Ўқитувчилик — улуғ масъулият!

/
«Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак»
Юртимизда эришилаётган ҳар бир муваффақиятимиз, илм-маърифат, спорт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларнинг ривожланиши ўқитувчи ва мураббийларнинг тажрибаси, фидойилиги билан боғлиқ десак, муболаға бўлмайди.
Мурғак қалбларга оламни англатгувчи ҳам, уларни илм дунёсига бошловчи ҳам, билим пиллапояларидан етаклаб, дилларига зиё нурларини таратгувчи ҳам шу улуғ касб эгасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида “Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир”, — деб бизнинг ҳам шарафли, ҳам машаққатли фаолиятимизни алқаганларида юрагим ҳаяжонга тўлди. Шу касб эгалари орасида мен ҳам борлигимдан фахрландим.
Ўқувчилик пайтимда устозларимнинг сабоқларини жон қулоғим билан тинглардим. Улар беқиёс илм соҳиби эканлигидан ҳайратланардим. Устозларнинг ҳар бир сабоғи мени шу азиз Ватанни, муқаддас тупроқни, ота-онамни бутун борлиғим билан севишга ўргатди, улар олдидаги бурчимни бажаришга, масъулликка ундади.
Отам Баҳодир Камолов тумандаги 30-сон умумтаълим мактабида олий тоифали математика ўқитувчиси, онам Дармонжон Нуруллаева ҳам шу мактабда бошланғич синф муаллимаси. Бир сўз билан айтганда, кичкиналигимдан менинг ота касбига, математика фанига қизиқишим бошқача эди. Аниқ фанларни чексиз-чегарасиз билимлар уммонига ўхшатар, уларни забт этишга интилар эдим. 2008-2010 йилларда фан олимпиадаларида кетма-кет қатнашиб, вилоятдаги тенгдошларим орасида 1-ўринни эгалладим ва Урганч давлат университети математика факультетининг “Амалий математика ва информатика” таълим йўналишига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиндим. Олий ўқув юртида янада тажрибали профессор-ўқитувчилардан чуқур билим олдим ва ҳар йили республика фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаш билан бирга “Масала қандай ечилади?”, “Талабалар математика олимпиадаси масалалари” ўқув-услубий қўлланмаларини яратдим.
Математика шундай қизиқарли фанки, ўқиб, ўрганганинг сайин унинг сирли оламига кириб бораверасан. Ўзбекистон Миллий университети механика-математика факультетининг “Амалий математика ва ахборот технологиялари” мутахассислиги бўйича магистратурани тугатиб, уч йилдан буён ёш мутахассис сифатида Боғот туманидаги “Айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ва чет тилларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати”да фаолиятимни олиб бораяпман.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимига катта эьтибор қаратилмоқда. Синф хонасида ўтириб, дунёдаги энг нуфузли олимларнинг сабоқларини олишинг, билимингни бойитишинг мумкин. Мен ҳам нафақат ёшларни ўқитаяпман, балки ўз билимларимни ҳам мустаҳкамлаб бораяпман. Бугуннинг ўқувчиси ниҳоятда зукко. Улар истаган маълумотни интернет тармоқлари орқали ҳам топишлари мумкин. Эндигина уч йиллик иш тажрибасига эга бўлганлигим учун бир зум ҳам изланишдан тўхтамаслигим кераклигини ҳис қиламан. Чунки жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой эгаллашга интилаётган, она юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбиялаб, камолга етказиш масъулияти ўқитувчидек қадри баланд касб эгалари зиммасига юклатилган. Уларнинг сафида эканлигим менга чексиз фахр бағишлайди ва бу ишончга муносиб бўлиш, мустақил юртга хизмат қилиш масъулиятини юклайди.
Бугунги кунда давлатимизда ёш кадрларнинг ишлаши, ижод қилиши, касб малакаларини ошириши учун катта имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган. Мен ҳам бу имкониятлардан фойдаланиб, ўқувчиларни тўгарак машғулотларига жалб қилишим, ҳар бири билан индивидуал иш олиб боришим натижасида уларнинг билимлари, менинг эса тажрибам оша борди. Шу билан бирга, ўқувчиларимга ибрат бўлиш учун “Ўқитувчи ва ўқувчининг муваффақият доскаси”ни ташкил этдим. Натижаси қувонарли: мен 2016-2017 ўқув йилида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни эгаллаган бўлсам, ўқувчим Хадичабону Ражаббоева вилоятда мактаблараро ўтказиладиган сиртқи фан олимпиадасининг уч турида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлди.
2017-2018 ўқув йилида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018” кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичларида, “Билимлар беллашуви”нинг вилоят босқичида ҳакам сифатида иштирок этдим.
Шу билан бирга, “Таққослашнинг турли хил усуллари”, “Тенгламалар системасига келтириб ечиладиган айрим тенгламалар” каби мақолаларим республика нашрида чоп этилиши билан бирга, “Математикадан билимлар беллашуви ва олимпиада масалалари” номли ўқув қўлланмам нашр қилинди ва вилоят миқёсида оммалаштирилди. Бунга жавобан ўқувчиларим Отабек Саидов Урганч давлат университети томонидан ўтказилган вилоят мактаблараро сиртқи фан олимпиадасида 100 фоизлик натижа билан 1-ўринни, Жавоҳир Тоҳиров ва Шаҳзод Раззоқов “Инновацион олимпиада”нинг вилоят босқичида 2-, 3-ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди.
2018-2019 ўқув йилида эса “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2019” кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўрин соҳиби бўлиш билан бирга, тумандаги энг рейтинги баланд ўқитувчи сифатида эътироф этилдим. Айни пайтда “Таянч мактаб”лар учун тренер ўқитувчи ва таълим сифатини халқаро баҳолаш дастури — PISA бўйича туманда тренер ўқитувчи сифатида фаолият олиб бораяпман. Ўқувчиларимнинг ютуқлари ҳам ҳавас қилгулик даражада эканидан кўнглим ифтихорга тўлади.
Юртбошимиз байрам табригида ёшларнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкинлигини, лекин фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган муаллим ва ўқитувчиларни тайёрлаш — энг оғир ва шарафли вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Президентимиз “Бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак”, деганида жамоамиздаги айнан шундай “ҳам ўрганувчи, ҳам ўргатувчи” ўқитувчилар ҳақида сўз юритгандай бўлдилар. Чунки таълим масканимизда бундай ўқитувчилар кўпчиликни ташкил этади.
2019 йилнинг январь ойида Хоразм вилояти ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган тест натижаларига кўра бизнинг 92-сон ИМИ ўқувчилари билим сифати бўйича 1-ўринни эгаллаганлигининг ўзиёқ ҳар бир муаллим ўз касбини севиши ва ўз ишига масъулият билан қарашидан дарак беради. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2019” республика кўрик-танловида мактабимизнинг тарих фани ўқитувчиси Бахтигул ўаффорованинг фахрли 2-ўрин соҳиби бўлганлиги, мактаб директори Санобар Худойназарова, ўқитувчилардан Рустам Адамбаев, Раиса Артиқова, Бахтигул ўаффорова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганлиги ҳам ташкил этилганига эндигина 4 йил бўлган таълим масканимизда ўқув-тарбиявий ишлар тўғри йўлга қўйилганини, ўз касбининг фидойилари кўпчилик эканини яққол кўрсатади.
Ана шундай фидойи устозлар билан бир сафда туриб меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. Озгина кечикиб бўлса-да, уларни ва улар каби илм жонкуярларини, келажак эгалари тарбиячиларини 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаб, ҳамиша халқ хизматида, эл эъзозида бўлинг, дейман.
Неъматжон КАМОЛОВ,
Боғот туманидаги 92-сон ИМИ ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кейинги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатимиз равнақ топишига хизмат қиладиган кўплаб қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари ...
01 янв 1970
...Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак...
01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...