ФУТБОЛ: ЗАВҚ БАҒИШЛАЙДИГАН КУНЛАР ЯҚИН

/
Шу кунларда дунё футбол ишқибозларининг диққат эътибори 14 июндан 15 июлгача Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қаратилган. Мундиални 14 июнда Москвадаги “Лужники” стадионида Ўзбекистон вақти билан 19:00 да Россия ва Саудия Арабистони терма жамоалари бошлаб беради. Чемпионат Россиянинг 11 шаҳрида барпо этилган 12 та стадионда бўлиб ўтади.
Россия Федерацияси футбол бўйича жаҳон чемпионатига катта тайёргарлик кўрган. Футбол ўйинлари ўтказиладиган 12 стадион ва шаҳарларнинг инфратузилмалари тубдан янгиланди. Ҳисоб-китобларга кўра, Россия мазкур чемпионатни ўтказиш орқали 867 миллиард рубль фойда олиши мумкин экан. Бироқ шу кунга қадар ўтказилган жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган давлатлар фақат зарар кўрганликларини таъкидлайдилар. Аслида жаҳон чемпионатини ўтказишда фойда назарда тутилмайди. Балки бу ўша мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори, нуфузи янада кўтарилишига хизмат қилади.
Маълумотларга қараганда, Россия ҳукумати ва ҳомийлар томонидан жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун 683 миллиард рубль, яъни 12 миллиард АҚШ доллари сарфланган. Бу кўрсаткич шу кунга қадар ўтказилган мундиаллар орасида энг кўп маблағ сарфланганини билдиради. Бироқ бу кўрсатгич ҳам 2022 йил Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига нисбатан анча арзон мундиалга айланиб қолиши мумкин. Чунки қатарликлар сарфлаётган сармоя русларникидан кўп бўлиши кутилмоқда. Умуман олганда, ҳар доим футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга сарфланадиган маблағ ошиб бораверади. Бир сўз билан айтганда, «тўй»га мезбон чўнтагидаги пулига қараб уй безатади.
Жаҳон чемпионатини кўнгилдагидек ўтказиш учун мезбонлар барча ишни тахт қилиб бўлишди. Энди гап фақат терма жамоаларда қолди. Улар ишқибозларга чиройли футбол кўрсатишлари керак. Мундиалда иштирок этиш учун тўрт йил давомида барча қитъаларда қизғин кураш кечди. Саралаш баҳсларидан кейин Россияда иштирок этадиган омадли 32 мамлакат терма жамоалари номи маълум бўлди. Жорий йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан кейин дунё футболида юксак мавқега эга бўлган кўплаб терма жамоалар, жумладан, Италия, Чехия, Голландия, Чили, Америка, Парагвай, Украина, Гана давлатларига мундиалда иштирок этиш насиб этмади. Шулар қаторида Ўзбекистон терма жамоасини ҳам тилга олиш мумкин. Тўғри, мамлакатимиз бош жамоаси футбол грантлари қаторига кирмайди. Бироқ Осиё қитъасида ўтказиладиган саралаш баҳсларида барча жамоаларнинг кучлари тенг. Фақатгина футболчиларни ва тактикани тўғри танлаган терма жамоалар мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Ўзбекистон терма жамоаси мамлакатимиз мустақилликка эришгандан бери жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашади. Йигитларимиз барча саралаш бочқичларида рақиблари билан тенгма-тенг курашиб келадилар. Лекин якуний паллада мундиал йўлланмасини ҳал қилувчи ўйинларда имкониятни рақибига қўшқўллаб топшириб қўядилар. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Аммо бу мундиалда ҳам юртимиз вакили Равшан Эрматов иштирок этиши аниқ. Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилиш бўйича дунё рекорди соҳиби ҳисобланади. У 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионатларида жами 9 та ўйинда бош ҳакамлик қилган. Эндиликда Россияда бўлиб ўтадиган учрашувларда ҳам Равшан Эрматов ҳакамлик қиладиган бўлса, унинг рекордини яқин орада ҳеч ким янгилай олмаслиги аниқ. Чемпионат баҳсларида бош ҳакамимизга қанотларда Жаҳонгир Саидов ва Абдуҳамидилло Расулов ёрдам беради. ФИФА мундиалга 46 та мамлакатдан 36 нафар бош ва 63 нафар ёрдамчи ҳакамларни ишлашга таклиф қилган.
Умид қиламиз, бу йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этиб, мухлисларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этадилар.
Ж.РАЗЗОҚОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган...
01 янв 1970
“Соғлом бола — юрт таянчи” шиори остида болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнири ўтказилди....
01 янв 1970
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти....
01 янв 1970
 Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари авж палласига кирди. ...