Футболда ғирромлик кетмайди

/
«Ёшларга имконият бериш керак»
ЎФФ (айни пайтда ЎФА) беш футболчини умрбод футболдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди! Нега?
(“Adolat” 2018 йил, 19 январь, 3-сон)

Газетамизда юқоридаги сарлавҳа остида ЎФА томонидан беш нафар ёш футболчини умрбод футболдан четлаштириш борасида чиқарган қарори бўйича мақола чоп этган эдик. Шундан сўнг мавзу бўйича муштарийлардан телефон қўнғироқлари бўлди, мактублар олдик. Мавзуни давом эттириш, муштарийларимизнинг саволларига жавоб топиш ва ўзбек футболида амалга оширилаётган ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-призиденти Умид АҲмаджоновга мурожаат қилдик.
— Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Хитойдаги Осиё чемпионатида бош совринни қўлга киритишига қандай омиллар сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
— Аввало, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриши бўйича махсус режа ишлаб чиқилди.
Ушбу режага кўра, терма жамоа мураббийлар штаби олдига биринчи навбатда жамоани иқтидорли ва малакали футболчилар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Мазкур вазифа бўйича олий ва биринчи лига клубларида тўп сураётган 100 дан ортиқ футболчилар кўрикдан ўтказилди. Кўрикка илмий ёндашган ҳолда, футболчиларнинг жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик ҳолатлари аниқланди.
Футболчилар томонидан кўрсатилган натижалар махсус тузилган мураббийлар кенгаши томонидан таҳлил қилиниб, улардан энг иқтидорли ва энг кучли бўлган футболчилар саралаб олинди ҳамда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шакллантирилди. Терма жамоага Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги малакали мураббийлар тайинланди.
Терма жамоа тўрт маротаба ўқув-йиғин ўтказиб, бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушди. Ўқув-йиғин давомида футболчиларимизнинг жисмоний, техник, тактик, функционал ва психологик ҳолатлари назоратдан ўтказилди.
Демак, ғалабамизнинг бош омили — холис танлов, малакали мураббийлар штаби, жиддий тайёргарлик ва фидойи футболчилар бўлди.
— Ҳакамларимизнинг савиясини ошириш ва улар томонидан ўйинларнинг холис бошқарилишини таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан юртимизда ҳакамлик сифатини ошириш, Суперлига, Про-лига ҳакамлари, шунингдек, ёш ҳакамлар билан ишлашни йўлга қўйиш, мунтазам равишда уларнинг малакасини ошириб бориш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2017 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон футбол федерациясида бош ҳакамлар сони 8 нафарни ташкил этаётган эди. Биз ҳакамларимиз сонини ва уларнинг савиясини ошириш учун ёш ҳакамларни тарбиялаш ва уларнинг тажрибасини оширишга қаратилган ислоҳотларни йўлга қўйдик. Биринчи навбатда, белгиланган режа асосида ҳакамларнинг жисмоний ҳолатини синовдан ўтказиш мақсадида улардан нормативлар қабул қилиш жараёни йўлга қўйилди.
Ноябрь ва декабрь ойларига келиб ёш ҳакамлар ва тажрибага эга бўлган ҳакамларни аттестациядан ўтказилгандан сўнг ҳозирги кунда бош ҳакамлар сони 25 нафарга етказилмоқда.
2018 йилдан бошлаб ёш ҳакамларимиз сони кўпайтирилади. Уларнинг малакасини ошириш, янги мавсумдан олдин тайёргарлигини юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида жорий йилнинг 10-20 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида юртимиздаги 13 нафар рефери ва 17 нафар рефери ассистентлари иштирокида ўқув-машғулот йиғини ўтказилди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик ҳакамлар мунтазам равишда юртимизда ва хорижда ташкил қилинаётган семинарларда иштирок этиб келишмоқда.
— Жорий йилдан бошлаб янги форматдаги Ўзбекистон Суперлигасига асос солинди. Унда иштирок этадиган жамоалар сони 12 та этиб белгиланди. Ушбу янги тизимнинг қандай афзалликлари бор?
— Миллий чемпионатимизни Суперлигага ўзгартириб, клублар сонини 12 тага қисқартиришимиздан асосий мақсад чемпионатимизда рақобатни ошириш. Эндиликда клублар ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун астойдил курашишади. Ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Юқори 6 та ўринни эгаллаган жамоалар чемпионлик учун баҳс олиб борса, қуйидаги олтита жамоа Суперлигада жон сақлаб қолишга ҳаракат қилади.
Бундан ташқари, Про-лига савиясини ошириш борасида ҳам кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қанчалик учрашувлар курашларга бой, қизиқарли ва чиройли кечса, мухлислар яна стадионларга қайтади. Асосий мақсадимиз ҳам шу. Қолаверса, клублар ҳам ўз олдиларига катта мақсад қўйса, лигаларда рақобат кучайса, бу футбол савияси учун, футбол имижи учун, албатта, катта ютуқ. Агар клублар рақобатбардош тизим ва инфратузилма ярата олишса, айтиш мумкинки, бу лигалар ривожи, умуман, футбол ривожи учун катта қадамдир.
— Болалар футболини ривожлантириш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Бу борада биринчи галда болалар мураббийларининг малакасини, билим савиясини ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга катта аҳамият қаратилмоқда.
Мана шу мақсадда, вилоятлар тўртта ҳудудга бўлинган ҳолда, ҳар бир ҳудуд учун бир нафардан хорижлик мутахассис жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
Юртимизга ташриф буюрадиган мутахассислар ҳудудларда болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар билан иш олиб боришади. Уларга ёш футболчиларни футбол мактабларига саралаб олиш, ўқув-машғулотларини ўтказиш, истеъдодли футболчиларнинг маҳоратини сайқаллаб бориш бўйича керакли маслаҳатлар бериб боришади.
Шунингдек, болалар футболида нохолисликни йўқотиш ва шаффофликни таъминлаш борасида ҳам кўплаб ислоҳотлар бошлаб юборилган. Биринчи навбатда, юртимизда болалар ва ўсмирлар футбол мактабларига қабул жараёнлари холис ўтишини таъминлашга жиддий эътибор берилаяпти. Бунинг учун футбол мактабларига қабул пайтида ота-оналар билан биргаликда ЎФАнинг вакиллари ҳам иштирок этиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, қабул жараёни маҳаллий ва республика ОАВда ёритилиб, телевидениеда кўрсатиб борилади. Бу эса қабул жараёнидаги нохолисликларнинг олдини олишга ёрдам беради.
— Беш нафар ёш футболчини бир умрга футболдан четлатиш ҳақида қарорингиз эълон қилинди. Фикримизча, бунда шошқалоқликка йўл қўйилгандек. Бу ҳолатда ёш футболчиларни эмас, шу ишнинг тепасида турганлар жазоланиши керак эди, шекилли. Эслатиб ўтай, бу мавзуда «Adolat» газетасининг 2018 йил, 19 январь, 3-сонида «Ёшларга имконият бериш керак» сарлавҳаси остида мақола чоп этган эдик. Қарорингизни ўзгартириб, ёш футболчиларга яна бир имконият бериш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
— Албатта, ОАВнинг ЎФА томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга, чиқараётган қарорларига ўз муносабатини билдираётгани бизни қувонтиради. Биз «Adolat» газетасида чоп этилган мазкур мақола билан танишиб чиқдик. Бироқ, бугун футболимиз атрофида содир этилаётган турли кўринишдаги қонунбузарликлар билан курашмас эканмиз, эртага ўйлаган режаларимизни амалга ошира олмаймиз. Афсус билан таъкидлаш жоизки, бугунгача ўзбек футболида турли «ўйинлар» бўлган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси эса футболимизда шаффофликни таъминлаш, ноҳақликларнинг олдини олиш ва ғирромликларга барҳам бериш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Биз бу йўлдан қайтмоқчи эмасмиз.
Қарорда исм-шарифлари келтирилган футболчилар Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан бир умрга футболдан четлатилди. Буни ўзгартирмоқчи эмасмиз. Қарор ўз кучида қолади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси доимий равишда футболдаги ғирромликлар, ёш кичрайтиришлар ва ҳужжатларни сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатларга қарши кураш олиб боради. Ўзбек футболидаги ҳар бир футболчини шахсан ўзим текшираман. Агар қонунбузарликлар аниқланса, қатъий равишда жазоланади. Бир сўз билан айтганда, бизга ғирром футбол керакмас.
Ўз ёшини кичрайтириб, чет элда тўп суриб юрган футболчилар ҳақида ҳам менда барча маълумот бор. Тез орада улар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар эълон қилинади ва тегишли чоралар кўрилади.
Шунингдек, футболчиларни чет давлатларга сотиш бўйича қоидабузарликка йўл қўйган, катта пул ишлаш мақсадида, футболчини ғирромликка қўл уришга мажбур қилган футбол агентлари ҳақида маълумотлар ҳам тўпланган. Бу маълумотлар ҳам тез орада федерация расмий сайтида эълон қилинади ва уларга тегишли жазолар тайинланади. Бу эса футбол ўйнаш ўрнига тезроқ бойиб кетиш, обрў ортириш илинжида юрганларга сабоқ бўлиши керак.
— Самимий ва ошкора суҳбат учун ташаккур.
Суҳбатдош: «Adolat» мухбири
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ
 
PS: Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси Бюроси қарори асосида “Навбаҳор-Лочинлари” футбол клуби футболчиси Ойбек Қиличев бир йил муддатга, “Бунёдкор” футбол клуби футболчиси Дилшод Аҳмадалиев эса бутунлай футболдан четлатилганди. Аммо шунга қарамай, номлари юқорида тилга олинган футболчилар ўз клублари таркибида ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб юргани маълум бўлди.
Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси Бюроси қарорларини бузганлиги учун Ижроқўм Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли қарорига кўра “Навбаҳор-Лочинлари” ҳамда “Бунёдкор” футбол клубларининг ҳар бирига 500 миллион сўм миқдорида жарима солинди.
Агар бундай ҳолат яна такрорланадиган бўлса, бундан-да қатъий жазолар қўлланилиши белгилаб қўйилди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Индонезияда бўлиб ўтаётган XVIII Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар барчамизга ўзгача шукуҳ бахш этаяпт...
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
Шу кунларда дунё футбол ишқибозларининг диққат эътибори 14 июндан 15 июлгача Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қаратилган....
01 янв 1970
 Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари авж палласига кирди. ...