Олий таълим муассасалари нуфузи қачон халқаро даражага чиқади?

/
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 173-сонли қарорига мувофиқ хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга ошириладиган ҳолатлар кенгайтирилди. Ушбу муҳим имкониятлар хорижда олий таълим олиб қайтган юртдошларимизнинг ўз билим ва салоҳиятини соҳалар тараққиёти учун татбиқ этишига кенг йўл очди.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус таълим даргоҳлари битирувчиларининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини хорижий давлатларда нострификациялаш ҳолати ва тартиблари ҳақидаги маълумотлар ҳам газетхонларимизни қизиқтиради, деган фикрдамиз. Ўйлаймизки, вазирлик тизимидаги қайси ўқув юртини тамомлаган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари хорижий давлатларда нострификацияланиши, мамлакатдаги олий таълим даргоҳларининг халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингидаги рўйхатларига кириши шу ўқув даргоҳининг нуфузи ортаётганини, таълим сифати халқаро талабларга жавоб бераётганини ифодалайди. Шуни назарда тутиб, Ўзбекистан Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бир неча саволлар билан мурожаат этган эдик, вазирлик томонидан ушбу хатимиз тааллуқлилигига кўра Давлат тест марказига юборилганлиги маълум қилинди. Қуйида биз берган саволлар ҳамда Давлат тест марказидан келган жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Саволлар
1. Фикримизча, ҳар бир мамлакатдаги таълим тизимига масъул муассаса ва ташкилотлар ўз таркибидаги ўқув даргоҳлари томонидан бериладиган таълим ҳужжатлари хорижий мамлакатларда нострификацияланишига ижобий ҳол, деб қарайди. Шу боис улар бу борада аниқ таҳлиллар олиб боришади. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари ва экспертлари ҳам ана шундай таҳлиллар ўтказишадими? Агар шундай бўлса, бу борадаги ўрганишлар натижаси қандай?
2. Айни пайтда республикамиздаги таълим даргоҳларининг дипломлари қайси давлатларда нострификацияланган, уларнинг умумий сони ва давлатларнинг номларини тўлиқ келтирсангиз. Иложи бўлса, кейинги икки-уч йилликни қиёсий таҳлил қилган ҳолда изоҳлаб берсангиз?
3. Битирувчиларнинг таълим ҳужжатларини хорижий давлатларда нострификациялаш борасида мамлакатимиз вилоятларидаги олий таълим даргоҳларини тамомлаган мутахассисларга талаб қай даражада бўлмоқда?
4. Халқаро тан олинган ташкилотларнинг (ARWU — The Academic Ranking of World Universities, THE —Times Higher Education, QS — Quacquarelli Symonds) олий таълим муассасалари рейтингидаги рўйхатларига кириш учун олий ўқув юртида таълим сифати халқаро талабларга жавоб бериши зарур. Вазирлик таркибида ана шундай нуфузли таълим даргоҳлари сонини кўпайтириш мақсадида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Шу билан бирга, бу борада ечимини кутаётган қандай муаммолар борлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
“Сизнинг 2017 йил 7 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига йўллаган 86-сонли хатингизга ҳамда вазирликнинг 2017 йил 8 июлдаги 84-04-983-сонли хатинииг тааллуқли қисмига жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Газета таҳририяти томонидан юборилган саволлар бўйича Давлат тест марказининг мутахассислари томонидан қуйидаги мазмундаги жавоблар тайёрланди ва Сизнинг эътиборингизга юборилмоқда.
1. Ҳар бир мамлакат ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасидаги сиёсатини ташкил этади. Шунингдек, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос таълим тизими, таълим соҳасига оид қонунчилиги мавжуд бўлиб, шундан келиб чиққан ҳолда таълим хизматлари кўрсатилади. Хусусан, республикамизда ҳам ўзига хос таълим тизими шаклланган бўлиб, унга кўра давлат стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари, таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасалар, таълим соҳасидаги бошқарув органларини ўз ичига олади ҳамда мазкур тизим ягона ва узлуксиздир.
Дунёнинг бугунги глобаллашуви шароитида таълим олиш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Жумладан, республикамиздаги таълим муассасалари томонидан берилган таълим ҳужжатлари билан хорижий давлатларга бориб таълимнинг кейинги босқичини давом эттиришда ёки меҳнат фаолиятини олиб боришда ўша мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги асосида таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш жараёни амалга оширилади. Яъни ҳар бир мамлакат хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялашда ўз миллий қонунчилигидан келиб чиқади. Бу жараён турли мамлакатларда турлича амалга оширилади.
Масалан, республикамизда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) деганда ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши тушунилади.
Умуман олганда, таълим ҳужжатларини нострификациялашдан мақсад хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг мамлакатдаги таълим муассасалари томонидан берилган ҳужжатга эквивалент бўла олишлигини белгилашдан иборат. Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир мамлакатнинг таълим тизими, энг аввало, ўша мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқади ва мамлакатда тайёрланаётган кадрларнинг хорижий давлатларга чиқиб кетишидан манфаатдор эмас. Шу сабабли республикамиздаги таълим соҳасидаги ваколатли идоралар ҳисобланган Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ваколат вазифаларига мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг таълим ҳужжатларини хорижий давлатларда нострификацияланиши ҳолатини тизимли ва мақсадли равишда ўрганиш ва таҳлил этиш киритилмаган.
2. Юқорида таъкидланганидек, таълим соҳасидаги ваколатли идораларда республикамиздаги таълим муассасалари томонидан берилган таълим ҳужжатларини хорижий давлатларда нострификациядан ўтказиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар (нострификацияланган таълим ҳужжатлари сони давлатлар кесимида) мавжуд эмаслигини маълум қиламиз.
3. Республикамиздаги таълим соҳасидаги ваколатли идоралар ҳисобланган Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ваколат вазифаларига мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг таълим ҳужжатлари хорижий давлатларда нострификацияланиши ҳолатини тизимли ва мақсадли равишда ўрганиш ва таҳлил этиш киритилмаганлиги сабабли, республикамиз вилоятлари кесимида ва таълим муассасалари кесимида таълим ҳужжатлари хорижий давлатларда нострификацияланганлиги тўғрисидаги маълумотлар таҳлили мавжуд эмас.
4. Мазкур саволга жавоб бериш бевосита Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ваколатлари доирасида бўлса-да, Давлат тест маркази ҳам ўзининг айрим мулоҳазаларини билдиради. Хусусан, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш ва таълим сифатини ошириш мақсадида мамлакатимиз Президентининг ва ҳукуматнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги “Республика олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 371-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 августдаги “Республика олий таълим муассасаларининг рейтингини баҳолаш бўйича ишчи комиссияни тузиш тўғрисида”ги Р-4116-сонли фармойиши қабул қилинган ва мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан ҳар календарь йили якунида олий таълим муассасаларининг рейтинги аниқланмоқда ва таҳлилий баҳоланмоқда.
Шунингдек, республикамиздаги олий таълим муассасалари нуфузини янада ошириш, таълим сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Юқоридаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросидан кўзланган асосий мақсад республикамиздаги олий таълим муассасалари нуфузини халқаро даражага олиб чиқиш, тайёрланаётган кадрлар сифати халқаро талаблар даражасида бўлишини таъминлаш ҳамда халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингининг биринчи 1000 талик, биринчи 500 талик рўйхатларига мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг киришини таъминлашдан иборат.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 173-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан амалдаги Низомнинг 7-бандига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, яъни хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:
... халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.
Шунингдек, Низомда белгиланганидек, халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган олий таълим муассасалари рўйхатини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест маркази қўшма қарор билан тасдиқлаши белгиланган.
Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз ёшларини хорижий давлатларнинг илғор ва дунёда тан олинган таълим муассасаларида билим олишларини рағбатлантириш учун халқаро тан олинган ташкилотларнинг (ARWU—The Academic Ranking of World Universities, THE—Times Higher Education, QS—Quacquarelli Symonds) олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига кирган олий таълим муассасалари таркиби Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест марказининг 2017 йил 12 апрелдаги қўшма қарори (22-Қ/Қ ва 12-Қ/Қ) билан тасдиқланди ҳамда рўйхат 14 апрель куни Давлат тест марказининг dtm.uz расмий вебсайтининг “янгиликлар” саҳифасига жойлаштирилган.
Ф.МИРЗАЕВ,
директор ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар....
01 янв 1970
Ҳар биримиз дастурхонимиз тўкин бўлиши, фарзандларимиз бекаму кўст вояга етиши, билимли ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятларни яратишг...
01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....