Фавқулодда вазият ҳолати қачон тугатилади?

/
Франция Сенати (парламентнинг юқори палатаси) кўпчилик овоз билан терроризмга қарши курашишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади.
Франс Пресс агентлиги маълум қилишича, мазкур қонун лойиҳаси фавқулодда вазият ҳолати тугатилганидан сўнг террорчилик хавфи билан курашиш масъулияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклатилишини назарда тутади.
2015 йил 13 ноябрда бутун дунё ҳамжамиятини ларзага солган террорчилик ҳаракати содир этилганидан сўнг Ниццада фавқулодда вазият ҳолати эълон қилиниб, унинг муддати бир неча бор узайтирилди ва жорий йилнинг 1 ноябридагина у бекор қилинади.
Агентлик ёзишича, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда 229 нафар сенатор маъқуллаган бўлса, 106 нафар сенаторлар унга қарши овоз берган. Жорий йилнинг октябрь ойида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси — Миллий кенгашда овозга қўйилади.
 
Ироқ ҳукумати турк ҳарбийларидан норози
Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Мосулдаги кураш якунига етганини маълум қилар экан, турк ҳарбийларини ортга чекиниш ва мамлакатни тарк этишга ундади.
Ўтган ҳафтада Ироқ Бош вазири Мосулни қарийб уч йилдан кўпроқ вақт мобайнида эгаллаб турган “ИШИД” террорчилик гуруҳи устидан ғалаба қозонилганини расман эълон қилган эди. Баёнотдан сўнг “ИШИД” гуруҳига қарши курашиш жараёнини бошқарган шахслардан бири америкалик генерал Стивен Таунсенд Мосулни жангарилардан бутунлай тозалаш учун яна бир неча ҳафта талаб этилишини маълум қилди.
Маълумки, 2015 йил охиридан бошлаб Боғдод ва Анқара ўртасидаги муносабатга бироз совуқчилик тушганди. Ўша йили Туркия террорчилик гуруҳига қарши курашда ироқлик ҳарбийларга кўмаклашиш ниятида Ироқ ҳукуматининг рухсатисиз Мосул яқинидаги Башик туманига ўз ҳарбийларини киритган эди. Шундан буён Боғдод Туркияни мамлакат суверенитетига дахл қилишда айблаб, бир неча бор ҳарбийларини олиб кетишини сўраган.
 
Тоғли Қорабоғ тақдири дунё эътиборида
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг парламенти — Миллий кенгаш келгуси ҳафтада уч йиллик ўтиш даврида мамлакатни бошқарадиган республика президентини сайлайди. Ушбу лавозимга амалдаги президент Бако Саакян ва “Ҳаракат-88” партияси етакчиси, парламент депутати Эдуард Агабекян номзодлари илгари сурилди.
Сайлов 2017 йил 20 февралда янгидан қабул қилинган Конституцияда белгиланган тартиб-таомиллар асосида ўтказилади. Конституцияга киритилган ўзгартишларга кўра, ушбу республикада бошқарувнинг “ярим президентлик” шакли бекор қилиниб, унинг ўрнига “тўла президентлик” бошқаруви жорий этилди. 2020 йилдан сўнг эса умуммиллий сайлов ўтказилади ва президент беш йиллик муддатга сайланади.
Саакян номзоди бирданига учта фракция, яъни парламент 33 та мандатининг аксарият ўрнига эга “Ватан”, “Дашнакцутюн”, “Демократия” фракциялари томонидан илгари сурилди. Мутахассислар сайлов натижасини олдиндан башорат қилиш мушкул эмаслигини қайд этмоқда. Агабекян номзодини эса уч нафар аъзодан иборат фракция илгари сурди.
Саакян Қорабоғда 90-йиллар аввалида бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатлар давомида мудофаа тизимини, Тоғли Қорабоғ республикаси хавфсизлик хизматини бир неча йиллар давомида бошқарган ҳамда 2007 йил сентябрь ойидан бошлаб тан олинмаган республика президенти сифатида фаолият юритиб келади. Саакян барқарорлик ва миллий бирлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Унинг “Биз доимо кучли ва ҳамжиҳат бўлишимиз, эркинлик ва мустақиллигимизни биргаликда ҳимоя қилишимиз ҳамда ўсиб келаётган авлодга муносиб келажакни ярата олишимиз керак”, деган фикри кўпчиликка маълум.
Эркин, суверен ва демократик давлатчилик, кучли мудофаа тизими, мустаҳкам учлик (Арманистон-Арцах-Диаспора — Арцах — бошқача номи Тоғли Қорабоғ) барпо этиш орқали халқ хавфсизлигини ишончли таъминлаш мумкинлигини илгари сурган раҳбар ҳам айнан Саакяндир.
Степанакертнинг собиқ мэри Эдуард Агабекян — шифокор-фармацевт, тиббий хизмат майори. У ҳукумат, олиб борилаётган сиёсатни ўзгартириш тарафдори бўлганлиги боис сайловда иштирок этишга рози бўлганини маълум қилди. “Давлат алоҳида шахсларга қарам бўлиб қолмаслиги лозим”, дейди Агабекян. У ўзининг ҳақиқий имкониятини тўғри баҳолашини қайд этар экан, сайлов жараёнидан Тоғли Қорабоғни қийнаётган масалалар, хусусан, ўз-ўзини тан олдириш масаласини ҳал қилиш мақсадида фойдаланишини таъкидлади. Шунингдек, унинг бошқарувидаги партия Степанакертни музокаралар жараёнига қайтариш тарафдори бўлиб, олиб борилаётган сиёсий муҳокамалар аҳоли хавфсизлигига дахл қилмаслиги лозимлигини айтмоқда.
Маълумки, Тоғли Қорабоғдаги можаро 1988 йил февралда бошланган. Ўша йили Тоғли Қорабоғ автоном вилояти (ТҚАВ) Озарбайжон ССР сафидан чиқиб кетишини маълум қилди. 1991 йил сентябрь ойида ТҚАВ маркази Степанакертда Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил этилгани тўғрисида эълон қилинди. Ушбу баёнотдан сўнг Озарбайжон ҳукумати Тоғли Қорабоғ устидан ўрнатилган назоратни йўқотиб қўйди. 1992 йилдан бошлаб ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш талабини илгари сураётган бўлса, Арманистон тан олинмаган республика манфаатини ҳимоя қилмоқда. Айни пайтда Тоғли Қорабоғ республикасининг ўзи музокаралар иштирокчиси эмас.
Интернет хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Франция Сенати (парламентнинг юқори палатаси) кўпчилик овоз билан терроризмга қарши курашишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади....
01 янв 1970
Австралиялик бир гуруҳ олимлар GraphAir деб номланган графен материали асосида тайёрланган фильтр ёрдамида ҳаттоки денгиз сувини ҳам тозалаб бера о...
01 янв 1970
Монмут университети социологлари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 41 фоизи мамлакат раҳбари Дональд Трампга импичмент эълон...