Бухгалтерия ҳисобининг шаффофлиги таъминланади

/
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди. Барча соҳалар қатори мазкур соҳада ҳам замон талабларига мос равишда ўзгаришлар кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 13 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири мамлакатимизнинг иқтисодий ҳаётидаги ривожланиш ва ўзгаришларни, бухгалтерия ҳисоби тизимини ташкил қилишда йиғилган миллий ва халқаро тажрибаларни ўзида мужассам этди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси субъекти томонидан киритилганидан бошлаб, қабул қилингунга қадар қизғин муҳокамалардан ўтказилди. Ушбу ҳужжат юзасидан қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузурида шакллантирилган назариётчи олимлар, мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи томонидан қонун лойиҳаси бўйича келиб тушган таклифлар, фракцияларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди, қатор ривожланган мамлакатларнинг ушбу соҳага оид қонунчилиги чуқур таҳлил этилди.
1996 йилдан буён амалда бўлган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддалари ва нормаларини амалиётда қўллашда юзага келган бошқа қонун ҳужжатлари билан номувофиқликларни бартараф этиш ҳамда халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби тизимини янада ривожлантириш учун замонавий шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари томонидан қизғин баҳс-мунозаралар асосида муҳокама қилингани ҳам унинг пишиқ, пухта тайёрланишига, ҳаволаки нормалардан имкон қадар холи бўлишига хизмат қилди, дейиш мумкин. Айниқса, ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг парламентдаги кўпчиликнинг фикрларига нисбатан мухолиф сифатида билдирган бир қатор таклифлари қонунда ўз аксини топганлиги биз учун аҳамиятлидир.
Жумладан, бухгалтерларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш имконияти тўғрисидаги норманинг қонунчилик йўли билан мустаҳкамланиши ҳамда унинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши бухгалтерларнинг умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратади.
Қонунда янги қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши бухгалтерия ҳисобини юритиш принципларини, унинг мақсадлари ва вазифаларини тўлиқроқ очиб беришга, ушбу соҳада ошкоралик ва хавфсизликни оширишга, ички назорат тизимини мустаҳкамлашга, бухгалтерларнинг ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг касбий фаолиятини кучайтиришга кўмаклашади.
Умуман, қонунда тартибли тизим сифатида бухгалтерия ҳисоби тушунчаси ва унинг элементлари, бухгалтерия ҳисоби субъектлари ва объектлари, масъул шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ажратиш ҳамда бухгалтерлар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш орқали бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш ва юритиш ҳамда ички назорат тизимини таъминлаш бўйича хўжалик юритувчи субъект ва бухгалтерия хизмати раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган қатор механизмлар кўзда тутилган.
Шу билан бирга, бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбарлари ва бухгалтерия хизмати раҳбарларининг ҳуқуқ, мажбуриятларини аниқлаштириш орқали уларнинг масъулиятини ошириш ва йирик корхоналарнинг бухгалтерия хизмати раҳбарларига малакавий талабларни белгилашга доир нормалар ўз аксини топган. Бухгалтерия ҳужжатларининг сақлаш муддатларини ўрнатиш ва мажбурий реквизитларини батафсил ёритиш, электрон ҳужжатлар айланиш тизимини юритиш масалаларига алоҳида аҳамият берилган.
Бундан ташқари, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим қилувчи бухгалтерия ҳисоби субъектларини аниқлашга доир нормалар белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун бухгалтерия ҳисобининг шаффофлиги, ички назорат тизимини таъминлашга, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бухгалтерларнинг ҳуқуқий маданияти, уларнинг касбий масъулиятини кучайтиришга, бухгалтерларнинг, республика профессионал жамоат бирлашмаларининг мақомини оширишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, мазкур соҳада қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олади ҳамда қонун устуворлигини таъминлайди.
Зафар СУЛТОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2016 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва к...
01 янв 1970
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда....
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....