Директор йўловчи ташиса... Ҳайдовчи «нақд»ига ишласа... Муаммо ечим топадими?!

/
Гап шундаки, автобус бошқариш ҳуқуқига эга бўлган “Д” категорияли ҳайдовчилар смена давомида нақд пулга ишлашга одатланишган. Корхона кассасига ҳар куни топшириладиган тушумдан ташқари чўнтакларига юз минг сўм тушмаса, қилаётган ишларининг баҳридан ўтиб бошқа “ёғлироқ” корхонага кетиб қолишади.
Ҳар қадамда гўзал, нақшинкор меъморий обидалари виқор тўкиб турган Самарқандда нима кўп — қадим шаҳарнинг жон ришталарига айланиб улгурган катта-кичик йўллар ва бу йўллардан манзил сари ошиқаётган йўловчилар кўп. Мақоламиз мавзусидан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, афсонавий шаҳар ҳаётининг, кундалик ташвиш-муаммоларининг салмоқли қисмини айнан йўл, йўловчи ва транспорт масаласи ташкил этади. Чунки ҳар тонгни автобус бекатида қарши оладиган минг-минглаб шаҳарликларнинг — ишчи, қурувчи, муҳандис, талабаларнинг кайфияти, кунни қанчалик самарали ўтказиши жамоат транспортининг қай даражада беками кўст хизмат кўрсатишига боғлиқ эканлиги барчамизга аён.
Бинобарин Самарқандда йўловчи ташиш, йўл инфратузилмасини такомиллаштиришни, автокорхоналар ишини аниқ жадвал асосида ташкил этиш, автобус ва трамвайларнинг йўналиши давомидаги ҳаракатини назорат қилиш мақсадида уларни махсус электрон кузатув қурилмалари билан жиҳозлаш, тўлов масаласида ягона меъёрларга амал қилинишини таъминлаш жамоат транспорти корхоналари, Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси раҳбарлари, шаҳар ҳокимлигида соҳага мутассади вакилларининг долзарб вазифаси бўлмоғи лозим. Бироқ...
Шаҳар ичкарисидаги бирйўла тўртта йўналишга хизмат кўрсатаётган “Азиз автойўловчи транс” МЧЖ автокорхонаси таъсисчиси Латиф Ҳамитовни, очиғи, автобусда йўловчи ташиш пайтида учратамиз, деб кутмаган эдик. Раҳбар рулга ўтириб, йўлнинг танобини тортмоқчи бўлса, бу шунчаки ҳавасгами ёки иш қандай бўлиши кераклигини ўз ҳайдовчиларига кўрсатиб қўйиш учунми? Шу савол беихтиёр дилимиздан кечди.
— Автобусда мактаб ўқувчиларини ёзги таътил масканларига олиб чиқиш бўйича кўрсатма бўлди, — дейди Латиф Ҳамитовнинг ўзи. — Очиғи, автокорхонамизда йўловчи ташиш учун ўн нафар ҳайдовчи етишмайди. Уларнинг ўрнини қоплаш учун ноилож ўзим ҳам йўналишга чиқдим...
Раҳбар билан суҳбат жараёнида маълум бўлдики, бугун автокорхона йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун 37 та “ISUZU” автобусига эга. Ҳар куни шаҳар йўналишларига ўттизтагача автобус чиқарилаяпти. Ҳайдовчи етишмаётган шароитда бу кўрсаткичга минг машаққат билан эришилаяпти.
Нега? Йўл оғирми, автобус панд бераяптими ёки ҳайдовчиларни ишлашга кўндириш қийинми?
Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканида жойлашган “Шуҳрат транссервис” МЧЖ корхонасида ҳам худди шу аҳвол. 5 та йўналишга хизмат кўрсатадиган 60 та автобусни бошқаришда ҳам 15 нафар ҳайдовчи етишмайди.
Атиги 8 та автобусни “73-Темирйўл вокзали — Зафаробод” йўналишига чиқараётган “Аббос Богир” МЧЖ корхонасида ҳам муаммолар етарлича. Автокорхона ўз биносига эга бўлмай ижарада турганлиги боис автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, ҳайдовчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш бўйича машғулот ўтказиш, йўналишлар сонини кўпайтириш қийин кечаяпти.
— 73-йўналишдаги 18 километрлик масофани 40 дақиқада босиб ўтиш ва йўловчиларни манзилга етказиш баъзан чўзилиб кетаяпти, — дейди ҳайдовчи Ўктам Каримов. — Сабаби, шаҳар кўчаларида сунъий тўхтаб қолиш ҳолатлари кўп вақтни ўғирлайди. Шунга қарамай асабларни таранглаштириб 12 соат ишласак-да, ойлик маош 300 минг сўмдан ошмаяпти. Лекин маъмурият ҳар куни 430 минг сўмдан кам бўлмаган тушум пули топширишни талаб қилади.
Ана, энди ҳурматли ўқувчи, Самарқандда автобус ҳайдовчилари нега етишмайди, деган саволга ойдинлик киритиш пайти келди. Гап шундаки, юқорида таъкидланган ҳар учала автокорхонада ва улар қаторидаги бошқа йўловчи транспорти корхоналарида асосий ишни бажарадиган ҳайдовчиларга баъзан институт талабаларининг стипендияларидан ҳам паст маош тўланмоқда. Автобус ҳайдовчиси саҳарлаб йўлга чиқса-ю шаҳарнинг тирбанд кўчаларида ўн икки соатлаб қора терга ботиб ишласа, олаётган маоши студентнинг стипендиясидан фарқ қилмаса, касбга рағбат уйғонадими?
— Хулоса чиқаришга шошилманг, — дейди, “Азиз авто йўловчи транс” МЧЖ раҳбари Латиф Ҳамитов. — Гап шундаки, автобус бошқариш ҳуқуқига эга бўлган “Д” категорияли ҳайдовчилар смена давомида нақд пулга ишлашга одатланишган. Корхона кассасига ҳар куни топшириладиган тушумдан ташқари чўнтакларига юз минг сўм тушмаса, қилаётган ишларининг баҳридан ўтиб бошқа “ёғлироқ” корхонага кетиб қолишади.
“Шуҳрат транссервис” МЧЖ таъсисчиси Ўктам Ҳайдаров ҳам 5 та йўналишда жамоат транспорти қатновини канда қилмаслик учун ҳайдовчилар билан эҳтиёт бўлиб муомала қилган маъқул, деб ҳисоблайди. “Дилшод транс”, “Ҳамкор транс” масъулияти чекланган автокорхоналар раҳбарлари ҳам шундай фикрлашади.
Ана холос, жамоат транспортида маошдан ташқари хуфя даромадга кўз юмиб келинаётган экан-да. Агар кундалик тушум пули хазинага тўлиқ топширилса, корхона рентабеллиги ортиб, маошлар миқдори ҳам кўтарилмайдими?
— Маош ҳам кўпаяди, рентабеллик ҳам ошади, — дейди “Азиз авто йўловчи транс” раҳбари Л.Ҳайдаров. — Биз йўналишлардаги автобуслар сонини кўпайтириб, уларни янги инновацион қурилмалар билан жиҳозлашимиз, ҳар битта транспорт ҳаракатини электрон кузатув воситасида тўлиқ назорат қилишимиз мумкин. Лекин ҳозирча ҳайдовчиларни бундай тартибга кўндиришнинг иложи бўлмаяпти. Дарвоқе, Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти ишини ташкиллаштиришга масъул бўлган вилоят транспорт бошқармасининг бош мутахассиси Фарҳод Норқораевнинг фикрича, соҳада соғлом рақобатнинг етишмаслиги хизмат сифатига жиддий таъсир кўрсатаяпти.
— Шаҳар ичкарисидаги 62 та йўналишда қатнаш учун ҳар куни 400 та автобус хизмат кўрсатишга чиқарилаяпти, — дейди Ф.Норқораев. — Бу бошқа турдаги жамоат транспорти (микроавтобус, трамвай) қаторида паст кўрсаткич эмас. Лекин автобус корхоналарининг хусусий тадбиркорлар қўлида бўлиб, хизмат йўналишлари улар ўртасида тўлиқ тақсимлаб берилгани йўловчи ташиш транспорти тизимида марказдан туриб ўзгартириш қилишга имкон бермаяпти.
Бош мутахассиснинг фикрича, жамоат транспортида давлатга тегишли корхоналар ҳам бўлиши зарур. Шундагина соҳада соғлом рақобатни, аниқ ҳисоб-китобларни ва аниқ жадвални шакллантириш мумкин. Ҳозир шу мақсадда Ургут шаҳрида 60 та янги автобусга эга давлат автокорхонасини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Асосан, Ургут ва Тайлоқ туманларини Самарқанд шаҳри билан боғловчи мазкур автокорхона энг янги талаблар асосида жиҳозланиб, юқори маош оладиган малакали ҳайдовчилар билан таъминланади.
Демак, автобус ёки ҳайдовчи етишмаслиги муаммоси ҳал этиш имкони бор. Лекин йўл муаммоси-чи? Айтиш лозимки, бугун Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти қатнаётган 62 та йўналишдаги йўлларнинг аксарияти носоз, ўнқир-чўнқир ёки коммунал идоралар томонидан номаълум муддатга қазиб ташланган. “Рудакий”, “Амир Темур”, “Гагарин” кўчалари, “Кафтархона — Зафаробод” йўналишидаги йўллар шулар жумласидандир. “Кафтархона” автошоҳбекатига жамоат транспортининг хавфсиз кириб-чиқиши учун махсус светофор ҳам ўрнатилмаган. Шу боис йўл доимо тирбанд. Ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам вақт кетказиб хуноб бўлишади. Ёки шаҳар кўчаларида бирйўла 2 та рангдаги, қизил ва яшил чироқлари бир вақтнинг ўзида ёниб турадиган светафорлар ҳайдовчиларни чалғитмайди, дейсизми? Уларда нуқсон сезилган заҳоти зудлик билан созлаш шунчалик мушкулми?
— Шунинг учун ҳам Самарқандда йўналишлар оралиғидаги аниқ жадвалга амал қилишнинг иложи йўқ, — дейди “Ҳамкор транс” МЧЖнинг автобус ҳайдовчиси Зафар Содиқов. — 25 минг сўм кунлик маош учун бекатдан-бекатгача йўловчи тўплаб бориб-келишимиз, йўлнинг ўнқир-чўнқирларига кўз юмишимиз зарур.
Хуллас, шунақа гаплар. Ораста ва маданиятли шаҳар номини олаётган Самарқандда жамоат транспорти иши юксак маданиятга муносиб бўлмоғи, йўловчиларда заррача эътироз туғдирмаслиги лозим. Жамоатчилик назорати эса бунга доимо кўз-қулоқ, камчиликлардан огоҳ этувчи ва бартараф қилувчи воситага айланмоғи шарт. Шундагина жамоат транспорти бенуқсон ишлаб, жамиятга фойда келтиради.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.