Адолат қарор топармикан?

/
Ҳурматли таҳририят аъзолари!
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёшдан ошган Нўъмон бобо Қаюмовман.

Менинг ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш йўлидаги сарсонгарчиликларим 2012 йилда бошланган бўлса ҳам, аслида бунинг сабаблари олдинроқ юзага келганди. Фарзандларим кўп, уй-жойга эҳтиёжим бўлгани сабабли танишим Исроил Умаровдан Шаҳрисабз шаҳар, Зафаробод кўчасидаги 6 сотихли 51-уйни сотиб олдим. Уй-жой учун пулнинг бир қисмини ўша йили 6 нафар қўшнимнинг ёзма гувоҳлигида (гувоҳлик ҳужжатлари бор) бердим. Исроил Умаров ҳам пулнинг бир қисмини мендан олганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берди. Биз уйнинг қолган пулини бу ердаги иморатларни ўзим таъмирдан чиқариб бўлганимдан кейин, уй эгаси эса кадастр ҳужжатларини тайёрлаб берганидан сўнг беришга ва уйни менинг номимга расмийлаштиришга келишдик.
Шундан сўнг сотиб олган ҳовлини девор билан ўрадим, уйларни таъмирдан чиқардим. Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг 2010 йил 16 ноябрдаги Х-1058/11-сонли қарори билан мазкур уй Исроил Умаров номига берилиб, кадастр ҳужжати тайёрланди. Мазкур уйнинг ер, мол-мулк ва бошқа солиқларини 2000 йилдан 2012 йилгача ўзим тўладим.
2015 йилнинг 25 февралида мен Исроил Умаровга уйнинг пулидан қолган қисмини тўладим ва бу ҳақда мен, Исроил Умаров, унинг хотини Анвара Назарова, қизим Мадина Ходиева иштирокида тегишли далолатнома туздик.
Кенжа қизим Мадина Қаюмова 2004 йилда Бекзод Ходиев билан оила қуришди. Ўрталарида 3 нафар қиз дунёга келди. Улар 2008 йилга қадар Бекзоднинг ота-онасига тегишли Шаҳрисабз шаҳар, Эшонпир кўчаси, 79-уйда яшаб келишди. Кейин оиладаги келишмовчиликлар туфайли бошқа жойдан ижарада туриш учун уй-жой қидиришга тушишди. Шунда куёвим, қизим ва невараларимнинг қийналганини кўриб, Зафаробод кўчасида жойлашган 51-уйдаги 6 сотих ер майдонининг 2 сотихига уларнинг вақтинча уй-жой қуриб, яшаб туришларига розилик бердим. 2008-2009 йилларда куёв Бекзод Ходиев шу 2 сотих жойга 2 хоналик уй ва ёрдамчи иморатлар тиклади ва алоҳида кириб-чиқиш учун дарвоза ҳам қурди.
2010 йил мен 6 сотихдаги ер майдонининг 4 сотихида қурилган уй-жойни ёрдамчи бинолари билан бирга ўғлим Бурхон Қаюмовга, 2 сотихида қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларни қизим Мадина Ходиевага бериш учун Шаҳрисабз туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматига ҳужжат топширдим. Лекин бу ҳужжатлар изсиз йўқолди. Кейин билсам, бунинг сабаби бор экан. Куёв, асли ҳуқуқшунос бўлган Бекзод Ходиев, 2009 йилнинг 29 октябрида менга тегишли бўлган, сотиб олаётганим 51-уйни сотиш, ҳадя қилиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқларини Исроил Умаровдан қизим Мадина Ходиева номига ишончнома қилиб олиб берган ва бу ишончномани нотариус Дилфуза Меликова расмийлаштирган экан. Шундан кейин туман нотариал идораси нотариуси Дилфуза Меликова яна бир “хайрли” ишни амалга оширган. Яъни, 2011 йилнинг 21 январида эр-хотин, яъни қизим Мадина Ходиеванинг Зафаробод кўчасидаги менга тегишли 51-уйни эри Бекзод Ходиевга 4.5 миллион сўмга сотганлиги ҳақидаги шартномани имзолаган. Қизиқ ҳолат, эр-хотин бўлиб, уч фарзанди билан бир уйда яшаб келаётган, шу билан бирга қайнотанинг ҳовлисидан паноҳ топган куёвнинг ўз хотини билан уй-жойни олди-сотди шартномаси орқали ўз номига ўтказиб олишини қандай тушуниш мумкин? Бирорта эркак ўз хотинидан уй сотиб олганини эшитганмисиз? Шундай қилиб, юқоридаги шартномага асосланиб Шаҳрисабз туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан 2011 йилнинг 25 январида Ходиев Бекзодга 51-уйни тўла равишда ўзиники қилиб олганлиги ҳақидаги ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.
Бу гапларнинг ҳаммасидан 2011 йилнинг 20 июнида, куёв қизим Мадинани болалари билан уйдан ҳайдаб чиқариб юборганидан сўнг хабар топдим. Куёвбола бу билан ҳам қаноатланмади. 2013 йилда Фуқаролик суди орқали улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинди. Шундан кейин 2011 йил июнь ойидан уй-жой юзасидан низо бошланди. Қизим Мадина Ходиеванинг уй-жойига эгалик ҳуқуқини тиклаш мақсадида қилган мурожаатлари Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ туманлараро судларида ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида бир неча марта кўриб чиқилди ва турли хил ажримлар чиқарилди. Масалан, Шаҳрисабз туманлараро суди 2013 йил 4 июнда бўлиб ўтган суд мажлисида қизимнинг “Шаҳрисабз туман 2-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Д.Меликова томонидан расмийлаштирилган уй-жойнинг олди-сотди шартномасини ҳамда Б.Ходиевнинг Зафаробод кўчасидаги 51-уйга бўлган ҳуқуқининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги” даъво талаби қаноатлантирилди. 2013 йил 19 июлда Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанцияси Шаҳрисабз туманлараро фуқаролик судининг қарорини тўғри, деб топди. Натижада Зафаробод кўчасидаги 51-уй Шаҳрисабз туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан 2014 йил 21 октябрда қизим номига расмийлаштириб берилди. Биз бу ишга суд органлари вакиллари ҳаққоний ёндашиб, тўғри хулоса чиқарганидан қувондик. Лекин бу қувончимиз узоққа чўзилмади.
2016 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари Ф.Абдуазимов имзоси билан назорат тартибида протест келтирилади. Протестда шундай дейилади: “Судлар (Шаҳрисабз туманлараро фуқаролик суди ва Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанцияси) тарафлар бир оилада яшаб келиб, низоли турар жойни М.Ходиева турмуш ўртоғи Б.Ходиевга сотганлиги ҳолати ҳақиқатан ҳам олди-сотди шартномаси алдаш таъсирида тузилганлигини асос қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида асослантирилмаган тўхтамга келган кўринади. Суднинг ушбу хулосаси барвақт бўлиб, низони тўғри ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш чоралари кўрилмаган. Чунки ишда олди-сотди шартномаси тузилишида алдаш қайси ҳолатларда яққол намоён бўлганлиги ва ким кимни нима мақсадда алдаганлиги тўғрисида бирон-бир далил ва хулоса мавжуд эмас...”
Бу протестдан кейин 2016 йилнинг 5 августида бўлиб ўтган Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судида ҳам, 2016 йил 20 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг ажримида ҳам қизимнинг уй-жойга эгалик қилиш талаби рад этилди. Уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи Бекзод Ходиевга берилди. Бундан кейинги то ҳозиргача давом этаётган суд мажлисларида бу масала шундай ҳал қилиниб, низо давом этиб келмоқда. Ана шундай қилиб, беш-олти йилдан бери давом этиб келаётган бу сарсонгарчиликлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги оворагарчиликлар туфайли мен уйимдан, қизим эса оиласидан, болаларининг бахти-қувончи, бошпанасидан жудо бўлди.
Ана шу муносабат билан ва бу низоли ишда бор ҳақиқатни ойдинлаштириш мақсадида Қашқадарё вилоят ва республика Олий суди вакилларига кўнглимдаги баъзи саволларни бермоқчи эдим:
Биринчидан, Шаҳрисабз шаҳар Зафаробод кўчасидаги 51-уйни Исроил Умаровдан мен сотиб олганман. Унинг 2000 йилдан 2012 йилгача бўлган барча солиқларини мен тўлаганман. Демак, бу менинг мулким. Бу мулкни мендан сўрамай аллакимлар, аллақандай ишончнома, шартномалар асосида ғорат қилишса, ўзиники қилиб олишса, менинг қонуний ҳуқуқларимни ҳимоя қилиши керак бўлган суд органлари вакиллари уларни қўллаб-қувватласа, менинг конституциявий ҳуқуқларимга зиён етса, шу адолатданми?
Иккинчидан, кўп йиллардан бери давом этиб келаётган бу муаммонинг сабабчиси Бекзод Ходиев бўлиб, унинг ташаббуси билан нотариал идорада тузилган ишончнома ва шартнома ҳисобланади. Агар бу ҳужжатлар адолат билан тузилганида эди, бундай сарсонгарчиликлар юз бермасди. Бу ҳужжатлар эса қизимни алдаш асосида, унга нисбатан ёмонлик ниятида тузилган. Келинг, энди масалага сал кўзимизни очиб, жиддийроқ назар ташлайлик. Б.Ходиев қизимдан уйни 4,5 миллион сўмга сотиб олсаю бир тийин пул тўламаса, бу алдов эмасми? Ёки бўлмаса, Б.Ходиев низоли уйни ўзиники қилиб олганидан кейин қизимни болалари билан уйдан қувиб чиқарса, кейинчалик ўртасидаги никоҳни бекор қилса, алдов эмасми?
Учинчидан, мен мамлакатимизда қонунлар ниҳоятда мустаҳкам асосда ишлаб чиқилган, улар битта мақсадга — ҳақиқатни юзага чиқаришда халқ учун хизмат қилади, деб ўйлардим. Шу фикримда ҳозир ҳам собитман. Лекин йиллар давомида судма-суд қатнайвериб бир нарсага амин бўлдим. Судлов органлари вакиллари бу қонунлардан турли хил қарорлар чиқаришда фойдаланар эканлар. Акс ҳолда бир тумандаги, вилоятдаги судъялар бир масала юзасидан икки йил олдин бошқача, бир йил аввал бошқача, бугун бошқача ажримлар, қарорлар чиқаришса, буни қандай изоҳлаш мумкин?
Ёки бунинг бошқа сабаблари бормикан?..
Нима бўлганда ҳам таҳририят аралашуви билан адолат қарор топишига умид қиламан.
Ҳурмат билан Нўъмон ҚАЮМОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Куни кеча, Конституция байрами билан бир кунда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонладик. ...
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мав...