Ислоҳотлар халққа хизмат қилади

/
Судья сифатида, қолаверса, кўп йиллик тажрибаларим асосида ҳаётий хулосам шундан иборатки, жамиятда ҳар бир янгиликни ҳаётга татбиқ этиш учун, энг аввало, одамлар онги, билими, дунёқараши ўша янгиланишга тайёр бўлиши керак. Бу билан демоқчиманки, ҳаётда кўпгина қонунлар қабул қилиниши мумкин. Аммо ўша қабул қилинаётган қонунларда белгиланган нормаларга фуқаролар итоат этиши керак. Бунинг учун эса аҳолининг билими, сиёсий дунёқараши шакл­ланган бўлмоғи лозим.
Ўзбекистон “Адолат” СДП­нинг Сайловолди дастурида эътироф этилганидек, жамиятда аҳолининг сиёсий, тиббий, иқтисодий маданиятини янада ошириш баробарида ҳуқуқий билим ва маданиятини ривожлантириш ҳам ўта долзарб аҳамиятга эга.
Жамиятда адолат тамойилларининг  барқарорлиги, ижтимоий адолат мезонларига тўлиқ риоя этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхон  бўлиши учун “Адолат” социал-демократик партияси тинимсиз иш олиб бормоқда.
Албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва дунёқарашини шакллантирмасдан туриб бу мақсадга эришиб бўлмайди.
Менга партиянинг “Бизнинг олий мақсадимиз — ҳуқуқий давлат қуриш”, “Адолат ҳамма ерда ва барча учун” шиорлари маъқул бўлди. Шунингдек, Сайловолди дастурда жуда тўғри таъкидланганидек, “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш вақти келди. Негаки, мамлакатимиз тараққий  этиб, ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишга интилаётган экан, юртимизда фаолият олиб бораётган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича маҳаллий судларни оптималлаштириб, умумий юрисдикция судлари ташкил этиш зарур ва уларни “Халқ судлари” деб аташ ҳамда назорат ҳуқуқини беришни адолатли деб ҳисоблайман.
Янги Сайловолди дастуримизни амалга оширишнинг бош қуроли — энг аввало, бу ҳаётий зарур, аниқ, лўнда ва пухта қонунлар ишлаб чиқиш, шу билан бирга, илгари қабул қилинган қонунларга давр талаблари асосида муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳамда улар ижросини мунтазам қатъий назорат қилиб боришдир.
Шунингдек, “Адолат” СДП­нинг Сайловолди дастурида адолатлилик ғоясининг устувор бўлишига эришиш, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш партиянинг асосий мақсади эканлиги қайд этилган.
Шу ўринда кенг жамоатчиликка яна бир муҳим гапни айтиб ўтмоқчиман. “Адолат” СДП мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ташаббуси билан сиёсий майдонга чиққан ягона партиядир. Шунинг учун ҳам сиёсий куч томонидан бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Прокуратура  тўғрисида” ва “Судлар тўғрисида” ги қонунларга бир неча муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Албатта, амалга оширилаётган муҳим ўзгаришларга қарамай, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, бу тизимни такомиллаштириб боришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, адвокатларнинг ролини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб боришини таъминлаш, бу ишга ОАВларни кенг жалб этиш ўта муҳимдир.
Мен судья сифатида энг кўп дуч келаётган ҳолат шуки, фуқароларнинг кўпчилиги терговдан норози бўлади. Тергов жараёни айни пайтда прокуратура, ИИВ, ДХХ ва Миллий гвардия томонидан амалга оширилаяпти. Терговни қонуний назорат  қилиб  бориш эса Бош прокуратурага юкланган. Аммо ҳақ сўзни айтиш керакки, Бош прокуратуранинг бу борадаги назорат функ­цияси пасайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатда ягона Тергов қўмитасини ташкил этиш фурсати етди.
Бугун ҳуқуқ-тартибот идораларида, хусусан, ички ишлар тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар сони кўпу аммо улар томонидан амалга оширилаётган ишлар халқимизни қаноатлантирмаяпти. Жойларда ҳуқуқбузарликлар, оилавий келишмовчиликлар билан боғлиқ жиддий ҳолатлар мунтазам содир этилаяпти. Биз шуларни ҳисобга олиб, ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда сонини камайтириш, умуман, ушбу тузилма номини “Халқ полицияси”, деб ўзгартиришни  маъқул ҳисоблаймиз.
Коррупция — тараққиёт кушандаси. Коррупцияга қарши курашиш ва қонунчиликни шунга мувофиқлаштириш партиянинг асосий мақсадларидан бири саналади. Ёшлар орасида  бу иллатга қарши маданиятни шакллантирамиз. Бундан кейинги фаолиятимизда ҳам давлат органлари хизмати самарадорлигини ошириб, давлат хизматчиларининг ишини тартибга солиш учун “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига эришамиз.
Ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан яхши маълумки, суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ қилмасдан, судларнинг ваколатлари ва мустақиллигини таъминламасдан, ҳар бир судья­нинг халқ олдидаги ҳисобдорлигига эришмасдан туриб, тараққиётни таъминлаб бўлмайди. Бугунги шиддаткор даврнинг ўзи шуни тақозо этмоқда. Партиянинг Сайлов­олди дастурида судья­ларнинг халқ ишончини тўла оқлаб, “Халқ судлари” мақомига эришишлари учун курашиш алоҳида белгилаб қўйилгани бежиз эмас.
Олимжон  МЕЙЛИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Қашқадарё вилоят суди раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бизга маълумки, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш билан ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлади....
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....
01 янв 1970
Ўзбекистон республикаси Конституцияси Қабул Қилинганининг 25 йиллигига