Австрия: сайловда сўл қанот вакили ғолиб бўлди

/
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди. Унда 1992 йилга қадар Австрия социал-демократик партияси (АСДП) фаол аъзоси бўлган, кейинчалик “Яшиллар партияси”нинг раҳбари сифатида фаолият юритган ва сўнгги сайловда ўзини мустақил номзод сифатида кўрсатган 72 ёшли иқтисодчи Александр Ван дер Беллен сайловчиларнинг 50,1 фоиз овозига эга бўлиб, ғолиб деб топилди.
Таъкидлаш лозим, расман мустақил номзод сифатида сайловда қатнашган Александр Ван дер Белленни “Яшиллар партияси” ўзининг номзоди, деб эълон қилган.
Сайловнинг биринчи тури шу йилнинг 24 апрелида ўтказилган эди. Бироқ ўшанда 6 нафар номзоддан ҳеч бири мутлақ кўпчилик, яъни сайловчиларнинг 50 фоиз овозига эга бўлмаганди. Австрияда сайлов кунига қадар 16 ёшга тўлган мамлакат фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, бу йилги сайловларда 6 380 000 нафар австриялик шундай ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин эди. Шундай бўлса-да, сайловнинг биринчи турида 68,1 фоиз сайловчилар иштирок этди. Айни пайтда бу кўрсаткич бундан аввалги, яъни 2010 йилги сайловга нисбатан 14,5 фоиз ортганини англатади.
Шундай қилиб, сайловнинг дастлабки турида нисбатан кўп овозга эга бўлган икки нафар номзод, яъни сўл қанот “Яшиллар партияси” вакили Александр Ван дер Беллен (21,3 фоиз) ҳамда ўнг қанот “Австрия озодлик партияси” вакили Норберт Хоферлар (35,5 фоиз) иккинчи турда беллашишди. Гарчи апрелдаги сайловда иккинчи номзод Белленга нисбатан 13,8 фоиз кўп овозга эга бўлган бўлса-да, иккинчи турда вазият ўзгарди ва Норберт Хофер рақибидан 0,2 фоиз кам овоз (49,9 фоиз) тўплаб, мағлуб бўлди.
Юқорида таъкидланганидек, Александр Ван дер Беллен 1992 йилга қадар Австрия cоциал-демократик партиясининг фаол етакчиларидан эди. 1994 йилдаги парламент сайловида эса номзоди “Яшиллар партияси” томонидан кўрсатилди ва шу йили Миллий Кенгаш депутати этиб сайланди. 1997 йилга келиб мазкур партияни, 1999 йилда партиянинг парламентдаги фракциясини бошқарди. “Яшиллар партияси” атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологияни асраш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда солиқ ислоҳотларини амалга ошириш, зўравонликларга барҳам бериш, диний бағрикенгликни таъминлаш, демократияни қўллаб-қувватлаш сингари ғояларни илгари суриб келмоқда.
Маълумотларга кўра, Ван дер Белленнинг раҳбарлигида парламент сайловларида сўл қанот партиядан сайланган депутатларнинг сафи ортиб борди. Хусусан, 1999 йилда Миллий Кенгашда партия 14 та ўринга, 2002 йилда 17 та, 2006 йилда 21 та ўринга эга бўлди. 2008 йилда эса партия Миллий Кенгашдаги ўрнини биттага камайтирди. Шундан сўнг Ван дер Беллен партия ва фракция раҳбари лавозимини тарк этиб, 2012-2015 йилларда Вена шаҳар кенгашининг депутати сифатида фаолият юритди. У президент сифатидаги фаолиятини 2016 йилнинг 8 июлидан расман бошлайди.
Амалдаги президент Хайнц Фишер мамлакатни 2004 йилдан буён бошқариб келаётган бўлиб, республиканинг саккизинчи президенти ҳисобланади. У Австрия cоциал-демократик партиясининг номзоди сифатида илгари сурилган ва 2004, 2010 йиллардаги президент сайловларида муваффақиятли иштирок этган. Унинг раҳбарлигида 2008 йилда АСДПнинг яна бир фаол аъзоси Вернер Файманн федерал канцлер этиб тайинланганди. Фишер раҳбарлигида мамлакатда ишлаб чиқариш, саноат ривожланди. Малакали ишчи-ходимлар тайёрланиши, яъни таълимнинг сифатини оширишга бўлган эътибор кучайтирилди. Туризм соҳаси тараққий топди.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Австрияда президент сайлови ҳар 6 йилда ўтказилади. Бир марта сайланган президент иккинчи маротаба ҳам ўз номзодини илгари суриши мумкин. Мамлакат қонунчилигига биноан, президент янги ҳукуматни шакллантиради, федерал канцлер ва вазирларни тайинлайди, шунингдек, федерал қонунлар кучга киришини тасдиқлайди. Айни пайтда президент канцлерни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлса-да, бунинг учун аввало уни мамлакат парламентининг қуйи палатаси — Миллий Кенгаш қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Шу муносабат билан аксарият ҳолларда парламент сайловларида энг кўп овозга эга бўлган партия раҳбари канцлер сифатида тайинланади. Бундан ташқари, президент федерал канцлер, вазирлар ёки бутун бир ҳукуматни истеъфога чиқариши, парламент юқори палатаси ҳисобланмиш — Федерал Кенгашнинг розилиги билан Миллий Кенгашни тарқатиб юбориши ҳам мумкин.
Давлат раҳбарининг муҳим вазифалари Австриянинг халқаро муносабатлари ўрнатилишини тартибга солиш билан боғлиқ бўлиб, президент бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларни ривожлантириши, юқори даражадаги расмий ташриф ва учрашувларда иштирок этиши лозим. Шунингдек, президент миллий армиянинг Бош қўмондони сифатида давлат хизматчилари, офицерлар ва судьяларни тайинлайди ёки истеъфога чиқаради.
«Adolat» мухбири
Саодат СОДИҚОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Монмут университети социологлари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 41 фоизи мамлакат раҳбари Дональд Трампга импичмент эълон...
01 янв 1970
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ишлари мамлакатдаги мухолиф парламент депутатларининг Бош прокуратурага сўрови асосида бошланди....
01 янв 1970
Франция Сенати (парламентнинг юқори палатаси) кўпчилик овоз билан терроризмга қарши курашишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади....