Катта Инспекторнинг «Каромати»

/
Катта Инспекторнинг «Каромати»
 
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатта қонун олдида жавоб беради.
 
Ҳақсизликка дуч келганда дарҳол ички ишлар ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларига мурожаат қиламиз, улардан нажот сўраймиз. Ҳақиқат тикланса-ку хўп-хўп, аммо нажоткорнинг ўзи қонун посбони формасини кийган жиноятчи бўлса-чи? Унда дардингни кимга айтасан? Юртдошимиз Сабина (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят.) шундай муаммога дуч келди.
 
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2017 йил 20 ноябрдаги ажрими билан маҳкума Сабина Икромованинг озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган 3 йилу 3 ойдан зиёдроғи озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилади. С.Икромова ҳисобда туриш мақсадида Яшнобод туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини мувофиқлаштириш бўлими Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш гуруҳига келади ва катта инспектор Умрзоқ Базаров у билан суҳбат ўтказади. Суҳбат жараёнида катта инспектор унинг оиласи, ҳаёти ва қамалиш сабаблари ҳақида сўрайди. Шу-шу маҳкума билан муносабатлари яхшилана боради. Қўнғироқ қилиб, туғилган кун ва байрам муносабати билан кўришиб, бирга нишонлаш таклифини беради. Кечки пайт Яшнобод туманининг Паркент бозори яқинида жойлашган “Аркадий” кафесида ўтирар эканлар, у ўз ҳаёти ҳақида, 5 нафар қизи борлиги, оиласида фақат ўзи ишлаши, иши оғирлиги, иқтисодий жиҳатдан анча қийналиб қолганлиги тўғрисида гапиради.
 
Сабина инспекторнинг ҳар ойнинг 5, 15 ва 25-саналарида инспекцияга  назоратдан ўтиш учун келиб ўтирмасдан тинч ва бемалол юриши, озодликдан маҳрум этиш жойига қайтариб юбормаслиги эвазига ҳар ойда 200 АҚШ доллари миқдорида пул бериб туриши лозимлиги ҳақидаги таклифини рад этгач, бу суҳбат ёзиб олинаётганидан бехабар У.Базаров турли баҳоналар билан ундан кийим-кечак ва бошқа нарсалар сўрай бошлайди. Собиқ маҳкума ундан тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши, яъни, вилоятларга чиқиб келиши учун озодликни чеклаш жазоси тўсқинлик қилаётганлиги, ўзини озодликни чеклаш ҳисобидаги рўйхатдан олиб ташлашга ёрдам беришни сўрайди. Шунда катта инспектор ўзининг озодликни чеклаш жазосини ўтаётганларни назорат қилишини ва асос етарли бўлса, уларга нисбатан чекловларни бекор қилиш ёки енгиллатиш ҳақида судга тақдимнома киритиш ваколатига эгалигини (ҳолбуки, С.Икромованинг соғлиги ёмонлашиб шифохонада даволангани ва бу имтиёзга эгалигини билса ҳам), 5 минг АҚШ доллари берса, жазонинг қолган қисмини енгиллатишга ёрдам бера олишини, кейин хоҳлаган давлатига чиқиб келиши мумкинлигини айтади. Мақсадига эришолмагандан кейин эса: “Мен бу суммани ярмига, яъни 2500 АҚШ долларига тушира оламан”, деб яна тамагирлик қилади.
 
Ҳар гал рўйхатдан ўтиш учун келганида инспектор пул сўрайверганидан безор бўлган Сабина маҳкумаларни назорат қилган катта инспектор нотаниш кишининг ёнида ўзини назорат қила олар, деган ўйда таниши билан бирга кела бошлайди. Шунда катта инспектор бинони таъмирлаш ишлари учун 1 миллион сўм сўрайди. Сабина бунча пули йўқлигини айтганида, “Пул бермасангиз  10 туп арча кўчати олиб келинг”, деган талабни қўяди. Шунда Сафина шериги билан “Азаля” гул ва кўчат дўконига бориб, 10 туп арча кўчатини олиб келиб беради. Аммо шу билан “қийналган” инспекторнинг иддаоси тугамайди, Сабина ҳар гал назоратдан ўтиш учун келганида “Пул опкелдингизми?”, “Қачон опкеласиз?”, “Болаларимнинг мактаб бозорига 300 АҚШ доллари беринг!” дея тамагирлик қилаверади.
 
Ҳар бир нарсанинг ниҳояси, сарҳади, чек-чегараси бор, ҳатто сабрнинг ҳам! Бир томчи сув ҳам тўлиб турган сабр косасининг тошиб кетишига сабаб бўлади. Яна қамалишдан қўрқиб, катта инспекторни турли жойларда овқатлантиришдан, тинимсиз тамагирликдан чарчаган, руҳий изтиробга тушган маҳкума ниҳоят буларнинг барчасига чек қўйиш лозимлигини англайди ва бундай ҳолатга қарши курашишга қарор қилади. У Тошкент шаҳар ДХХ бошқармасига мурожаат қилади ва Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ташкил этадиган тадбирда иштирок этишга розилик беради: Департамент бошқармаси махсус фондидан 25 дона 100 АҚШ доллари купюрасидаги жами 2 минг 500 АҚШ долларининг пастки ва устки қисмидаги 2 та 100 АҚШ долларидага махсус қаламда “ПОРА” сўзини ёзиб, сўнг махсус кукун билан ишлов берилади. С.Икромова мазкур 2 минг 500 АҚШ доллари ва овоз ёзиш мосламасини олгач, У.Базаров билан телефон орқали учрашишга келишиб, соат 12.10лар чамаси Яшнобод тумани, Чиғил кўчаси, 4-уйда жойлашган Яшнобод туман ИИО ФМБнинг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш инспекциясига келади. Уни деразадан кўрган катта инспектор маҳкумани хонага бошлайди. Катта инспекторнинг “Олиб келдингизми?” деган саволига  хонада таъмирлаш ишлари бўлаётганлиги сабабли одам кўплигидан “чўчиган” С.Икромова “Шу ердами?” дея саволга савол билан жавоб қайтаради. Катта инспектор эса хотиржамлик билан “Бераверинг, буларнинг ҳаммаси ўзимизники”, дея маҳкумани ичкари хонага бошлаб кириб, унинг “Пулларни ҳозир бозорда айирбошладим, санаб ҳам кўрмадим”, дегани учун бирма-бир санаб олиб, тўғрилигини, ҳақиқатан ҳам 2500 АҚШ доллари эканлигини тасдиқлайди. Сабинанинг “Пул тўғри бўлса, иш қачон ҳал бўлади?” деган саволига эса уч ойларда ҳал бўлишини айтади. Катта инспектор маҳкумани кузатишга чиқадию тезкор ходимлар ва холисларга дуч келиб, ҳаммасини тушунади. Эҳтимол, ўша лаҳзаларда “боқишга қийналаётган” отасидан фахрланадиган 5 нафар қизи бир-бир кўз олдидан ўтган бўлса, уларнинг кимнинг қўлига қараб қолиши ҳақида ўйлаган бўлса, ажаб эмас. Аммо, афсуски, вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
 
Эндигина 41 ёшни қаршилаган, ҳали юртдошларидан, фар­зандларидан кўрадиган эҳтироми, қўша-қўша тўйлари, яхши кунлари олдинда бўлган Умрзоқ Базаровнинг бу аҳволга тушишига нима сабаб бўлди? масъул лавозимда ишлаётган катта инспектор халқ ва давлат ишончини суиистеъмол қилиб, эвазига 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилинди. Бу унинг нафс қулига айлангани оқибати эмасми?
 
Қонунларимиз адолатли. Қонун олдида ИИБ ёки ҳуқуқ органи ходимими ёки оддий фуқароми, ким бўлишидан қатъий назар — барча баробар! Жиноят қилган бор-ки — жазо муқаррар!
 
Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. ...
01 янв 1970
]Ички ишлар идораларини ислоҳ қилиш, замонавий технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирили...