Парламент назоратининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

/
2016 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва кучга кирди. Бу барча парламент аъзолари каби биз — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун ҳам тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Зеро, ушбу қонун орқали парламент назоратининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилинишини мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, хусусан, давлат бошқарувида парламентнинг ролини кучайтиришга оид тизимли чора-тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини кучайтириш хусусида илгари сурилган концептуал ғоялар ҳамда 2011, 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишлар мазкур янги қонуннинг қабул қилинишига асос бўлди.
 Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар ташаббуси асосида киритилиб, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлик гуруҳларида қизғин муҳокама қилинди.
Айниқса, парламент қуйи палатасидаги қўмиталар ҳузурида тажрибали олимлар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда ташкил этилган экспертлар гуруҳида мазкур қонун лойиҳаси чуқур муҳокама қилинди. Ривожланган хорижий мамлакатларнинг бу йўналишдаги тажрибаси ҳамда қонунчилик амалиёти қиёсий ўрганилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида мазкур мавзуда қатор халқаро ва республика даражасидаги конференциялар, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди, уларда масаланинг назарий ҳамда амалий жиҳатлари чуқур муҳокама қилинди.
Қизғин баҳс-мунозаралар, кенг кўламли муҳокама жараёнларидан сўнг лойиҳа 28 та моддадан иборат, пишиқ, пухта ва мукаммал қонун шаклига келди ҳамда парламент томонидан қабул қилинди.
Янги қонунда парламентнинг назорат функциясини самарали амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини очиб берувчи янги нормалар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатишга оид янги ва замонавий институтлар ўз аксини топди.
Аввало, қонун орқали парламент назоратининг объекти ва субъекти белгиланди. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ акс эттирилди. Жумладан, сиёсий партия фракцияларининг парламент назорати субъекти сифатида белгиланиши мамлакатимизда сиёсий партиялар, уларнинг бирлашмалари ролини кучайтиришга оид ислоҳотларнинг яққол исботидир. Қолаверса, мазкур янгилик жамиятдаги турли аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида сиёсий майдонга чиққан партиялар учун янги имкониятдир.
Ушбу янги қонунда парламент назоратининг шакллари аниқ белгилаб қўйилди. Парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги қатор йўналишлари билан бирга замонавий шакллари ҳам ўз ифодасини топди. Масалан, Давлат бюджетини қабул қилишнинг ҳуқуқий механизмлари мукаммал очиб берилди. Хусусан, Давлат бюджети лойиҳасини Олий Мажлис палаталарига киритиш муддатининг аниқ белгиланиши, унинг фракцияларда, депутатлар гуруҳларида, Қонунчилик палатасининг қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиниши, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётганда фракцияларнинг, депутатлар гуруҳларининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг келиб тушган мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда маромига етказишга оид вазифалари аниқ белгиланганлиги қонуннинг энг муҳим жиҳатларидандир.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолатини, ҳуқуқни қўлланиш амалиётини ўрганиш ва улар томонидан қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши устидан мониторингни амалга ошириш институти жорий этилди. Бу қабул қилинган қонунларнинг самарали амалга татбиқ этилишида муҳим омилдир.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонун орқали “парламент текшируви” номли янги институт жорий қилинди. Бунга асосан, жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян омиллар ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкинлиги белгиланди. Бу жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларга парламентнинг муносабатини акс эттириш учун янги ҳуқуқий механизмдир.
Шу билан бирга, янги қонунда парламент назоратининг натижалари алоҳида моддада ёритилди ва унда парламент назорати субъектлари томонидан ўз ваколатлари доирасида кўрадиган чоралар акс эттирилди. Ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш борасидаги вазифалари аниқ белгиланди.
Умуман, мазкур қонун ўз аҳамиятига кўра бугунги кунда мамлакатимиз қонун ижодкорлиги соҳасида эришилган юксак натижаларни рўй-рост намоён этадиган, шу билан бирга, юртимизнинг келгуси тараққиёти, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси бўлган — қонун устуворлиги, ижтимоий адолат тантанаси каби эзгу ниятларга эришиш йўлидаги яна бир ҳуқуқий асосдир.
Янги қонун парламент назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси сифатида қонун чиқарувчи орган фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ло...