ОСИЁДА СПОРТ БАЙРАМИ БОШЛАНАДИ

/
Бугун Индонезия пойтахти Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Осиё ўйинлари қитъамиз атлетларининг энг нуфузли спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Яъни ушбу мусобақа бевосита ёзги олимпия ўйинларининг Осиёдаги муқобили сифатида ҳам эътироф этилади. Ўз навбатида, таъкидлаш керакки, олимпия оиласи дастурига киритилган аксарият спорт турларида осиёлик атлетлар яққол пешқадам экани барчага маълум. Шу маънода Осиё ўйинлари рақибларнинг кучини чамалаб олиш учун яхшигина имкониятдир.
Мамлакатимиз атлетларининг мазкур мусобақага тайёргарлигига келадиган бўлсак, улар бу йил ҳам аввалги турнирларда бўлгани сингари юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилишган. Ўзбекистон терма жамоаси бундан олдин ўтказилган Осиё ўйинларида медалларни қўлга киритиш бўйича ноодатий рўйхатда кучли бешталикка кирган. Бу йил ушбу натижа янгиланишига умидвормиз. Жорий йилги Осиё ўйинларининг биз учун яна бир тарихий аҳамияти шундаки, унда илк маротаба ўзбек миллий кураши бўйича мусобақалар ўтказилади. Бу ўзбек спортининг навбатдаги ютуғи бўлди десак, муболаға бўлмайди.
— Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди, — дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов. — Спортчилар мамлакатимизда ва хорижда тайёргарлик ўтказишди. Айни пайтда улар мусобақаларга шай. Жисмоний ҳолатлари ҳам юқори даражада. Насиб этса халқимиз кутаётган юқори натижаларни қўлга киритиб, ишончни оқлаймиз.
Осиё ўйинларининг очилиш маросида Ўзбекистон давлат байроғини бокс бўйича терма жамоамиз аъзоси Исроил Мадримов кўтариб ўтадиган бўлди.
—Ушбу масъулиятли вазифа менга топширилганидан бениҳоя хурсандман. Шарафли вазифани қўлдан келганча олтин медаль билан оқлашга ҳаракат қиламан. Менда олтин медални қўлга киритиш учун етарли тажриба бор. Олдинги Осиё ўйинларида финалгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритгандим. Энди уни олтинга айлантираман, —дейди Исроил Мадримов.
Осиё ўйинларининг футбол мусобақаларига эса барвақт старт берилди. Унда иштирок этаётган футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 15 август куни биринчи турда Бангладеш олимпия терма жамоаси билан баҳслашди. Ўйин Равшан Ҳайдаров шогирдларининг яққол устунлигида ўтди. Якуний ҳисоб 3:0. Вакилларимиз фойдасига. Кеча футболчиларимиз иккинчи турда Қатар олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушди. Юртдошларимиз устунлигида ўтган мазкур баҳсда олимпиячиларимиз 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Айни пайтда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳисобида олти очко бор. Бу кейинги босқич масаласи ҳал этилди, деганидир. Гуруҳ босқичининг 3-турида вакилларимиз Таиланд олимпия терма жамоаси билан тўқнашади.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Газетамизда юқоридаги сарлавҳа остида ЎФА томонидан беш нафар ёш футболчини умрбод футболдан четлаштириш борасида чиқарган қарори бўйича мақола чоп...
01 янв 1970
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган...
01 янв 1970
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. ...
01 янв 1970
Теварак-атрофи дарахтлар, яшил майсазор, анвойи гуллар билан қопланган бу сўлим маскан чиндан кишига хушкайфият бағишлайди. ...