Ҳоким ўринбосари огоҳлантиришдан сабоқ чиқар(а)дими?

/
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелда “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат уй-жой масаласида шу каби муаммога ечим топишга қийналган кўплаб фуқаролар дилида катта умид ва ишонч уйғотди.
Аммо ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишда масъулиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Қуйида ана шундай ҳолатлардан бири ҳақида сўз юритилади.
Давлат идорасига мурожаат йўллаган фуқаро қонун устуворлигига ишонч ҳосил қилиб, асослантирилган жавоб олишни кутади. Аммо мурожаат қилган фуқаролардан бири сал бўлмаса Алининг ҳақини Валига тутқазиб юборадиган давлат идораси масъул ходимларининг ишга совуққонлиги, эътиборсизлиги боис панд еб қолай деди. Қандай қилиб,
дейсизми?
Воқеанинг қисқача тафсилоти шундай. Президентимизнинг фармонини ўқиб, Жомбой туманининг “Нўш” қишлоғида яшовчи Зоҳиджон Лапасов давлатимиз раҳбарининг инсонпарвар сиёсатидан боши осмонга етган ва дарҳол бу имкониятдан фойдаланмоқчи бўлган эди. Фуқаро З.Лапасов туман “Ермулккадастр” давлат корхонаси ва бошқа ваколатли идоралардан маслаҳат сўраб, керакли ҳужжатларни тўплайди ва 2018 йил 9 октябрда Жомбой туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Бу ердагилар унинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги мурожаатини ижро учун туман ҳокимлиги қошидаги комиссияга юборишди. Комиссия мурожаатни ўрганиб, ижобий хулосага келгунига қадар “Нўш” қишлоғилик фуқаро еттита ташкилотнинг ҳар биридан зарур хулоса олишига тўғри келди. Ниҳоят, давлат хизматлари марказига 2018 йил 28 декабрда келганида унинг мурожаати асосида ҳоким чиқарган қарор шу туманда яшовчи бошқа бир фуқаро — Гулнора Ортиқовага тақдим этиш учун марказнинг маълумотлар базасига юборилганлиги маълум бўлди. Аниқроғи, Зоҳид Лапасовга тегишли 2238607 рақамли ариза жавоби худди шу масалада мурожаат билан келган фуқаро Г.Ортиқовага тутқазиб юборилган. Ана сизга саргузашт! “Алининг ҳақи Валига” ёки “Пуф-пуф” деган карнайчи, пулини олсин сурнайчи” деганлари шумикан?
Зоҳиджон Лапасовнинг бу ҳолдан фиғони фалакка чиқиб турганида, хайрият, давлат хизматлари маркази ходимлари ҳозиржавоблик билан масалага аниқлик киритишди. Улар туман ҳокимлиги қошидаги комиссия томонидан маълумотни тарқатишда хатоликка йўл қўйилганини аниқлаб, фуқаро З.Лапасовга тегишли мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ҳоким қарорини ўз эгасига тақдим этишди.
Бор гап шу! Аммо бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Бу фуқаро мурожаатига нисбатан давлат идораси вакилининг беписандлигими, совуққонлигими ёки ваколат доирасидаги хизматни бажаришдаги нўноқликми? Хулоса чиқаришга шошилмайлик-да, комиссия томонидан “арзимас хато” деб бизга уқтиришмоқчи бўлган воқеа изидан қандай чора кўрилганлигига тўхталайлик. Ушбу ҳолат бўйича хабардор қилинган давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси масалани ўрганиб, комиссия раиси — туман ҳокими ўринбосари Шерали Худоёровга қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳнома киритди. Яъни келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида ҳоким ўринбосари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарори талабларига риоя қилмаслик қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида расман огоҳлантирилди.
Масалага шу билан нуқта қўйсак бўларди. Аммо...
Жомбой туман “Ермулккадастр” давлат корхонаси ва ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини бериш бўйича туман ҳокимлиги қошидаги комиссиянинг иш тутуми, ваколатга муносабати, ҳужжатлар билан ишлашдаги шошма-шошарлиги, очиғи, бизни ажаблантирди. Эътибор беринг, мулкка эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилиши муддати 2019 йилнинг 1 майига қадар узайтирилганидан сўнг туман давлат хизматлари марказига фуқароларнинг мурожаати оқиб келмоқда. Туман “Ермулккадастр” давлат корхонасига 20 февраль соат 1100да келган чоғимизда атиги 2-2,5 соат ичида мурожаатлар сони 60 тага кўпайгани ва 1611 тага етгани маълум бўлди.
— Ҳар куни шундай, вазият кундалик иш режамизга ўзгартириш киритишга мажбур қилаяпти, — дейди туман “Ермулккадастр” давлат корхонаси раҳбари Ифтихор Раҳимов. — Туман марказидан энг чекка қишлоқ 35 километр олисда жойлашган. Лекин барибир мурожаат бўйича тегишли техник мутахассисларни транспорт топиб, ариза эгасининг манзилига етиб боришини таъминлашимиз зарур, 9 та мутахассисимиз мурожаатни ўрганиб хулосани туман комиссиясининг ишчи гуруҳига етказади. Улар эса мурожаатни ўз талаблари бўйича қайта ўрганиб, яна “Ермулккадастр”га узатишади. Биз барча хулосаларни тўплаб туман комиссиясига йўллаймиз. Жараён 12 кунлик муддатни ўз ичига олаяпти. Лекин, очиғи, комиссия таркибидаги хулоса берувчи ташкилотлар ишимизни бироз орқага тортишаяпти.
Фикримизча, айнан шу ерда вазиятга ойдинлик киритиш пайти келди. Самарқанд вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонасидан бизга тақдим этилган маълумотга кўра, Жомбой туманида “Ермулккадастр” корхонасига давлат хизматлари маркази орқали тушган мурожаатлар сони 20 февралда 1611 тани ташкил этган. Шунинг 1455 таси ишчи гуруҳига тақдим этилган. Лекин ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилган объектлар ёки мурожаатлар сони 958 тани ташкил этаяпти. Маълумотга асосланадиган бўлсак, 500 дан ортиқ объектни ўрганиш, бориб кўриш учун вақт топилмаган. Яна жами 1611 та мурожаатнинг 612 тасига ижобий хулоса олишганига, давлат хизматлари марказига шунча ҳисобварақаси топширилганига нима дейсиз? Ишчи гуруҳи томонидан 35 та мурожаатнинг кўриб чиқиш муддатлари кечиктириб юборилганини қандай изоҳлаш мумкин?
— Ишчи гуруҳи томонидан муддати кечиктириб юборилган 35 та мурожаат бўйича уч кун ичида, албатта, айбдорларни аниқлаб тегишли чора кўрамиз, — дейди комиссия раиси, ҳоким ўринбосари Шерали Худоёров. — Дастлабки ўрганишлар бўйича хулоса беришда муддатга амал қилмаган, сусткашликка йўл қўйиб, комиссиянинг якуний иш натижасини пасайтирган туман СЭСи ва экология идораси вакиллари ҳам тартибга чақириб қўйилади.
Матбуотни “тинчлантириш” учун айтилган бу гаплардан қанчалик наф бор-йўқлигини билмадик. Аммо комиссия раиси ўзига юклатилган бениҳоя муҳим, аниқ вақт ва ижрони талаб қиладиган иш учун масъулиятни, жавобгарликни тўлақонли ҳис этармикан? Ахир юқорида айтганимиздек, умумдавлат акциясининг муддати поёнига етаётгани сайин давлат хизматлари марказига мурожаатлар оқиб келмоқда. Уларнинг ижросини ким ўз вақтида таъминлайди? Мурожаатлар манзилида бирорта фуқаро эътиборсиз қолиб кетмаслиги учун ким қайғуради? Ахир уй-жойга эгалик ҳуқуқи масаласи ҳақида сўз кетаяпти! Битта акция доирасида фуқароларнинг давлат идораларига нисбатан ишончини мустаҳкамлаш ислоҳотлар жараёни учун нечоғлик муҳим эканлигини тушуниб етиш пайти келмадими? Самарқанд вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси, давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармаси ва Жомбой туман ҳокимлигидан ушбу саволларга тегишли жавоб кутиб қоламиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...
01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....