Медиация — низоларни судгача ҳал қилишнинг самарали усули

/
Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар ривожланиб борар экан, бозор муносабатларининг субъектлари ўртасида турли низолар вужудга келиши табиий ҳолат саналади. Амалиёт ҳам оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган низоли ҳолатлар кам эмаслигини кўрсатмоқда. Бу каби низолашаётган тарафлар масаланинг ечимини топиш мақсадида анъанавий йўлни танлашга, яъни судга мурожаат қилишларига тўғри келади.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация — яраштирув процедураси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам чинакам бозор механизмларининг жорий қилиниши ва амалга оширилиши бозор муносабатларининг ҳар бир соҳасини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий замин яратилишини талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг имзоси билан куни кеча амалиётга татбиқ қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун муомалага медиацияга оид янги тушунчаларни олиб кириши баробарида, жамият ҳаётининг яна бир соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган бўлди. Айни пайтда Ўзбекистон низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули, медиациядан фойдаланишнинг дастлабки босқичида турибди.
Хўш, юртимизда медиация қандай кўринишларда намоён бўлади? Унинг асосий принциплари ҳамда афзалликлари нималардан иборат? Медиация жамиятнинг кундалик ҳаётида қўлланишилишига қандай омиллар таъсир қилади? Медиация ривожланиши учун шароит етарлими?
Энди медиация хусусида қисқача тўхталиб ўтсак. Медиация — инглиз тилидан таржима қилинганда “воситачилик” маъносини англатади. У келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида, холис бўлган шахс, яъни медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда медиацияга ўхшаш яраштирув процедуралари турли низоларни ҳал этишда қўлланиб келинади. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан низолашаётган тарафларни, хусусан, қўшнилар ўртасидаги низоларни, оилавий низоларни яраштириш фаолиятини ҳам медиациянинг бир шакли сифатида кўриш мумкин. Жамиятимизда аввалдан маҳалла раислари қўшнилар, оила аъзолари, эр-хотин ўртасидаги низоларни ҳал этиш вазифасини, яъни медиатор вазифасини бажаришган.
Қонунда унинг амал қилиш соҳаси ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган, шунингдек, якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан амал қилиши белгиланди. Ўз навбатида, янги қонунда медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний ҳамда ижтимоий манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан амал қилмаслиги истисно тариқасида берилди.
Қонуннинг 5-моддасида медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши белгиланди.
Шу билан бирга, медиация жараёнида уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада аниқ нормалар киритилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Медиация тартиб-таомилларини амалга оширишда медиаторнинг холислиги таъминланиши ҳам низони ҳал қилиш жараёнига ўз таъсирини ўтказади. Қонунда медиация тартиб-таомилларини амалга оширишда медиаторнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, медиатор холис бўлиши, медиация тартиб-таомилларини тарафларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириши ва медиацияда уларнинг тенг иштирокини таъминлаши, тарафларга ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши кераклиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, у медиация тартиб-таомилларини амалга оширишдан воз кечиши кераклиги кўзда тутилди.
Медиация жараёнида медиаторнинг роли алоҳида эканлигидан келиб чиқиб, медиатор фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин бўлади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичининг мақсади ҳам айнан медиаторлар иштирокида низоларни муқобил ҳал қилиш усулларининг ривожланишига ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган, деб бемалол айта оламиз. Медиация вақт, маблағ ва энг асосийси — эмоционал ресурсларни тежашга олиб келади.
Медиация жараёнларининг тўғри ташкил этилиши тарафлар низолашишини тўхтатиб, яқинлашиш процесси томон йўналтиради, яъни ярашув битимини тузишга имкон яратади. Ушбу афзалликлар амалиётга медиация институтини киритиш, муқобил йўллар ёрдамида низоларни судгача ҳал қилиш тартибини кенг татбиқ қилиш вақти келди, деб ҳисоблашга асослар етарли эканлигини кўрсатади.
Ўз навбатида, “Медиация тўғрисида”ги қонун кучга киргунга қадар низоларни судгача ҳал қилишни тартибга солувчи амалдаги қонунчиликни қайтадан кўриб чиқиш талаб этилади. Жумладан, “Медиация тўғрисида”ги қонун нормаларининг ишлашини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Солиқ кодекси, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилади. Шунингдек, вазирликлар ва идоралар томонидан идоралараро алоқаларни ташкил этишда қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш лозим. Айни пайтда бу борадаги ишлар бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган қонунларни қўллаб-қувватлайди. Шу боис мазкур қонунни ишлаб чиқиш, маромига етказиш ва қабул қилиш жараёнида фракциямиз аъзолари фаол иштирок этди.
Умуман, “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши низоларни судгача ҳал қилиш соҳасида юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимли ва комплекслигини таъминлаб, низоларни судгача ҳал қилишни амалга оширишда самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратади.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ло...
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари жорий йилдаги фаолиятида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратм...
01 янв 1970
Сурхон дарёсидан уч километрча узоқликда жойлашган “Узунқишлоқ” ҳудуди дарёнинг ўнг қирғоғи тарафида 2-3 километрга чўзилиб кетганлиги ...