Имконияти чекланган шахсларнинг сайлов ҳуҳуқи: хорижий амалиёт ва миллий тажриба

/
Имконияти чекланган шахсларнинг сайлов ҳуҳуқи:
хорижий амалиёт ва миллий тажриба
 
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. Мамлакатимизда уларнинг сони 715 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш борасида сайлов қонунчилиги ва амалиётида шу вақтга қадар дунё бўйлаб муайян даражадаги ишлар амалга ошириб келинмоқда.
 
БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 13 декабрдаги 61/106 резолюцияси билан қабул Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси 2009 йил 27 февраль куни қўшилган.
 
Мазкур Конвенциянинг 29-моддасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш чоралари кўзда тутилганлиги алоҳида диққатга сазовордир.
 
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, дунёнинг барча мамлакатларида сайловларнинг тобора такомиллашиб бориш тенденцияси кузатилмоқда. Жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишлари учун тегишли шарт-шароит­ларни таъминлаш Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) 1990 йилдаги Копенгаген ҳужжатининг 7.3-параграфидаги умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари, шунинг­дек, БМТнинг “Ногиронлиги бўлган шахс­лар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 29-моддасида кўзда тутилган имконияти чекланган шахсларга сайлов ҳуқуқини самарали таъминлаш бўйича мажбуриятларда ўз аксини топган.
 
Қуйида “ЕХҲТга аъзо давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиёти шарҳи”да санаб ўтилган айрим чет эл мамлакатларида имконияти чекланган шахсларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишининг ўзига хос хусусиятлари билан танишиб чиқамиз.
 
Австриядакўплаб сайлов участкаларида имконияти чекланган, жумладан, кўриш қобилияти чекланган сайловчиларнинг овоз бериши учун зарур шароит­лар яратилган. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир шаҳар ҳокимлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз беришини ташкил қилиш учун зарур жиҳозлар билан камида битта сайлов участкасини таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилган.
 
Данияда 2015 йил 18 август куни бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида ногиронлиги бўлган сайловчиларга овоз беришда қулайлик яратиш мақсадида қонунчиликка сайлов участкасини ўзгартириш ҳуқу­қини бериш тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, сайловчилар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган сайловчилар сайлов куни овоз беришда қатнаша олмайдиганлар муддатидан олдин овоз беришлари мумкин.
 
Исландияда ҳам овоз бериш кабиналарида Брайль шрифтида босилган номзодлар рўйхати ва бошқа маълумотлар мавжуд. Агар овоз бериш жараёнида сайловчи ёрдамга муҳтож бўлса, у участка сайлов комиссиясининг исталган аъзосига шундай илтимос билан мурожаат қилиши мумкин.
 
Испанияда 2008 йил 9 мартдаги парламент сайловлари арафасида сайлов қонунчилигига ногиронлиги бўлган шахслар учун овоз бериш ва уларнинг овоз бериш махфийлигини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди.
 
Италияда имконияти чекланган сайловчилар учун махсус овоз бериш кабиналари тайёрланади. Саломатлиги ёки жисмоний имконияти чекланганлиги туфайли сайлов участкасига шахсан кела олмаган сайловчилар учун уйда овоз беришга имкониятлар яратилди.
 
Латвияда ҳам қонунчилик овоз беришни сайлов участкасидан ташқарида, яъни уйда имконияти чекланган сайловчилар учун ташкил этиш ва ўтказиш имкониятини беради.
 
Ўзбекистон Республикасида 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Президент сайловида имконияти чекланган шахслар учун бир қатор шароитлар яратилганлиги ЕХҲТ/ДИИҲБ томонидан эътироф этилган. Жумладан, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг якуний ҳисоботида кўрсатилишича, имконияти чекланган фуқароларларнинг сайловда мустақил қатнаша олишларига ёрдам бериш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг 773-сон қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ, сайлов участкаларида ногиронлар аравачаси юриши учун барча қулайлик яратилган. Алоҳида овоз бериш кабиналари ҳам таъминланган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда 39 минг нафар кўзи ожиз сайловчи қатнашган, ҳар бир сайлов участ­касида пандус йўлаги билан созланиб, кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун ажратилган. Қолаверса, кўзи ожиз фуқароларга янги қонунчилик талабидан келиб чиқиб, Брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар чоп этилган.
 
Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 31, 49 ва 50-моддаларида имконияти чекланган шахслар сайлов ҳуқуқини самарали амалга оширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган жисмоний имконияти чекланган сайловчилар учун аниқ ҳуқуқий нормалар мавжуд.
 
Масалан, Сайлов кодексининг 31-моддасига мувофиқ сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкин. 50-моддасига биноан жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари, улар ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек, уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.
 
Шу билан бирга, Сайлов кодексининг 56-моддасига асосан айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.
 
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти билан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув меморандуми имзоланди. Келишувларда имконияти чекланган шахсларни ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловларда фаол иштирок этишини, сайлов ҳуқуқини таъминлашга доир аниқ тадбирлар белгиланган.
 
Мақсад — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган жамиятлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат.
 
Зеро, Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқи ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, айниқса, сўнгги йилларда республикамизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларга барча соҳаларда бўлгани каби сайловларда иштирокини таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5270-сон фармони алоҳида ўрин тутади. Мазкур фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш жараёнида турибди. Бу эса бугунги кунда имконияти чекланган шахс­ларнинг жамиятга интеграциялашувини оширишда қонунчилик соҳасидаги навбатдаги ислоҳотлардан бири бўлади, албатта.
 
Сайлов кодекси асосида илк бор жорий йил декабрь ойида парламент ва маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайловлар эса, мамлакатимизнинг ногиронлиги бор фуқароларига ҳам сайлаш ва сайланиш, давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш каби ўз конституциявий ҳуқуқларининг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.
 
Луқмонжон ИСОҚОВ,
Бош прокуратура 
Академияси маъсул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...
01 янв 1970
Республикамизда 4 декабрда бўлажак сайлов бугунги кунда фуқароларимизнинг диққат марказида турган ҳаётий ва долзарб масала саналади....
01 янв 1970
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Пайшанба — Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни