«ДЎСТ»ингиздан ЭҲТИЁТ бўлинг

/
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. Негаки, синфдошлар бир-бирини бир қарашда тушунади. Мактабдош ўртоқларимизнинг уйига борамиз, яхши ва оғир кунларда олдида бўлишга ҳаракат қиламиз. Синфдош дўстининг уйига ёмон мақсадни кўзлаб борадиганлар ҳақида эшитганмисиз? Бундай жирканч, бадният ўй бирор синфдошнинг кўнглига келмайди, дерсиз. Бироқ ҳаётда шундайлар ҳам учраб турар экан.
Зариф Турғунбоев синфдоши Даврон Темиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган)ни яхши ниятлар билан ота-онасига таништириш учун оиласига таклиф қилганда бир кун келиб шу дўсти уйига ўғирликка киришини қаёқдан билибди…
Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги мактаблардан бирида таҳсил олган Зариф синфдоши Даврон билан бошқаларга нисбатан анча қалин ўртоқ бўлиб олишди. Улар қаерга бўлса бирга боришарди. Зариф дўстини Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Тузель-2 даҳасида жойлашган уйига ҳам тез-тез таклиф қиларди. Даврон синфдошининг уйига ҳафтада камида бир маротаба келиб турарди.
— Юр, сизларникига бориб кино кўрамиз, — дерди ҳар гал Даврон Зарифга.
— Майли, кетдик, ҳозир уйда ҳеч ким бўлмаса керак. Бирга овқатланиб, гаплашиб ўтирамиз, —дерди Зариф.
Икки ўртоқ уйда анчагача қолиб кетишарди. Даврон пайтдан фойдаланиб ўзининг ғаразли режаларини туза бошларди. Уй жиҳозлари, маиший техника воситалари, телефон ҳамда компьютернинг қайси хонада туришини зимдан кузатиб юрарди. Бундан бехабар хонадон эгалари меҳмонга ўз ўғилларидек ишонишарди. Даврон Зарифдан уйда қайси маҳал одам бўлиш-бўлмаслигини ҳам сўраб олган эди. Бундан ташқари, у уй эгалари кўча эшигини қулфлаб калитни подъезддаги электро-шит ичида қолдириб кетишларини ҳам кўрганди.
— Калитни шу ерда қолдирасанми? —деб сўради Даврон бир сафар уйдан чиқаётганда.
— Ҳа, дадам билан ойим келганларида кўчада қолмасликлари учун шу ерда қолдирамиз, ҳеч ким тегмайди, — деди соддалик билан Зариф.
Бу Давронга қўл келди. У 2017 йилнинг декабрь ойида эрталаб синфдошининг уйи олдига келиб, уларнинг чиқишларини кутади. Хонадон эгаларининг кетганига ишонч ҳосил қилгач эса тепага кўтарилди. Шитдан калитни олиб, ичкарига киради. Даврон ётоқхонада турган «FLY» русумли қиммат мобиль телефонини олиб, эшикни қулфлаб чиқиб кетади. Кейин ўғирлаган телефонини туман ҳудудидаги эски жиҳозлар сотиладиган бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланадиган танишига арзон нархда сотиб юборади.
Уй эгалари телефон йўқолганига унчалик эътибор қаратишмади. Кўча-кўйда тушиб қолган бўлиши мумкин деган ўйда юришди.
Бу орада Даврон бир неча маротаба келиб кетади. Энди унинг «ишқи» хонада турган ноутбукка тушди. Қандай қилиб бўлса-да, бу матоҳни ҳам қўлга киритиш пайига тушиб қолди.
У жорий йилнинг 14 февраль куни пешин маҳал уйда ҳеч ким бўлмаслигини билиб, яна ичкарига киради. Даврон анчадан буён ўғирлашни кўзлаб юрган ноутбукни олиб, жуфтакни ростлайди. Осон қўлга киритилган бу матоҳни ҳам эски танишига арзонга сотиб, пулини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади. Тез-тез буюмларининг йўқолиб қолаётганидан хавотир олган уй соҳиблари кимдан шубҳаланишни ҳам билмай қолишди. Шунда улар охирги вақтларда ўғлининг «яқин» дўсти тез-тез меҳмонга келганини эслаб, ундан гумонлари борлиги бўйича ички ишлар органига мурожаат қилишди. ИИБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тергов жараёнида хонадон эгаларининг шубҳалари ўз исботини топди. Яъни гумонланувчи телефон ва ноутбукни ўғирлаганини тан олди.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур ўғирлик ишини содир этган Даврон Темировга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд Д.Темировнинг ёшлиги, аввал судланмагани ва жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъволари йўқлигини ҳамда ўғирлаган буюмларни тўлиқ қайтарганини ҳисобга олиб, жазо тайинлади.
Мазкур жиноят ишига ҳукм чиқарилишида давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор ва инсонпарварлик кўмагига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг кафиллиги ҳам жазонинг енгиллигини таъминлади. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан суд залидан озод этилаётган Даврон каби жиноят йўлига адашиб кириб қолган ёшлар тўғри хулоса чиқаришлари лозим. Жиноят кўчасига иккинчи маротаба кирган фуқароларга жазо қатъийроқ бўлиши аниқ.
Маълумотларга кўра, 2017 йилда юртимизда йигирма бир мингдан зиёд вояга етмаган ёшлар жиноятга қўл урган. Ачинарлиси, уларнинг уч юздан ортиғи ҳали мактабни ҳам тамомлашга улгурмаган ўқувчилардир. Бу, ўз навбатида, фарзанд тарбиясида айрим мактаб ва оилаларда бўшлиқ юзага келганлигини билдиради. Ота-оналар фарзандларининг юриш-туришига, атрофидаги дўстларига эътиборли бўлиши айни муддаодир. Зеро, халқимиз “Бола азиз, одоби ундан ҳам азиз” деб, бежиз айтмаган.
Аброр САИДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди раиси.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....
01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....