Матонатингизга тасанно, чемпионлар!

/
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. Бунга жавобан имконияти чекланган юртдошларимиз илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида халқаро майдонда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Айниқса, спортнинг қатор турларида ўз имкониятларини намойиш этаётган ногирон атлетларимизнинг ютуқларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича паралимпиячилар ўртасида ўтказилган жаҳон кубогида ҳам имконияти чекланган дзюдочиларимиз яна бир бор ўз маҳоратларини намойиш этиб, юксак натижаларни қўлга киритдилар.
Мазкур нуфузли мусобақа Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан Халқаро кўзи ожизлар спорт ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Жаҳон кубогида 30 га яқин давлатдан келган полвонлар 13 вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди. Кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган чемпионатда юртдошларимиздан Шуҳрат Бобоев, Шерзод Намозов, Феруз Саидов, Парвина Самандарова ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Нурбек Мирзаев, Васила Алибоева, Севинч Салаева кумуш медални қўлга киритган бўлса, Шариф Халилов, Ширин Шарипов, Ферузахон Юсупова, Гулруҳ Раҳимова бронза медаль билан тақдирланди. Чемпионатда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади.
— Юртимизда ўтказилган жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритганим менга икки карра хурсандчилик ҳадя қилди, – дейди Парвина Самандарова. — Мазкур ғалаба эвазига 2020 йилда Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинлари учун рейтинг очкоси ҳам тақдим этилди. Барча спортчилар сингари мен ҳам жаҳон спортчиларининг йирик анжуманида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни истайман.
2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига мамлакатимиз спортчилари йўлланмалар учун курашга киришган. Бу борада давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё этилмоқда. Бунда Президентимизнинг шу йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори муҳим асос бўлмоқда. Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси томонидан пойтахтимизда дзюдо бўйича ногиронлар ўртасидаги жаҳон кубоги мусобақаларини ташкил этилиши қарорда белгиланган вазифаларни таъминлаш борасидаги муҳим қадам бўлди.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири,

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти....
01 янв 1970
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар ярат...
01 янв 1970
Хитойда давом этаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати якуний паллага яқинлашмоқда....
01 янв 1970
Футболнинг «миллионлар ўйини» дейилиши бежиз эмас. Ер юзида 300 миллионга яқин киши спортнинг шу тури билан шуғулланади....