Интернет — террорчиларнинг бош қуроли унинг “нишон”ига рўпара бўлмаяпсизми?

/
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. Бу иллатлар жамият асосларини вайрон этади, инсон ҳуқуқларининг бош тамойилларини оёқости қилади.
Албатта, ушбу иллатларга қарши курашиш нафақат соҳага бевосита масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг вазифаси, балки жамоатчилик, айниқса, сиёсий партиялар ҳам четда туриши мумкин эмас. Айни шу мақсадда жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида “Экстремизм ва терроризм – тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси масъул ходимлари, партия фаоллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, экспертлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган ёшларга эътиборни кучайтириш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда бу борадаги ишлар ижросини таъминлашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Буюк маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деб бежиз айтмаган. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ юзага келишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари эртага салбий оқибатларга сабаб бўлувчи бўшлиқларнинг олдини олиш ва эртамиз эгалари бўлган ёшлар маънавий баркамол ва жисмонан бақувват бўлиши учун ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ёшларни санъат ва адабиётга қизиқтириш, жисмоний чиниқтириш, интернетдан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш, маънавиятини юксалтириш ва улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш каби масалалар устувор аҳамиятга эга.
Экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказаётган бир шароитда бу каби масалаларга бефарқ қарамоқ — келажагимизга беэътибор бўлмоқ деганидир.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак.
Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ва партия фаолларининг мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф-тавсиялари тингланди.
— Ёш йигит-қизлар интернет манбаларидан энг кўп маълумот олувчи қатламдир ҳамда бундан террорчилик тузилмалари имкон қадар фойдаланмоқда, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Ихтиёр Абдураҳмонов. — Фаол интернет аудиториясида жам бўлувчиларнинг тафаккури ва кайфиятини ўз ғояларига бўйсундираяпти, ёшларнинг қалбига қўрқув, нафрат ҳамда зўравонлик уруғини сочмоқда. Глобаллашув шароитида интернет террорчилар учун янги аъзоларни аниқлаш, уларнинг онгини заҳарлаш ва ўз ташкилотига тайёрлаш воситаси бўлиб қолмоқда. Шунингдек, маблағ йиғиш ҳамда маблағни ўтказишда, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш ва ўз мақсадларини оммалаштиришда улар учун интернет бош қуролга айланди.
— Ҳозирда бир нечта йирик экстремистик ташкилотлар фаол тарзда ижтимоий тармоқлар орқали ўз сафларига асосан 17-35 ёш оралиғида бўлганларни ёлламоқда, — деди ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси масъул ходими Абдумалик Каримов. — Бунда психологик таъсирни янада кучайтириш мақсадида ижтимоий тармоқ аъзоларининг саҳифаларига қўйилаётган суратлар, шарҳ ва изоҳлар ҳамда олиб борилаётган суҳбат мавзулари пухта ишлаб чиқилади. Шу асосда “нишон”га олинган шахсга мавзуга оид материаллар интернетнинг Facebook, Оdnoklassniki, VKontakte, Telegram, Twitter, WhatsApp каби кенг аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқлар орқали юборилиб, ўзаро алоқа йўлга қўйилмоқда.
Давра суҳбатида экспертлар ва талабалар ҳам мавзуга доир фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Экспертларнинг фикрича, ҳозирда ёшлар мавзусида сўз юритилганида, одатда, ушбу қатламнинг замонавий гаджетларга, комьпютер ўйинларига берилиб кетаётгани тез-тез танқид қилинади. Бироқ ёшларнинг ушбу қизиқишларини ҳам фойдали томонга йўналтириш, турли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, миллий маданиятимизга ёт, “оммавий маданият”ни тарғиб қилувчи видеоларни тарқатаётган шахсларга нисбатан қўлланаётган жазо чоралари ҳақида айнан ана шу тармоқларнинг ўзида хабар бериб бориш орқали ёшлар орасида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш лозим.
Давра суҳбати якунида Президентимизнинг ташаббуслари ижросини таъминлаш, ёшлар орасида экстремистик қарашлар тарқалишига қарши кураш тизимида ёшлар ташкилотлари билан биргаликда сиёсий партиялар салоҳиятидан ҳам фаол фойдаланиш бўйича ҳамкорликда қилинадиган вазифалар белгилаб олинди.
Дилором АДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Марказий аппарати сектор мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...
01 янв 1970
Фуқароларнинг пенсия таъминотига доир ҳуқуқларини таъминлашда архив ҳужжатлари муҳим амалий аҳамиятга эга эканини нафақат мутахассислар, балки кўпч...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...