“Яшил” йўлак орқали тилла тақинчоқлар олиб киришга уринган илк қоидабузарлар фош қилинди

/
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди.
Янги тизимни жорий этишда энг аввало юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш кўзланган.
Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга кириб келаётган йўловчилар “яшил” йўлакдан фақат қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлмаган товарларни олиб ўтишлари мумкин. Яъни “яшил” йўлакдан ўтиш жисмоний шахснинг ёнида ортиқча товар-моддий бойликлари йўқлигини божхона органларига оғзаки декларациялаганини англатади.
Мақоламиз “қаҳрамон”лари амалдаги тартибларни яхши билишса-да, ўзлари учун жорий қилинган бу қулайликни ноқонуний даромад орттириш илинжида суиистеъмол қилишга уринишди. Яъни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “яшил” йўлак орқали тилла ва заргарлик буюмларини олиб ўтишга уринган илк қоидабузарлар тўхтатиб қолинди.
Истанбулдан учиб келган фуқаро Ф.Юлдашеванинг божхона чегараларини “яшил” йўлак орқали кесиб ўтаётиб, ўзини тутиши ва безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Қаранг-ки, Ф.Юлдашева аёллар сумкасидаги пардоз упаси қутиларига ва эгнидаги кийими чўнтакларига 263 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини яширгани фош бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати 67 миллион сўмдан ошади.
Айни шу рейс бўйича парвозини якунлаган фуқаро ў.Толибов ҳам “яшил” йўлак имкониятидан ғайриқонуний мақсадда фойдаланиб қолишга уринди. У белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 72 грамм оғирликдаги, тахминий қиймати салкам 16.5 миллион сўмни ташкил қиладиган тилла ва заргарлик буюмларини “қизил” йўлак қолиб, “яшил” йўлакдан олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
“Истанбул—Тошкент” рейсининг яна бир йўловчиси М.Мавлянова “қизил” йўлакдан божхона декларациясида кўрсатмасдан, қиймати салкам 24,5 миллион сўмни ташкил қилувчи 119 грамм тилла тақинчоқларни яширинча олиб киришига чек қўйилди.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, бир кишига умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
“Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати катта инспектори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....