Юксак истеъдод ва маҳорат намойиши

/
Индонезияда бўлиб ўтаётган XVIII Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар барчамизга ўзгача шукуҳ бахш этаяпти. Айниқса, ушбу ғалабалар фарзандларимиз ва ёшларимиз қалбида юртга садоқат руҳини шакллантиришга хизмат қилаётгани диққатга молик. Атлетларимизнинг чиқишларини кўраётган минглаб болажонлар қалбида эса спортга ошно тутиниш ҳисси жўш урган бўлса, ажаб эмас.
Осиё ўйинларида баҳслар кескин курашлар остида кечмоқда. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар рақибларига муносиб қаршилик кўрсатяптилар. Мусобақаларнинг бешинчи куни вакилларимиз учун янада омадли кечди. Жумладан, академик эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳсларида иштирок этган Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов барча рақибларидан олдин маррага етиб келишди. Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевдан иборат иккинчи жуфтлик финишга иккинчи бўлиб етиб келди. Спортнинг ушбу тури бўйича тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимизга эса бронза медали насиб этди.
Таэквондо бўйича -49 кг. вазн тоифасида жангларда қатнашган 17 ёшли Мадинабону Маннопова олтин медалга бир баҳя қолганда енгилди. У финалгача Гонконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратди. Чемпион номини аниқлайдиган жангда таиландлик Панипак Вонгпаттанакит олдида ожиз қолди. Якунда Мадинабону кумуш медаль соҳибига айланди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўн етти ёшли атлетимизнинг қитъанинг йирик халқаро мусобақасида катталар билан баробар курашгани унинг имкониятлари нақадар юқори эканини қўрсатди. Бу эса ўзбек спортининг келажаги ишончли қўлларда эканини билдиради.
Спорт гимнастикасида афсонавий спортчи Оксана Чусовитина ҳали ҳам ареналардан кетгани йўқ. 43 ёшли гимнастикачимиз бу сафар ҳам ўзининг ваъдаси устидан чиқди. Ёшларга мураббийлик қилиш билан бирга Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишдан чарчамайдиган Оксана Осиё ўйинларида ҳам барчага ўрнак бўлди. У спорт гимнастикасининг таяниб сакраш машқларида иштирок этиб, иккинчи натижани қайд этди.
Юнон-рум кураши бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилган Мўминжон Абдуллаев Осиё ўйинларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. 130 килограммгача вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Мўминжон финалгача Жанубий Корея, Тожикистон ва Эрон полвонлари устидан ғалаба қозониб, ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонлик Нурмакан Тиналиевдан 8:0 ҳисобида устун келди.
— Финалдаги рақибим жуда кучли эди. У икки карра Осиё ўйинлари ғолиби ҳисобланади, шунингдек, икки карра жаҳон чемпионатида ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олган, — дейди Мўминжон Абдуллаев. — Бу ғалабага эришишда ўз билим ва тажрибаларини аямаган мураббийларимга, ота-онамга миннатдорлик билдираман. Кечаю кундуз олиб борган машаққатли машқлар ўз самарасини берди. Индонезияга совриндорлар қаторидан ўрин олиш учун келганим рост. Бу йўлда барча имкониятимни ишга солдим. Якунда мақсадга эришдим. Ушбу ғалабамни яқинлашиб келаётган Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлайман.
Қайд этиш лозимки, иштирокини якунлаган эркин ва юнон-рум кураши бўйича вакилларимиз курашчилар орасида медаль қўлга киритиш бўйича иккинчи натижа кўрсатишди.
Индонезия майдонларида мухлисларимизни хурсанд этишда давом этаётган футболчиларимиз нимчорак финал ўйинида Гонконг олимпия терма жамоаси билан куч синашди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари ушбу босқичда ҳам ишончли ғалаба қозонди. Тўлиқ футболчиларимиз назоратида ўтган ўйинда Гонконг 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Чорак финал баҳсида футболчиларимиз Эрон устидан ғалаба қозонган Жанубий Корея олимпиячилари билан куч синашади. Чорак финал ўйинлари 27 август куни бўлиб ўтади.
Кеча ўтказилган беллашувларда ҳам атлетларимиз қатор спорт турларида медаллар учун курашишди. Жумладан, академик эшкак эшиш мусобақасида қатнашган юртдошларимиз 8 кишилик қайиқда маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва терма жамоамизга навбатдаги кумуш медални тақдим этди. Велоспортчи Мурод Холмуродов эса 40 км масофага шоссе баҳсларида қатнашиб иккинчи натижани қайд этди. Якунда у кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, мамлакатимиз ҳамда турнирнинг биринчи рақамли ракеткаси бўлган Денис Истомин ярим финал учрашувини ўтказди. Ушбу босқичда у ҳиндистонлик рақибини 6:2, 6:2 ҳисобларида мағлубиятга учратиб финалга йўл олди. Денисда камида кумуш медаль нақд. Аммо теннисчимизнинг имкониятларини ҳисобга олсак, унинг биринчи ўринни қўлга киритиши жуда юқори.
Айни пайтда, Осиё ўйинларида спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган медаллар сони — 4 олтин, 10 кумуш ва 7 бронза, жами 21 тани ташкил қилмоқда. Ноанъанавий рўйхатда Ўзбекистон делегацияси 10-ўринни банд этган.
Осиё ўйинлари 2 сентябргача давом этади.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Теварак-атрофи дарахтлар, яшил майсазор, анвойи гуллар билан қопланган бу сўлим маскан чиндан кишига хушкайфият бағишлайди. ...
01 янв 1970
Газетамизда юқоридаги сарлавҳа остида ЎФА томонидан беш нафар ёш футболчини умрбод футболдан четлаштириш борасида чиқарган қарори бўйича мақола чоп...
01 янв 1970
1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят о...
01 янв 1970
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган...