«Уй-жойингни бузиб, ўрнига боғ қиламиз»

/
Тўрақўрғон тумани ҳокимининг қарори тўғрими?
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. Ушбу ер участкасини 2011 йилда 414-контурдан фермер ва туман ер тузувчиси дадамга уй-жой солиш учун таклиф қилган экан. Дадам уларга пул тўлаганидан кейин ерни ўлчаб беришган. Дадам шу жойга сен уй соласан деб, бу ерни менга берган. 2011 йилдан то 2017 йилгача тўплаган маблағим ҳисобига уй қурдим, томорқа атрофини девор билан ўраб чиқдим. Етти йил аввал ўтқазилган дарахт кўчатлари бугун мевага кирди. Бундан ташқари, мол боқиш учун оғилхона ҳам қурганмиз. Давлатдан ҳеч қандай қарзимиз йўқ. Мол-мулк солиқларини вақтида тўлаб келаяпмиз.
Аммо кейинчалик ўша 414-контурдаги ер 2011 йилда фермер ва мутасаддилар томонидан уй-жойга муҳтож оилаларга ноқонуний сотилгани аниқланган. Ўша пайтда вилоят ҳокими лавозимида фаолият олиб борган Баҳодир Юсупов шахсан ишчи гуруҳи билан келиб, ноқонуний қурилган уй-жойларни, томорқаларни бузиб ташлашди. Лекин бизнинг турар жойимиз ва томорқани бузиш бўйича ҳеч қандай гап-сўз ёки кўрсатма бўлмаган.
2016 йилда ер муаммоси яна қайта кўтарилди. Туман захирасига олинган ерлар одамларга боғдорчилик билан шуғулланиш учун берилди. Бироқ айрим кишилар боғ учун бўлиб берилган ерларни уй-жойга муҳтожларга сотиб юборишди.
Бу ҳолни кузатиб, мен ҳам боғдорчилик қилиш учун ер ажратишларини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Тўрақўрғон тумани ҳокимининг жавоб хатида эса уй-жойимиз ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилган деган хулоса берилди. Қайта-қайта қилган мурожаатларимга ҳам бир хил жавоб олаяпман. Наҳотки Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги 2016 йилгача, яъни мен мурожаат қилгунимча, 414-контурдаги 2,40 гектар ерга боғдорчилик қилиш учун қарор олганлар ерни уй-жой қуришга сотганларини билишмаган?
Сўровларимга туман ҳокими имзоси билан 2018 йил 16 май санасида берилган жавоб хатида шундай дейилган: «Мазкур ноқонуний уй-жойлар суд орқали бузилиб, ер майдони яроқли ҳолатга келтирилганидан сўнг, сиз белгиланган тартибда боғдорчилик йўналиши бўйича фермер хўжалигини ташкил этишингиз мумкин».
Туман ҳокимининг бундай мазмундаги қароридан хабардор бўлган айрим фуқаролар эса менинг тайёр жойимга эгалик қилиш учун отни қамчилаб қолишди. Иш судгача бориб етди.
Чуст туманлараро судига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш бўйича даъво аризаси Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги томонидан эмас, ушбу ерларни қаровсиз ҳолатга ташлаб қўйгани аниқланган фермер томонидан киритилганига нима дейсиз?
Отам бундан етти йил аввал фермер, ер тузувчи каби амалдорларнинг алдовига ишониб, ер сотиб олган бўлса, менда, оилам ва фарзандларимда нима айб? Нега бизни кўчага ҳайдашяпти? Наҳотки уй-жойимни ўз номимга ҳужжатлаштириб бериш шунчалик қийин. Энди мен фарзандларим билан қаерга бораман?
Улуғбек Жамолдинов,
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани, “Гулқишлоқ” МФЙ, Гул қишлоғи.
 
ТАҲРИРИЯТДАН:
2011 йил ажратиб берилган ерга орадан етти йил ўтиб эга чиқишини изоҳлаш мушкул, албатта. Ахир шикоятчи шунча йилдан буён қанча қурилиш ишларини амалга оширган. Буни яширин эмас, халқнинг, маҳалла-кўйнинг кўз олдида қилган. Шу ўринда нега маҳалла оқсоқоллари, фермер, туман мутасаддилари, ер тузувчилар ўша пайтда келиб, бу ерда уй қуриш мумкин эмас, деб огоҳлантиришмади, деган савол туғилади. Битта дарахтни ўстириш учун инсон қанча заҳмат чекади. Бир оиланинг уйли-жойли, томорқа эгаси бўлишини тассаввур қилаверинг. У.Жамолдинов бутун умр йиғиб-терганларини уй-жой қуриш, фарзандларининг келажаги тўкис бўлиши учун сарфлаган. Бугун эса у мутасаддиларнинг тушунарсиз қарори сабаб бор-будидан айрилиб, кўчада қолиб кетаяпти.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддилари ёш оилага кўмак беришса, қурилган уй-жой кадастр ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатишса, нур устига нур бўларди. Акс ҳолда оила бошпанасиз қолиб, парокандаликда юз тутмаслигига ким кафолат беради? Тўрт киши уйсиз-жойсиз ҳаёт кечиришини тасаввур қилиб бўладими?
Жорий йилнинг 20 апрелида Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда ҳуқумат қарори ҳам қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалардан наҳотки тўрақўрғонлик мутасаддилар бехабар бўлишса?..  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.
01 янв 1970
Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
01 янв 1970
Коррупция билан курашиш Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисоблан...