“Соғлом бола — юрт таянчи” шиори остида бокс бўйича вилоят очиқ турнири бошланди

/
1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнири бошланди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва унинг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят бокс федерацияси ташкилотчилигида “Соғлом бола — юрт таянчи” шиори остида ўтказилаётган очиқ турнирда Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор вилоятлари ҳамда Қозоғистондан жами юз нафарга яқин ёш спортчи 12 вазн тоифасида ўзаро куч синашмоқда.
Турнирнинг очилиш маросими тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг замонавий янги биносини фойдаланишга топшириш тантаналарига уланиб кетди.
Тадбирни туман ҳокими кириш сўзи билан очар экан, Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда баркамол авлодни камол топтириш учун болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янги биносида тумандаги 400 дан ортиқ ўқувчи спортнинг бокс, бадиий гимнастика, футбол, каратэ, якка кураш, ўзбек кураши сингари қатор турлари билан шуғулланиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрамигача тумандаги таълим муассасаларида яна учта замонавий спорт зали фойдаланишга топширилади. Бокс бўйича навбатдаги вилоят очиқ турнирининг айнан ана шу спорт масканида ўтказилиши эса болалар ва ўсмирлар ўртасида спортнинг ушбу турига қизиқишини янада орттиради.
Тантанали маросимда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, бокс бўйича халқаро АИБА тоифасидаги ҳакам — Тошкент вилоят бокс федерацияси раисининг ўринбосари Раҳматхон Тиллаев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зарифа Эралиева, бокс бўйича жаҳон кубоги ғолиби, Тошкент давлат жисмоний тарбия институти кафедраси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владимир Шин ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятда спортнинг бокс тури жадал ривожланиб бораётгани, кейинги вақтларда вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда бокс байрамлари ташкил этилаётгани, ўтказилаётган вилоят очиқ турнирларида нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлардан ҳам вакиллар фаол иштирок этаётганини, бу эса мамлакатимизда кўплаб иқтидорли спортчиларни кашф этишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этиб ўтишди.
— Доимий комиссиямиз ташаббуси билан вилоятимиз шаҳар ва туманларида ўтказилаётган турли ижтимоий-маданий ва спорт тадбирлари аҳоли томонидан илиқ кутиб олинмоқда ва бундай тадбирларга бош қўшишни истаган ҳамкор ташкилотлар сони ҳам кўпайиб бораётгани қувонарлидир. Улар орасида сафдошларимиз — Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам бор, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раҳбари Зарифа Эралиева.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан вилоятда спортни, хусусан, болалар спортини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган бир гуруҳ спорт мураббийларига, шунингдек, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 20 нафар ёш спортчи ўғил-қизларга эсдалик совғалари топширилди. Бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан улашилган совғалар ҳам ёш спортчиларни рағбатлантирди.
Шундан сўнг спорт турнирига старт берилди.
Бокс бўйича вилоят очиқ турнири 4 июнгача давом этади.
Неъмат ДУШАЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун Индонезия пойтахти Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Осиё ўйинлари қитъамиз атлетларининг энг нуфузли спорт тадбирлари...
01 янв 1970
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган...
01 янв 1970
1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят о...
01 янв 1970
Футболнинг «миллионлар ўйини» дейилиши бежиз эмас. Ер юзида 300 миллионга яқин киши спортнинг шу тури билан шуғулланади....