Дунё полвонлари Тошкент гиламларида беллашади

/
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Жумладан, мамлакатимиздаги спорт иншоотларининг аксарияти халқаро спорт анжуманларини ўтказиш учун жуда қулай. Буни халқаро спорт жамоатчилиги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Гран-при турнирларини Ўзбекистонга ишониб топшираётганида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, Тошкент шаҳри дунё спортчиларининг эътирофига бир неча маротаба сазовор бўлган. Пойтахтимизда ҳар йили юзга яқин халқаро турнирлар ўтказилиши ҳам шундан далолат беради. Бу, ўз навбатида, Ватанимизнинг халқаро нуфузи ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 6-8 октябрь кунлари азим Тошкент шаҳри яна бир бор дзюдо ихлосмандларининг диққат эътиборида бўлади. Яъни пойтахтимиз навбатдаги халқаро Гран-при мусобақаларига мезбонлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз дзюдо федерацияси, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF), қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бешинчи бор ташкил этилаётган мусобақада дунёнинг йигирма давлатидан 200 нафар спортчи ўн тўрт вазн тоифасида совринли ўринлар учун курашади. Мусобақада ҳар бир вазнда 4 нафардан дзюдочиларимиз иштирок этади. Халқаро дзюдо федерацияси мамлакатимизнинг спорт салоҳияти, ҳар қандай нуфузли мусобақани ташкил этиш, юқори савияда ўтказиш бўйича имконияти ва бой тажрибаси, дзюдочиларимизнинг халқаро майдондаги юксак натижаларини инобатга олиб, Гран-при туркумига кирувчи турнирларни Тошкент шаҳрида ўтказишни анъанавий тарзда давом эттириб келмоқда. Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан бу йилги Гран-при турнирини ҳам юқори савияда ўтказиш, мусобақа ташкил этиладиган жойнинг халқаро стандартларга мос жиҳозланишини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Гран-при баҳслари ўтказиш учун "Ўзбекистон" спорт саройида барча шароитлар муҳайё этилди.
Миллий курашимиз билан шуғулланган атлет дзюдода ҳам олишиши мумкин. Бу икки курашнинг ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Дзюдо япон халқининг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади. Улар ушбу жанг санъати турини бутун дунёга тарғиб қила олишди. Ўз навбатида, бугунги кунда мазкур курашнинг жаҳонда нуфузи жуда юқори. Унинг ихлосмандларини дунёнинг турли нуқтасидан топиш мумкин. Юртимиз ёшлари ўртасида ҳам дзюдо кенг оммалашган спорт турларидан бири ҳисобланади. Халқаро майдонларда дзюдочиларимиз юксак натижаларни қайд этиб келмоқда. Айниқса, Ришод Собировнинг ушбу спорт турида эришган ютуқлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Ўзбекистон дзюдочиларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли турнирларда мунтазам совринли ўринларга сазовор бўлаётгани, янги-янги истеъдод эгаларининг кашф этилаётгани ўзбек дзюдо мактаби шуҳрати янада юксалишидан далолатдир. 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ришод Собиров учинчи маротаба совриндорлар қаторидан жой олган бўлса, Диёрбек Ўрозбоев биринчи маротаба ёзги Олимпиада ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди. Бу, ўз навбатида, дзюдо спорт турининг мамлакатимизда нечоғли равнақ топаётганининг амалий исботи бўлди. Пойтахтимизда ўтказилган аввалги Гран-при мусобақаларида атлетларимиз мухлислар ва мутахассислар ишончини оқлаган. Спортчиларимиз 2013 йилги Гран-при турнирида 5 олтин, 3 кумуш ва 5 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган. 2014 йил ўтказилган мусобақада 1 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза, 2015 йилги мусобақада биттадан олтин ва кумуш, тўртта бронза медалга сазовор бўлган. 2016 йилги мусобақаларда эса Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 3 та кумуш, 9 та бронза, жами 20 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Бу йилги турнирда Ватанимиз шарафини эркаклар баҳсларида Шарофиддин Лутфуллаев, Диёрбек Ўрозбоев, Мирзоҳид Фармонов, Шарофиддин Болтабоев, Яҳё Имамов, Шаҳзодбек Сабиров, Шерали Жўраев каби тажрибали дзюдочилар қатори йигирмага яқин умидли ёш спортчилар ҳимоя қилади. Хотин-қизлар баҳсларида эса Муқаддас Кубеева, Омонгул Алланазарова, Гулнор Сулаймонова, Нодира Гулова, Диёра Келдиёрова, Муҳайё Иброҳимова, Гулноза Матниёзова, Кумуш ва Нодира Йўлдошевалар каби иқтидорли атлетлар татамига чиқиши кутилмоқда.
— Пойтахтимизда ўтказилаётган ушбу халқаро Гран-при турнирига пухта ҳозирлик кўрдик, — дейди Рио Олимпиадаси совриндори Диёрбек Ўрозбоев. — Мусобақага ўз вазн тоифасида жаҳон ва Осиё қитъасида юқори мавқега эга полвонлар иштирок этаяпти. Ўзим қатнашадиган 66 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳслари ҳам анча қизиқарли кечиши кутилмоқда. Ушбу вазнда Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон вакиллари мусобақа бош совринига даъвогарлик қилади. Уларнинг имкониятини жуда яхши биламан. Айниқса, Япония вакилларининг маҳоратини алоҳида таъкидлаш жоиз. Аввалги мусобақаларда ҳам улар билан бир неча маротаба курашганман. Мухлисларимиз қаршисида ўтаётган турнирда бор куч ва имкониятимни ишга солиб рақибларни енгишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, мухлисларимизнинг далдаси бизга қўл келади.
Ушбу нуфузли мусобақанинг яна бир эътиборга молик томони шундаки, Гран-при беллашувларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатига машҳур полвонимиз Рамзиддин Саидов ва Вячеслав Перейтеко киритилди.
Спорт мухлисларига яхши маълумки, Рамзиддин Саидов дзюдо курашида Ватанимиз шарафини халқаро майдонда бир неча йиллар мобайнида муносиб ҳимоя қилиб келди. Айни пайтда эса у ўз маҳоратини ёшларга ўргатиш баробарида ушбу спорт турида ҳакамлик қилиш тажрибасини орттирмоқда. Албатта, дзюдочилар қатори ҳакамларимизнинг халқаро мусобақаларда баҳсларни бошқариб бориши қувонарли ҳол.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти....
01 янв 1970
Газетамизда юқоридаги сарлавҳа остида ЎФА томонидан беш нафар ёш футболчини умрбод футболдан четлаштириш борасида чиқарган қарори бўйича мақола чоп...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгашидаги фахрий сафдошимиз Шуҳратбек Ибрагимов нуронийлар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилаё...
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...