Буюк истиқболнинг асоси

/
Тарих — босиб ўтилган йўл. Уни орқага қайтариб ҳам, қайтадан яратиб ҳам бўлмайди. Шунинг учун уни қандай мавжуд бўлса, шундай ҳолида, холис ва ҳаққонийлик билан, асл манбалар асосида ўрганиш, тадқиқ қилиш, асл ҳақиқатни очиб бериш, бор тарихий бойликларни асраб-авайлаб сақлаш, улардан халқимизни баҳраманд этиш талаб қилинади. Шу маънода мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимиз, халқимиз тарихини асл манбалар асосида тубдан қайтадан ўрганишга киришилди. Улуғ аждодларимизнинг тарихий мероси илмий йўналишда тадқиқ қилинди. Олис ўтмишдан мерос бўлиб келаётган обидалар, ёдгорликлар, тарихий мажмуалар қайта қурилиб, таъмирланиб, обод ва гўзал масканларга, табаррук қадамжоларга айлантирилди.
“Тарихий ҳақиқатсиз келажак йўқ”. Ана шу ғоя мамлакатимизда тарихни ўрганишда давлат сиёсатига айланди.
Албатта, юртимиз тарихи фақат милоддан олдинги даврлардан то ХХ асрнинг охирларига қадар кечган халқимиз ҳаёти, олис ўтмиш меросимиз, қадимий моддий ва маданий бойликларимиз, ўша даврларда яратилган осори-атиқаларимиздангина иборат эмас. Мамлакатимизнинг 1991 йилдан кейинги мустақиллик даври ҳам ана шу тарихнинг узвий ва тадрижий қисми ҳисобланади. Ватанимиз ҳаётида янги — эркин ва озодлик даврини бошлаб берган тарих саҳифаларини ҳам кенг миқёсда ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари йўлга қўйилди. Бу ишларни янада муваффақиятли давом эттириш мақсадида республикамизнинг Биринчи Президенти 2012 йилнинг 27 январида “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилган эди. Ушбу қарорга кўра, Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи сифатида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ тузилди. Кенгаш ҳам, Марказ ҳам беш йил давомида республикамизда юртимизнинг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш самарадорлигини, мазкур соҳаларда илмий, ўқув-методик адабиётлар, маънавий-маърифий ишлар сифатини ошириш борасида мустаҳкам замин яратди.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир қарор, фармон, фармойишида ҳаётимизнинг бирор жабҳасидаги, соҳасидаги жараёнлар эътиборга олиниб, уларни келгусида янада юксалтириш, тараққий эттириш йўллари кўрсатиб берилади. Ҳаёт ўсишдан, юксалишдан иборат экан, маълум соҳалар бўйича чиқариладиган қарорлар, фармонлар ҳам давр руҳига, ўзгаришларга монанд тарзда янгиланиб туриши табиий. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 30 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор мазкур соҳада кейинги йилларда юзага келган ўзгаришлар билан биргаликда келгусида амалга ошириладиган кенг кўламдаги ишлар қамровини ҳам белгилаб берди.
Хусусан, ушбу қарорда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича қилинадиган ишлар, яъни демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг “ўзбек модели” моҳияти ва мазмунини, жамиятда барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни бажариш, дунё миқёсида Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол очиб бериш, мамлакатимизнинг энг янги тарихини замонавий назарий-методологик, фанлараро ёндашувларга, тарихийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тизимли ўрганишни ташкил қилиш, юртимизнинг энг янги тарихи бўйича долзарб муаммоларнинг ҳал қилиш йўлларини ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, йўл қўймаслик ишларини мувофиқлаштириш, илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларининг янги нашрларини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини амалга ошириш, уларда республикамизнинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш каби вазифалар белгиланди. Шу билан бирга, қарорда Кенгашнинг Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари мониторингини олиб бориш, соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш, фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маданий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошириб боришга кўмаклашиш ишлари ҳам кўзда тутилган.
Қарордаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири, Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи сифатида белгиланган Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказнинг келгуси вазифалари аниқ кўрсатилган. Жумладан, Марказ зиммасига Жамоатчилик кенгаши фаолиятини илмий-методик таъминлаш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш бўйича долзарб масалаларни ҳал қилиш йўлларини ишлаб чиқиш, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда мамлакатимизнинг энг янги тарихи борасида ўқув, ўқув-методик адабиётлар яратиш юзасидан танловлар ўтказишда иштирок этиш, давлат илмий-техника дастурлари доирасида юртимизнинг энг янги тарихи тадқиқотлари бўйича илмий-техника лойиҳалари танловлари рўйхатига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Республика Фан ва технологиялар агентлигига тақдим этиш, энг янги тарихни ўрганишнинг назарий-методологик асосларини такомиллаштириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш, ҳар йили тарихнинг долзарб масалалари бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика конференция, семинарлари рўйхатини аниқ тартибда ишлаб чиқиш каби масалалар юкланган.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, янги қарор натижасида аввалдан мавжуд Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашига айлантирилди. Шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ ҳам Фанлар академияси тасарруфига ўтказилди. Албатта, янги қарорда кўзда тутилган мақсад Кенгаш ва Марказни бир ташкилотдан иккинчи ташкилотга ўтказишдангина иборат эмас. Бу ўринда республикада амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми сифатида академия тасарруфидаги Кенгаш ва Марказ зиммасига янада катта ва жиддий вазифалар юкланди. Хўш, бу вазифалар нималардан иборат?
Аввало, мамлакатимизда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ижтимоий, иқтисодий, илмий, ўқув-методик, оммавий тарзда ёритиб беришга хизмат қиладиган базис яратилди. Бу базис учун республика Фанлар академияси танланди. Унинг танланиши ҳам бежиз эмас. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари Фанлар академияси таркибига ўтказилди. Шулар қаторида Тарих институти ҳам яна қайтадан академик институт мақомига эга бўлди. У тарихни ҳам илмий, ҳам фан ва таълим йўналишида тадқиқ этадиган муассасага айланди. Бу эса Фанлар академияси тасарруфида фаолият юритадиган Кенгаш ва Марказ билан Тарих институти ўртасида яқиндан ҳамкорлик юзага келишига имкон яратди.
Иккинчидан, тарих, бу хоҳ олис ўтмиш бўлсин, хоҳ энг яқин тарих — ҳаётда юз берган воқеа-ҳодисаларни санаб кўрсатиб берадиган ҳисоботлар йиғиндиси эмас, балки бу воқеа-ҳодисаларнинг илмий, назарий, амалий, фалсафий, ижтимоий жиҳатдан тадқиқотлар хулосаси ҳисобланади. Яъни тарихни ўрганишда илмий йўналиш асосий мезон саналади. Кенгаш ва Марказнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан Фанлар академияси тасарруфига ўтказилишида ана шундай мезон асос бўлган.
Учинчидан, юртимизнинг энг янги тарихини ўрганиш ва тадқиқ этиш фақат мамлакатимиздагина эмас, хорижий давлатларда ҳам олиб борилмоқда. Ўша тадқиқотларда тарихимиз ҳақида ҳаққоний, тўғри маълумотлар билан биргаликда нохолислик билан, нотўғри асосда билдирилган фикрлар, фактлар ҳам мавжуд. Бундай жараёнлар ҳам Кенгаш эътиборидан четда қолмаслиги зарур. Бу ўринда Кенгаш ва Марказнинг чет эллардаги тарихни ўрганувчи муассасалар ва олимлар билан ҳамкорлиги керак. Шу сабабли Марказга ўз фаолияти доирасида хорижий мамлакатларнинг илмий-тадқиқот ташкилотлари ва халқаро жамғармалар билан ҳамкорлик қилиш имконияти ҳам берилди. Бу эса Марказнинг халқаро доирадаги илмий нуфузи ва мавқеини янада оширади.
Тўртинчидан, мамлакатимизнинг энг янги тарихини ўрганиш ва уни тарғиб этиш жараёни илмий муассасалар, мактаблар, олий ўқув юртларидагина эмас, кенг халқ оммаси ўртасида ҳам олиб борилиши керак. Ушбу жараёнда оммавий ахборот воситалари етакчи роль ўйнаши шубҳасиз. Бунда республикамиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг тарғиботчилик ролидан кенг фойдаланилади. Айни пайтда, Марказнинг ўз нашри “Ўзбекистоннинг энг янги тарихининг долзарб масалалари” журнали чоп этилади ва бу журнал Кенгаш ҳамда Марказнинг фаолиятини, мақсадини ёритишда бошқа матбуот нашрлари билан ҳамкорлик қилади.
Бешинчидан, Кенгаш ва Марказ мактаблар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун мамлакатимизнинг энг янги тарихи билан боғлиқ ўқув, ўқув-методик, илмий адабиётларнинг янги, ҳаётимизнинг ҳамма қирралари қамраб олинган нашрларини чоп этиши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор давлатимиз томонидан фан ва таълим ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда ёш авлодда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқимизнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий жараёнлар самарадорлигини оширишда кенг кўламли ишларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Бошқача айтганда, тарих бугунни, бугунги кун эса келажакни яратишга хизмат қилар экан, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ҳам буюк истиқбол йўлида мустаҳкам асос бўлиб қолади.
Мирсодиқ ИСҲОҚОВ,
тарих фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. 
01 янв 1970
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, тан...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...