Ҳаётимиз акс этган Асосий қонун

/
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 20 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишга кўра Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дастури тасдиқланди.
Хусусан, Дастурда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш, Бош қомусимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигига бағишланган почта маркасини чоп этиш каби тадбирларнинг назарда тутилганлиги бу йилги тадбир янада кўтаринки руҳда ўтишидан далолат беради. Дастурда кўзи ожизлар учун брайль алифбосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини нашр этиш алоҳида қайд этилганлиги диққатга сазовордир.
Дастурга мувофиқ, кенг аҳоли қатламига қулай ва тушунарли бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига илмий-амалий шарҳ тайёрланади ва нашр этилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Дастурда давлат идоралари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига Бош қомусимизнинг йигирма беш йиллигини муносиб нишонлаш хусусида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Эркин ва фаровон ҳаётимиз, буюк келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз ва ундаги нормаларни тарғиб қилиш борасида жорий йилнинг ўтган даврида Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда бир қатор ишлар қилинди.
Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини янада ошириш, ҳуқуқий ахборот билан тўлиқ таъминлаш ва ундан эркин фойдаланилишига шароит яратиш мақсадида амалий вазифалар бажарилди. Яъни аҳолининг ижтимоий фаол қатламлари — тадбиркорлар, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжига мувофиқ ва уларни қизиқтирган мавзулар бўйича вазирлик сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” рукнида эълон берилиши йўлга қўйилди.
Бош қомусимизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкамлиги, унинг халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишини аҳолига етказиш бўйича адлия органларида жами 1 272 та ҳуқуқий тадбир ташкил этилиб, уларга 43 минг аҳоли жалб этилди.
Айтиш жоизки, таълим муассасаларида Конституциямизни ўрганишни ташкил этиш йилдан-йилга такомиллашмоқда. Ҳуқуқий таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш масаласи адлия ходимларининг диққат марказида бўлмоқда. Ёшлар, айниқса, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида уч босқичли “Ҳуқуқ билимдонлари — 2017” танлови эълон қилинди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Сиз қонунни биласизми?” республика кўрик-танловининг 1-3-босқичлари якунланди, ушбу беллашувнинг республика босқичи декабрь ойида бўлиб ўтади. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилаётган “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танловининг якуний босқичи ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу танловларга ўқувчилар, талабаларнинг қизиқиши ортмоқда, бу эса ёшларимизда ҳуқуқий билимларни эгаллашга бўлган интилиш юқори эканини кўрсатади.
Конституцияни ўрганиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган тарғибот тадбирлари ҳам самарали бўлмоқда. Конституциявий давлат тузумининг туб мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида “Ўзбекистон Конституциявий давлат сари” китоби 10 минг нусхада чоп этилиб, барча маҳаллаларга етказиб берилди.
Муҳими, халқимизнинг манфаатлари, орзу-умидлари ёрқин акс этган Бош қомусимиз Ватанимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати эканини ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етаётганлиги қувонарлидир.
Анвар ҚОДИРОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...
01 янв 1970
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. ...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни &ldq...
01 янв 1970
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатт...