Тафаккур жозибаси

/
Теварак-атрофи дарахтлар, яшил майсазор, анвойи гуллар билан қопланган бу сўлим маскан чиндан кишига хушкайфият бағишлайди. Шундоқ қаршисида катта анҳор шовуллайди, ёнгинасида эса очиқ теннис корти жойлашган. Уч қаватли кўркам бино пештоқида акс эттирилган шахмат донаси — от эса шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига йўналишни тўғри олганимиздан далолат беради. Дарҳақиқат, мажмуа ҳовлисига жажжи ўғил-қизларининг қўлидан етаклаб кириб бораётган ота-оналар, йўл-йўлакай суҳбатлашиб, баҳслашиб кетаётган ўқувчи-спортчиларнинг юз-кўзидаги ифода ҳам шуни исботлаб турибди.
Шу ўринда олтмиш тўрт катак ичида кечадиган шахмат ўйинларида нафақат спорт ва санъат, балки фалсафа, мантиқ, ҳисоб илмлари ҳам ўзаро жамланиб, ажиб уйғунлик касб этишини таъкидлаш жоиз. Давомли мантиқий фикрлашни ривожлантирувчи интеллектуал ўйинлар ичида энг асосийси ва мураккаби, мукаммали бўлган шахмат билан бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ киши шуғулланаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Маълумки, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) қарорига биноан, ҳар йили 20 июль — Халқаро шахмат куни сифатида нишонланиб келинади. Ушбу сана муносабати билан шахмат ихлосмандлари кўплаб мусобақалар, етакчи шахматчилар билан учрашувлар, шахмат сеансларида қатнашишади. Бу ўйинларда инсон тафаккури нечоғли беқиёс қудратга эга эканлиги такрор ва такрор намоён бўлаверади.
Ўзбекистон шахмат федерацияси 1992 йилдан ФИДЕ аъзоси ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида федерация томонидан мамлакатимизда ва жаҳонда шахматни ривожлантириш ҳамда оммавийлаштириш йўлида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз шахмат бўйича қитъа чемпионатларига, нуфузли Гран-при турнирларига мезбонлик қилди. Маълумотларга кўра, истиқлол йилларида ФИДЕга аъзо фаол шахматчиларимиз сони 1000 нафардан, Ўзбекистон шахмат федерацияси аъзолари сони 2400 нафардан ортган. Халқаро гроссмейстерларимиз сони 17 нафар (жумладан, 3 нафар аёл), халқаро тоифадаги спорт устаси 24 нафар, ФИДЕ спорт устаси — 28 нафар, халқаро тоифадаги ҳакамлар — 10, ФИДЕ арбитрлари — 18, 1-тоифали ҳакамлар сони — 23 нафарни ташкил этиб, аттестациядан муваффақиятли ўтган 300 га яқин устозлар мураббийлик фаолияти билан шуғулланишмоқда. Бугунги кунда барча вилоятларда федерациянинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилган ва самарали фаолият юритмоқда.
Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Комил Синдаров бизни илиқ қарши олди:
— Хушхабарни матбуот ходимларидан биринчи бўлиб сизларга айтаяпман: Эронда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида 4 нафар ўқувчи-спортчимиз, яъни Алихон Авазхонов ва Ҳумоюн Синдаров олтин, шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова олтин, Нозима Валиева кумуш медални қўлга киритишди. Ўн саккиз давлатдан вакиллар иштирок этган мазкур мусобақада Ўзбекистондан борган ёш шахматчиларимиз энг юқори ўринга кўтарилди.
Хурсандчилик устидан чиққанимиздан биз ҳам мамнун бўлиб, эришилган ғалаба билан жамоани қутладик. Суҳбат жараёнида шахмат мактабига қабул жаҳон, Осиё, Ўзбекистон чемпионларига тўғридан-тўғри, бошқа шахматга қизиқувчилар учун эса танлов асосида белгиланганини билиб олдик. Айни пайтда бу спорт мажмуасида 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган 200 нафардан зиёд шуғулланувчиларга 2 нафар халқаро гроссмейстер ва спорт усталари шахмат сир-синоатларидан сабоқ бераётган экан.
— Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида кўплаб спорт турлари қатори шахмат ҳам юртимиз ёшлари ўртасида тобора оммалашмоқда, — дейди Комил Синдаров. — Буни мустақиллик йилларида ўғил-қизларимизнинг шахмат бўйича дунё миқёсидаги мусобақалар, халқаро турнирларда эришган муваффақиятлари ҳам исботлаб турибди. Ер юзидаги 200 дан зиёд давлатлар орасида шахмат бўйича ўз жаҳон чемпионига эга бўлган ўнта давлат қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги юртимизнинг бу соҳадаги салоҳиятини англатади. Рустам Қосимжонов бошлаб берган чемпионлик эстафетасини бугун ёш бўлишига қарамай жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир ва Исломбек Синдаровлар шараф билан давом эттириб келаётгани қувонарлидир. Кичкина чемпионларимиз қўлга киритаётган ғалабалар мамлакатимиз ёшлари орасида шахматга қизиқишнинг янада ортишига туртки бўлди. Ҳали мактаб остонасига қадам қўйшга улгурмаган 5-6 ёшли иқтидорларимизнинг ютуқлари дунёни лол қолдирмоқда. Мўғулистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Нодирбек Яқубов, Ортиқ Негматов, Абдумалик Абдусалимов каби номдор шахматчиларимиз қатори 6 ёшли Ҳумоюн Бекмуродовнинг битта олтин, битта кумуш медални қўлга киритиши ёшларимиз нималарга қодирлигини яна бир бор исботлади. Халқаро шахмат федерацияси томонидан эълон қилинган шахматчилар рейтинг жадвалида 7 ёшли Алихон Авазхонов дунёнинг 8 ёшгача бўлган шахматчилари ўртасида биринчи ўринга кўтарилди. Худди шундай шахмат рейтингида Жавоҳир Синдаров 11 ёшгача, Нодирбек Абдусатторов 12 ёшгача бўлган тенгдошлари орасида дунё бўйича биринчи поғонани банд этиб туришибди. Пойтахтимизда ўтказилган Ўзбекистоннинг биринчи халқаро гроссмейстери Г.Аъзамов хотира турнирида халқаро спорт устаси нормасини бажарган Нодирбек Яқубов 14 ёшгача бўлган шахматчилар орасида 5 поғонага кўтарилди. Мазкур турнирда аёллар ўртасида халқаро гроссмейстерлик талабини бажарган Гулруҳбегим Тоҳиржонова дунё аёл шахматчилари ўртасида кучли ўнликдан жой олди. Бирлашган Араб Амирлигининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган Осиё кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Нафиса Мўминова, Сарвиноз Қурбонбоева, Ирина Геворгян, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Севара Баймуратовадан иборат жамоамиз биринчи ўринни эгаллаб, шода-шода олтин медалллар билан қайтишди.
Юртбошимиз ташаббуси билан ёш иқтидорлар сафини янада кенгайтириш, юртимизда шахматни изчил оммалаштириш, ўзбек шахматининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли спортчиларни тарбиялаш мақсадида Тошкентда шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилди. Мазкур мактаб халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир иқтидорли ва истеъдодли шахматчиларни тарбиялаш учун мўлжалланган. Бу ерда ўқувчи-ёшлар дарсдан бўш вақтларида шахмат сабоқларини ўрганиб, ўз маҳоратини оширмоқда. Мазкур иншоот ўқув-машғулот хоналари, спорт зали, ошхона каби бўлимларни ўз ичига олган. Ўқув-машғулот хоналаридаги электрон шахмат тахталари халқаро андозаларга мос. Мактабда ўқувчилар учун махсус дам олиш хонаси ҳам мавжуд.
Бу ерда шахматчиларнинг ўйин амалиётидаги маҳоратини ошириш учун уларга тажрибали, профессионал мураббийлар сабоқ бермоқда. Интернетга эга компьютерлар билан жиҳозланган хонада ўқувчилар чет эллик ёш шахматчилар билан он-лайн тизимда шахмат бўйича беллашиш ва ўз тажрибасини янада ошириш имконига ҳам эгалар. 8 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра Осиё чемпиони, ёшлар ўртасида ўтказилган олимпиада бронза медали соҳиби Ортиқ Негматовни ҳам, 6 марта Ўзбекистон чемпиони, жаҳон ва Осиё чемпионати кумуш медали совриндори, “Осиёнинг энг яхши энг ёш шахматчи қизи” мукофотини олган Баҳора Абдусатторовани ҳам Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлик жараёнида учратдик. Улар устози, гроссмейстер Дмитрий Қаюмов билан шахмат тахтаси устидаги бир ўйин комбинациясини муҳокама қилаётган экан. Мамлакатимиз фахрига айланган бу ёшлар шахматга қизиқишлари дастлаб оилада бошланганини, ота-оналари уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганини, устозларига ҳурмат-эҳтиромларини баён этишди.
Мазкур даргоҳда яратилган имкониятлар, машғулотларнинг юқори савияда, энг илғор усуллар асосида олиб борилиши ёш шахматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда улар ўз билими, истеъдоду иқтидори билан мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга қодир спорт усталари бўлиб етишишига хизмат қилади, албатта.
Мафтуна МАҲАММАТОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда дунё футбол ишқибозларининг диққат эътибори 14 июндан 15 июлгача Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қаратилган....
01 янв 1970
“Соғлом бола — юрт таянчи” шиори остида болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнири ўтказилди....
01 янв 1970
Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек курашини мустақиллик туфайли жаҳон тан олди....
01 янв 1970
Бугун Индонезия пойтахти Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Осиё ўйинлари қитъамиз атлетларининг энг нуфузли спорт тадбирлари...