Сайловлар давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролар ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим демократик институтидир

/
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Бугунги кунда сайлов кампанияси қизғин паллага кирди.
Унинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг фаоллигига боғлиқ. Зеро, сайловлар, аввало, ўз тақдиримизга ўзимиз эгалик қилиш, келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этиш, ўзимиз онгли равишда танлаган муносиб номзод орқали жамият ва давлатни бошқариш демакдир.
Фуқароларнинг умумэътироф этилган энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири бу сайлов ҳуқуқидир. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда сиёсий, ҳуқуқий тизим босқичма-босқич модернизация қилиниши натижасида юксак демократик талабларга мос миллий сайлов тизими яратилди. Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланмоқда. Бунда Конституциямиз ва қонунларда умумэътироф этилган меъёрлар асосида шакллантирилган сайловларни ўтказишнинг демократик тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади”, деб мустаҳкамланган.
Бу эса Асосий қонунимизнинг 7-моддасида белгиланган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, деган принципни тўлиқ амалга ошириш мақсадини назарда тутади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида боби сайлов тизимига бағишланиб, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги каби бир қатор қонунлар қабул қилинди. 1994 йил 5 майда “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилиги тизимида принципиал аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қонунда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этган ҳолда фуқароларимиз сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиб, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол иштирок этиб келмоқда. Мазкур қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Конституция, ушбу қонун ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасидадир”, деган норма мустаҳкамланган. Ушбу тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасида акс этган “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, деган қоиданинг ҳаётга татбиқ этилишини билдиради.
Албатта, ушбу соҳадаги қонунчилигимиз билан ҳамоҳанг равишда фуқароларнинг ҳуқуқий онги, сиёсий дунёқараши тобора юксалиб бормоқда. Фуқароларимиз онги ва тафаккурида рўй берган туб ўзгаришлар, уларда атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси ҳамда фуқаролик бурчи ошиб бориши фуқароларнинг бевосита қонунларда белгиланган ва кафолатланган ҳуқуқларидан яхши хабардор бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, кенг кўламли демократик ислоҳотлар ривожи фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириши билан узвий боғлиқдир.
Сайлов ҳуқуқини ҳеч қандай тўсқинликсиз амалга ошириш фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Сўнгги йилларда қонунчилигимизга киритилган янгиликлар фуқароларнинг сайлов соҳасидаги ҳуқуқларининг янада кафолатланишига хизмат қилмоқда. Жумладан, 2014 йил апрель ойида Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган мамлакатимиз сайлов тизимининг конституциявий асосларини янада такомиллаштиришга, сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга қаратилган тузатишлар муҳим сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлди. Марказий сайлов комиссиясининг мустақил конституциявий орган мақомига эга эканлиги, унинг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби фаолиятининг асосий принципларини конституция даражасида мустаҳкамланиши, энг аввало, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни тўлиқ таъминлайдиган сайлов тизимини янада демократлаштиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда сайлов комиссиялари фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларини, айнан демократик усулларга таяниб, ўз сиёсий иродаларини эркин ифодалаш орқали давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишларини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Ўзбекистонда Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг парламент томонидан шакллантирилиши, ушбу органнинг мустақиллиги таъминланишидаги муҳим жиҳатлардан бири саналади. Бир қатор давлатларда сайлов комиссияси (айниқса, марказий) вазифалари бошқа давлат органлари, жумладан, ички ишлар вазирлиги, марказий статистика бошқармаси зиммасига юклатилса, Австрияда сайлов органлари ҳукумат томонидан шакллантирилади. Шу билан бирга, айрим Европа Иттифоқи давлатларида охирги парламент сайловларидан пропорционал асосда ўрин олган сиёсий партияларнинг бир нафардан иборат вакиллари сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши шартлиги белгиланган.
Албатта, сайлов комиссияларининг мамлакатимизда яратилган уч поғонали тизимидаги ҳар бир сайлов комиссияси муҳим ўрин тутиб, ҳар бир поғонадаги сайлов комиссиялари мустақил равишда фаолият юритади, улар таркибий ва тузилмавий жиҳатдан тизимлаштирилган.
Миллий сайлов қонунчилигимизда сайлов комиссияларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ижро этиши учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига биноан округ сайлов комиссияси бутун округ ҳудудида ушбу сайловга оид қонунларнинг ижросини назорат қилади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди, сайлов участкаларини тузиши ҳамда участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар дастлаб, жамоатчилик вакиллари орасидан уларнинг эл орасидаги обрўси, ҳаётий тажрибаси ва малакавий хусусиятлари, ташкилотчилик қобилияти каби хусусиятлари асосида танланган ҳолда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Иккинчи босқичда участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби яна бир карра ҳар томонлама ўрганилиб, округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда мустақиллик даврида фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда муносиб иштирок этишини таъминлайдиган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига тўла мувофиқ келадиган миллий сайлов тизими яратилди. Шу билан бирга, ушбу соҳадаги қонунларимизнинг такомиллашуви баробарида фуқароларнинг ҳуқуқий онги анча юксалиб бормоқда, улар мамлакатнинг эртанги куни ва келажагига дахлдор энг муҳим масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиб келишмоқда. Албатта, яқинда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бундан мустасно бўлмайди.
Тўлқин АБДУСАТТАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2016 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва к...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
Сурхон дарёсидан уч километрча узоқликда жойлашган “Узунқишлоқ” ҳудуди дарёнинг ўнг қирғоғи тарафида 2-3 километрга чўзилиб кетганлиги ...
01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....