва сонарлар ёрдамида ҳаракатланади.
 
Япония ойга чиқади
Япон астронавтларининг Ой сатҳига қўнишлари ҳақидаги тахминлар анчадан буён айтиб келинарди. Ниҳоят “Иомиури” газетасида ҳукумат бу ишга жиддий киришгани ҳақида мақола чоп этилди.
Маълумотларга кўра, Япония халқаро лойиҳада иштирок этиб, Ойда орбитал база қурилишида асқотадиган янги инновацион технологияларини синовдан ўтказади. Айниқса, япон мутахассисларининг фазо шароитида ҳаво ва сувни тозалаш технологияси кўплаб мутахассисларда қизиқиш уйғотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жаҳоннинг етакчи фазо агентликлари 2020 йилдан Ой яқинида Deep Space Gateway модуль базасини қуришга киришишни режалаштирган.
 
90 фоиз ишни сунъий онг баражаради
Mitsui Sumitomo Insurance суғурта компанияси маъмурий ишларнинг 90 фоизини сунъий онг ихтиёрига ўтказишга қарор қилди. Бу эса ходимларни оғир, зерикарли юмушлардан халос этиш имкониятини яратади.
Энг асосийси, компанияда ходимлар иш ўрни қисқартирилмайди, вазифасига эҳтиёж қолмаган мутахассислар савдо бўлимига ўтказилади.
Албатта, бу технология компанияга бир қатор қулайликлар яратади: сунъий онг алгоритми ҳужжатларни саралаш, мижозлар мурожаатига жавоб қайтариш, мурожаатларни ишлаш ва бошқа ишларни ўз зиммасига олади.
Mitsui Sumitomo Insurance компанияси ўз мисолида сунъий онгни амалиётга киритиш ходимлар сонини қисқартириш эвазига бўлмаслигини исботлади. Зеро, дунёда сунъий онг бажара олмайдиган қизиқарли касблар жуда кўп.
 
Қизил сайёранинг жумбоқлари ечилади
NASA аэрокосмик агентлиги 2020 йилнинг июлида Миррихга янги мобиль автоном илмий лабораторияни йўллашни режалаштирмоқда.
Олимлар янги тадқиқотлар орқали бир қатор қизиқарли саволларга жавоб олишни мўлжаллашмоқда. Жумладан, Қизил сайёра ўтмишда яшаш учун табиий шароитларга эга бўлганми, унда ҳеч бўлмаганда, оддий микроблар мавжуд бўлганми каби саволларга ечим топилиши кутилмоқда.
Бунинг учун сайёра сатҳида бурғулаш ишлари олиб борилади ва бу жараёнда олинган жинслар асраб қўйилади. Кейинроқ сайёрага учиб борадиган астронавтлар мазкур моддаларни таҳлил учун Ерга олиб қайтишади.
 
Сувараклар ёрдамида роботлар такомиллаштирилди
Жон Хопкинс университетининг Чэн Ли раҳбарлигидаги бир гуруҳ мутахассислари америка суваракларини (уларнинг узунлиги 5 сантиметргача етади) узоқ вақт юқори тезликка эга видеокамералар ёрдамида ўрганишди. Айниқса, уларнинг турли тўсиқларни енгиб ўтишдаги маҳорати олимларни қизиқтириб қолди.
Натижада яратилган янги робот айнан тўсиқларни ошиб ўтишда суваракларнинг турли чаққон ҳаракатларини такрорлайди. “Механик суварак” деб ҳам ном олган янги робот ўнқир-чўнқир йўлларда, харобалар ичида иш юритишда қўл келади. Бундай роботлардан табиий офат юз берган ҳудудларда ҳамда бошқа сайёраларни ўрганишда фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Интернет хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Монмут университети социологлари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 41 фоизи мамлакат раҳбари Дональд Трампга импичмент эълон...
01 янв 1970
Австралиялик бир гуруҳ олимлар GraphAir деб номланган графен материали асосида тайёрланган фильтр ёрдамида ҳаттоки денгиз сувини ҳам тозалаб бера о...
01 янв 1970
Франция Сенати (парламентнинг юқори палатаси) кўпчилик овоз билан терроризмга қарши курашишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади....