Оила қўрғони дарз кетмасин

/
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.
Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.
Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳамда 2018 йил 7 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин. Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда, — дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Алимова. — Шунинг учун вилоят ва туман, шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар кенгашлари томонидан прокуратура, ички ишлар, суд, адлия ва ФҲДЁ органлари, тиббиётчилар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ёшлар, қуда-андалар ўртасида яраштириш, тушунтириш ва тарғибот ишлари, давра суҳбатлари, учрашув ҳамда мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Дарҳақиқат, мавжуд 1028 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилган. Масъуллар томонидан мазкур оилаларнинг муаммоларига биргаликда ечим топилиб, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Яъни эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан алоҳида суҳбатлар олиб борилиб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланмоқда. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар ва маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилмоқда. Қолаверса, бу тоифадаги оилалар аъзолари “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси, ҳудудда истиқомат қилаётган намунали оилалар, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир қила оладиган фаоллар ҳамда ФҲДЁ бўлимлари иштирокида ўтказилаётган “Ота-оналар университети”, “Оиланинг ҳуқуқи ва мажбурияти”, “Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш асослари” мавзусидаги тарғибот тадбирлари ва машғулотларга жалб этилмоқда. Натижада жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида вилоят бўйича 1946 та оилавий ажримларнинг олди олиниб, эр-хотинлар яраштирилди. Энг қувонарлиси, бунинг самараси ўлароқ, 3473 нафар боланинг тирик етим бўлиб қолишига чек қўйилди. Жумладан, ажрашмоқчи бўлган эр-хотин Абдужалил Қодиров ва Гулнора Эралиева(мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил 28 март куни Бешариқ туман ҳокимлиги ва “Юқори Товул” маҳалла фуқаролар йиғинининг саъй-ҳаракати билан яраштирилиб, уларнинг оиласи сақлаб қолинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судидан олинган маълумотлар ҳам вилоятда тилга олинган йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўламидан далолат беради. Аниқроқ айтганда, 2018 йилнинг биринчи чорагида судлар иш юритувида 2423 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалари мавжуд бўлиб, уларнинг 1253 таси кўриб чиқилган. Яъни, 612 таси рад этилган, 63 таси бўйича иш юритиш тугалланган. Қолган 1167 та ишларнинг аксарияти бўйича тарафларга ярашиб олишлари учун муҳлат берилган. Хусусан, даъвогар – Бағдод туманида яшовчи Азимжон Умиджонов фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – Зиёда Турсунова билан ўрталаридаги никоҳни бекор қилишни сўраган. Аммо иш судда кўрилгунга қадар эр-хотин ўзаро ярашиб, бирга яшай бошлашган. Пировардида А.Умиджонов суд мажлисида даъводан воз кечишини билдирган. Бинобарин, суд Фуқаролик процессуал кодексининг 100-моддасига асосан юқоридаги фуқаролик ишини иш юритишдан тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди. Бошқача айтганда, судларда никоҳ ва оилавий низолар билан боғлиқ ишларни кўришда асосий эътибор оилаларни сақлаб қолишга қаратилмоқда.
Шу ўринда қонунчиликка киритилган бир янгиликка эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак”, деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади. Биргина мисол, даъвогар – Фарғона шаҳрида яшовчи Нажмиддин Жумаев фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига мурожаат қилиб, 2011 йилда фуқаро Рисолатхон Жумаева билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганлигини, ўрталарида 1 нафар фарзанд борлигини, лекин ўзаро келишмовчилик туфайли 2014 йилдан буён бирга яшашмаётганини маълум қилиб, никоҳдан ажратишни сўраган. Бироқ Р.Жумаева оиласини тиклаш учун ҳаракат қилишини билдириб, даъвони рад этишни сўраган. Шунинг учун суд тарафларга ярашиб олиш учун 6 ой муҳлат бериш юзасидан ажрим чиқарди. Шу билан бирга, оилани тиклаш чораларини кўриш учун ажрим нусхаси тарафлар истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларига юборилди.
Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Бундан ташқари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам баъзан ажрим билан якун топади. Яъни айрим ота-оналар жиддий ўйламасдан, ўз орзу-ҳавасларини фарзандининг бахтидан устун қўйишмоқда. Аниқроғи, улар қизини эрта турмушга берадилар ёки яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишмоқда. Аммо набираларининг нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғли ёки қизининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмас бўлиб кетишларига замин яратаётганларини хаёлига ҳам келтиришмаяпти.
Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол. Баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, улардаги яраштирув комиссияларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси ...
01 янв 1970
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилин...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...