Коррупция — тараққиёт йўлига тўсиқ

/
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтисодий бойлик ётади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, бошқа соҳаларнинг вакиллари, масалан, фирмаларнинг менежерлари ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши ва пора пул билан эмас, балки бошқа шаклда берилиши ҳам мумкин. Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан.
Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат, шубҳасиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонун 2008 йил 24 июнда қабул қилинган ва 2008 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган. Бу қонун 2008 йил 28 августдан эътиборан кучга кирган.
Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенцияга бир нечта билдиришлар, баёнотлар ва шартлар киритиш билан қўшилган. Қуйида ана шу билдиришлар, баёнотлар, шартлар хусусида тўхталиб ўтамиз. “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонуннинг 1-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конвенция 6-моддасининг 3-банди бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишда ва уларни амалга оширишда бошқа иштирокчи давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгиланган. Бу қоида Конвенциянинг 6-моддаси 3-бандидаги ҳар бир иштирокчи давлат БМТнинг Бош котибига коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бошқа иштирокчи давлатларга ёрдам бериши мумкин бўлган орган ёки органларнинг номи ва манзилини хабар қилади, деган талабларига тўла жавоб беради.
“БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонуннинг 2-бандига кўра, Конвенция 42-моддасининг 1 ва 3-бандлари бўйича 15, 19, 21, 22-моддаларда, 23-модданинг 1-бандида, 24, 25, 27-моддаларда назарда тутилган қилмишлар миллий қонунчиликка мувофиқ жиноий жазоланадиган қилмиш эканлиги ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг юрисдикцияси татбиқ этилиши баён қилинган.
Қонуннинг 3-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конвенция 44-моддаси 6-бандининг “а” кичик бандига мувофиқ, ушбу Конвенциядан коррупция жиноятлари содир этган шахсларни тутиб топшириш масалаларида бошқа иштирокчи давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос сифатида фойдаланиши кўрсатилган.
Қонуннинг 4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг 46-моддаси 13-банди бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосларни олиши ва бажариши ёки бундай илтимосларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларига юборишга жавобгар бўлган марказий орган эканлиги, 14-банди бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосларни юборишда ўзбек, рус ва инглиз тиллари мақбул тиллар сифатида қайд этилган.
Конвенциянинг 66-моддаси 2-банди қоидаларига эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бу позицияси тегишли асосга эга эканлигига амин бўламиз. Яъни, бу бандда икки ёки ундан ортиқ иштирокчи давлатларнинг Конвенцияни шарҳлаш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай келишмовчилиги мунозаралар олиб бориш йўли билан ёки арбитраж йўли билан ҳал этилиши, келишмовчиликлар шу йўсинда ўз ечимини топмаган тақдирда давлатлардан бирининг Халқаро судга мурожаат этиши орқали бир қарорга келиши мумкинлиги белгиланган.
Фикримизча, бир неча халқаро ҳужжатлар замирида юзага келган ва унинг стандартларига жавоб бера оладиган Конвенциянинг моддалари юзасидан бундай келишмовчиликлар юзага келиши эҳтимолдан узоқ. Ҳар бир мамлакат Конвенция талабларини унга қўшилиши олдидан кўп марталаб ўрганиб чиқади ва мазмун ҳамда талабларидан тўла хабардор бўлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президентимизнинг шу йил 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” имзоланган фармони ҳам мамлакатимизда демократик жамият қуришда, адолатни қарор топтиришда коррупцияга қарши кенг миқёсда курашга киришилганини кўрсатади. Фармонга кўра, республикамизда 2019-2020 йилларда Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури белгиланди, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил қилинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиялари ташкил қилинадиган бўлди.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланмоқда. Қонун ва фармонда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари сифатида ўз ифодасини топган.
Муса ЮСУПОВ,
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг судьяси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг пенсия таъминотига доир ҳуқуқларини таъминлашда архив ҳужжатлари муҳим амалий аҳамиятга эга эканини нафақат мутахассислар, балки кўпч...
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....
01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....